27.12.2024 11:20
474
"Жумага чиққан ўқувчиларнинг ота-оналарига ҳам чора кўрилади". Қаёққа қараб кетяпмиз?
Куни кеча, 26 декабрь куни Фарғона вилоятидаги умумтаълим муассасалари раҳбарларига юборилган "топшириқ"да мактаб ўқувчиларининг жума намозига чиқиши "