15.05.2024 18:00

Рожи Гароди - Исломни қабул қилган Франциялик сиёсатчи

Рожи Гароди 1913 йил 17 июлда Марселда туғилган. Ота-онаси эътиқодсиз бўлса-да, Рожи ўн тўрт ёшида "ўз ҳаёти мазмунли бўлишини истагани учун" насронийликни қабул қилди. Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган қаҳрамонликлари эвазига миннатдорлик медали билан тақдирланган. У казармада Франция ҳукуматининг Гитлер билан келишувига норозилик билдирувчи варақалар тайёрлагани боис Франциянинг Жазоир мустамлакасидаги сургун лагерига жўнатилган. У ўттиз уч ой қамоқ ва лагер ҳаётида яшади. Лагер мудирининг буйруғига бўйсунмагани учун уни отиб ташламоқчи бўлишганида, ибозийя тариқатидан бўлган мусулмон аскарларининг “Бизнинг эътиқодимизга кўра, қуролсиз одамни отиб бўлмайди”, деган эътирози туфайли қутулиб қолади. У файласуф Гастон Бачелард қўл остида диссертация тайёрлаган ва Сорбонна университети ва Москва Фанлар академиясида фалсафа доктори илмий даражасини олган. У фалсафа ва эстетика профессори бўлди. Немис, инглиз, рус тилларини, исломни қабул қилгандан кейин эса араб тилларини пухта ўрганди. У ўн олти йил парламентда депутат, сенатор ва парламент спикери ўринбосари лавозимларида ишлаган. У дунёнинг етакчи сиёсатчилари, санъати, адабиёти, олимлари, зиёлилари билан дўстлашди.

Гароди умрининг охиригача инсониятга фойда келтирадиган тизимлар, усуллар ва амалиётларни топиш ва эълон қилиш илинжида дунё бўйлаб саёҳат қилди. Охир оқибат, у исломни ўзининг идеалига энг мос келадиган дин деб билди ва 1982 йил 2 июлда Женевада мусулмон бўлди. Умра қилди. У Фаластин даъвосини қўллаб-қувватлагани ва китобларида Исроил зулмини ифодалагани учун Ғарб матбуоти ва нашрлари томонидан қораланди; Шундай қилиб, унинг учун йирик китоб дўконлари ва нашриёт компанияларининг эшиклари ёпилди. Ҳатто турк тилига ҳам таржима қилинган “Исроил афсоналари ва террори” номли китоби учун жазоланган. У 2012 йил 13 июнда Парижда вафот этди. Ғарб оммавий ахборот воситалари Гародининг ўлими ҳақидаги хабарни қуйидаги сарлавҳа билан тарқатди: "Собиқ коммунист ва геноцидни инкор этувчи (инкорчи) Гароди вафот этди". Бироқ, Гароди ҳеч қачон яҳудийларнинг қирғинини инкор этмаган, аксинча, ўзининг "Исроил афсоналари ва террори", "Сионизм файли", "Фаластин", "Илоҳий хабарлар юрти" ва "Менинг гувоҳларим" каби китоблари ва конференцияларида ҳатто битта яҳудийнинг ноҳақ ўлдирилиши инсониятга қарши жиноят экани ва уни содир этган шахс қотил деб ҳисобланиши кераклигини айтган эди. Бироқ, Гародининг сўзларига кўра, яҳудийлар ўлдирилган Иккинчи жаҳон урушида 60 миллион киши ҳалок бўлган. Булар жаҳон урушида фақат яҳудийлар ўлдирилгандек тарғибот олиб бормоқдалар, гарчи ўшанда циганлар ва улардан уч-беш баравар кўп славянлар ҳам ўлдирилган бўлса-да, улар фақат яҳудий қирғини ҳақида фильмлар суратга олишмоқда, романлар ёзишмоқда, музейлар ташкил қилмоқда ва шу тариқа мияларни тинимсиз ювишмоқда.

Сиёсат

Самовий қадриятлардан йироқ сиёсатни “лой сиёсати” деб таърифлаган Гароди бу ҳақиқатни парламент ҳаётида билиб олди: Ҳукумат учун сиёсат мия ювиш воситаси. У ўз тажрибаларига асосланиб, сиёсатни минглаб йиллар давомида инсоният тинчлиги ва бахт-саодати учун восита сифатида кўриш кераклигини таъкидлади. У ўзининг умумбашарий жиҳати билан мувофиқ сиёсатни фақат табиат, ўзга одамлар ва Худо билан инсоний муносабатлар ўрнатиш орқали яратиш мумкинлигини, бунинг намуналарини турли дин ва ҳикматлардан ўрганиш кераклигини урғулаган.

Ғарбни танқид қилиш

Гароди фикрича, Ғарб Уйғониш давридан бошлаб аста-секин Худога бўлган эътиқоддан узоқлашди, Худодан воз кечиб, одамларни марказга олиб келди, унинг файласуфлари Худо ўлганлигини таъкидлаб, позитивизм ва илм-фан ҳар бир муаммога жавоби бера олишига ишонди ва шу тариқа пул ва кучни янги бутларга айлантирди. Фойдалидан кўпроқ фойдасиз ва ҳатто зарарли талай нарсаларни ишлаб чиқарадиган Ғарб кейинчалик уларни доимий истеъмол қилишга асосланган иқтисодий тизимни ўрнатди. Гароди истеъмол зеҳниятини тубдан ўзгартирган бу иқтисодиётни "бозор монотеизми" деб атади; Унинг таъкидлашича, Ғарб дунё давлатларини худди шу йўналишга йўналтириб, сайёрамизни ўз жонига қасд қилишга ундамоқда. Унинг фикрича, Ғарб менталитети тафаккури келтириб чиқарган яна бир муҳим муаммо атроф-муҳит билан боғлиқ. Атроф-муҳитдан, атом энергиясидан нотўғри фойдаланиш, ер усти ва ер ости бойликларини исроф қилиш “авлодларни ўз ҳуқуқларидан маҳрум айлаш” демакдир. У ўзининг "Тирикликка хитоб" номли катта китобида муқобил энергия манбалари ҳақида таклифлар беради ва дунёда, асосан, Ғарб дунёсида исрофгарчиликнинг олдини олиш учун ечим топишни талаб қилади. У Ғарбнинг қандай менталитетга эга эканлигини ва бу менталитетни нима учун рад этиш кераклигини қисқача қуйидагича баён қилади:

Худо инкор этилган иқтисодиётнинг шафқатсиз усуллари ва амалиётларини қабул қилиш имконсиз. Ғарб услубидаги бошқарув, миллатчилик ва Худони ўз ичига олмаган блок сиёсати инсониятга тинчлик олиб келолмайди. Унда Худо йўқ, “Қаердан келдик, қаёққа кетяпмиз?” каби саволларни жавобсиз қолдирадиган, ҳокимиятга эга бўлишдан бошқа мақсадни тан олмайдиган, илм-фанни эмас, сайнтизмни ўзлаштирган дунёқараш (парадигма) инсониятга бахт келтира олмайди. Дарҳақиқат, Ғарб типидаги индивидуалистик жамиятларнинг ҳаракатлантирувчи кучи бозор иқтисодиёти бўлиб, бу тузумда кучлилар ожизларни эзғилайди, мактаб ва университетлар бозорга айлангани учун камбағаллар ичидаги истеъдодли номзодларга ўрин қолмайди, шунинг учун ҳам камбағаллар тарбиявий қирғинга дучор бўлишади. Ўша ноҳақ ғилдирак дунёни эзади. Зеро, ривожланган давлатлар сайёрамиздаги бойликнинг 80 фоизини назорат қилади ва бу бойликдан дунё аҳолисининг атиги 20 фоизигина фойдаланади.

Гароди, шунингдек, Ғарбни ўзини дунёнинг маркази деб билганлиги ва ундан ташқаридагиларни ваҳшийлар янглиғ кўрсатаётгани учун қаттиқ танқид қилган ва ўзининг бир талай асарларида Ғарбнинг бундай такаббурлиги ва ўзига маҳлиёлик кайфиятини йўқ қилишга уринган.

Ғарб фалсафаси

 Гароди фикрича, Ғарб фалсафасининг энг катта нуқсони унинг борлиқ фалсафаси билан шуғулланишидадир. Ҳолбуки, инсоният учун зарур бўлган фалсафий мулоҳазалар назарияга эмас, ҳаракатга асосланган фалсафа бўлиб, ҳаракатнинг муҳимлигини таъкидлайди.  Гароди мусулмон бўлгандан сўнг, Қуръондаги У зот ҳар куни иш амалдадир (Раҳмон, 29) оятини кўриб, барча асарларида инсонлар учун энг муҳим нарса “ҳаракат” бўлиши кераклигини таъкидлаган. Гародининг фикрича, Ғарб фалсафасининг яна бир камчилиги унинг фитратдан узоқлашиш, илоҳий Олийликни инкор этиши ва ўзини ўзи таъминлашга уринишидир. Унинг фикрича, Декарт Ғарб кишисига табиатнинг эгаси ва хўжайини бўлишни маслаҳат берган. Суқротнинг «даймон»идан Платоннинг «эзгулик ғояси», Аристотелнинг «ҳаракатсиз ҳаракатлантирувчи»сидан Декартнинг «онтологик исботи»гача ривожланган Ғарб фалсафасида Худо ҳаёт манбаи эмас. Гароди ғайбни рад этувчи, ўзини Худодан мустақил деб биладиган, ваҳийни қабул қилмайдиган ва фақат ақл билан қаноатланадиган фалсафа одамларни нажот сари етаклай олмайди, деган фикрга келди. Рожи Гароди кўплаб таниқли шахслар билан интеллектуал ва фалсафий мавзуларда муваффақиятли мунозаралар олиб борган.

Улар эшитадилар

 Гароди Қадимги Миср ва Қадимги Америка ҳинду динларидан тортиб зардуштийлик, даосизм, конфуцийлик, ҳиндуизм, буддизм, иудаизм, насронийлик ва ислом динигача бўлган барча динларни ўрганган ва бу динларнинг муқаддас ёки асосий китобларини чуқур тадқиқ этган. Тирикликка чақирув, Инсониятнинг цивилизация достони, Динлар уруши сари? номли асарларида бу билимлар яққол кўринади. Гароди мусулмон бўлишидан олдин инсониятга бўлган ҳурмати туфайли инсоният динларига жиддий аҳамият қаратган. Мусулмонликни қабул қилганидан кейин Гароди Қуръондаги “Биз ҳар бир пайғамбарни (ҳукмларимизни) баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз.” (Иброҳим, 4) ояти устида фикр қилди.

У маданиятлар фақат бир-бирини озиқлантирган ҳолда ривожланиши мумкинлигини, қадимги юнон цивилизацияси ғарбликлар даъво қилганидек Европадан эмас, балки Месопотамия, Миср ва Анадолудан келиб чиққанлигини исботлаб берди. Гароди фикрича, бугунги кунгача сақланиб қолган цивилизациялар ичида фақат замонавий Ғарб цивилизацияси дунёда ҳукмронлик қилган, ғайб ва илоҳий ўлчовдан узилган ва Уйғониш давридан бери ривожланиб, бу ҳукмронлик билан инсониятни ўз жонига қасд қилишга олиб келди. Унинг фикрича, Ғарб ва у билан бирга бутун дунё бу даҳшатли офатдан халос бўлиши учун исломдан баҳраманд бўлиши, инсон ва дунё, инсон ва табиат, инсон ва Худо ўртасида янги уйғун муносабатлар ўрнатилиши зарур.

 Гароди ва Ислом

1981 йилда нашр этилган "Ислом ваъдалари ва “Келажагимиз ислом билан" номли асарларидан сўнг 1982 йилда исломни қабул қилган Гароди ислом инсониятни Худо, инсон ва табиат билан бирлаштиради ва шу тариқа дунёда ҳукмронлик қилаётган Ғарб цивилизациясини ислоҳ қилиб, дунё ва дунёмизни ўз жонига қасд қилишдан қутқаради деб ҳисоблайди. У ўзининг кўплаб китобларида, хусусан, “Масжидлар”, “Ислом кўзгуси”, “Ислом ва инсоният келажаги” каби китобларида Ислом динидаги намоз, рўза, ҳаж ва қурбонликнинг инсонни бир-бирига яқинлаштиришда ниҳоятда муҳим эканлигини таъсирчан услубда ифода этган. У бу ибодатларни мусулмонлар руҳан етарлича англамагани ва улар руҳсиз расмиятчилик билан ниқобланганидан шикоят қилади. У ўзининг “Ғарбдаги Ислом”, “Маънавият пойтахти Қуртуба” ва “Инсоният цивилизацияси достони” номли ва бошқа кўплаб асарларида мусулмонларни Қуръонни теран кўз ва тийрак тафаккур билан ўқишга чорлайди, шунчаки, кўр-кўрона ўқиб қўйишни қоралайди. У Қуръон ва Суннатни бугунги шароитда ва бугунги саволларга жавоб берадиган нуқтаи назардан кўриб чиқиш кераклигини таъкидлайди. Унинг айтишича, ислом дини огоҳлик билан татбиқ этилган ва баҳоланган даврларда мусулмонлар Атлантика океанидан Ҳиндистон ва Хитойгача ёйилиб кетган, Испания эса жуда оз куч билан осонлик ила забт этилган, чунки ўшанда одамлар том маънода исломий адолатга интилиб яшаганлар. Мусулмонлар тафаккурни тарк қилган, қадимгилар айтган гапларни такрорлай бошлаганида, ижтиҳод эшиги ёпилиб, ислом олами аввал турғун бўлиб қолди, кейин эса қулади, деб таъкидлайди у. Гародининг сўзларига кўра, шариат биз лойқа сув олишимиз мумкин бўлган турғун ҳовуз эмас, чунки бунда биз чанқоғимизни қондиришдан кўра ўзимизни алдаган бўламиз. Шариат – шарқираб, мавжланиб оқадиган, қирғоқларида барака ёғилиб турадиган гўзал дарёдир.

 Гароди, айниқса, Ислом ва инсоният келажаги номли китобида тасаввуф ҳақидаги фикрларини билдиради; У сўфийликни эътиқоднинг ўлчови, исломнинг ички жиҳати деб билади. У тасаввуф насроний сўфийлик ва ҳинд фалсафасидан келиб чиқмаганини, балки тўғридан-тўғри Қуръондан сув ичганлигини қатъий таъкидлайди. Хоссатан, Робия ал-Адавийя, Мавлоно Жалолиддин Румий, Муҳйиддин Ибн Арабий ва Фаридуддин Атторга ҳайратини билдиради. Христиан оламининг буюк сўфийлари мусулмон мутасаввифларидан чуқур таъсирланганлигини очиб беради.

Фаолияти

Гародининг олтмишдан ортиқ асари бор, аммо унинг олтмиш-етмиш саҳифали нашрлари ҳисобга олинса, бу рақам саксондан ошади. Гароди ҳақида йирик асар ёзган Празан ва Минарднинг ёзишича, мутафаккирнинг асарлари сони саксонта. Шунингдек, унинг юзлаб мақолалари, фонди, ҳозирда ёпилган иккита институти (улардан бири 1974 йилда у асос солган Халқаро цивилизациялар мулоқоти институти), иккита университет (Куба университети, Сенегалдаги Гор оролида ташкил этилган Биржа университети) ва у юргизган Африка маданияти бўйича бир қатор институтлар. Ундан бадиий фильм (Қора Дионис), Испания давлат каналида кўрсатиладиган ислом санъати ҳақидаги телесериал ва юзлаб маърузалар қолган. У ҳақида ўттиздан ортиқ асарлар ёзилган.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.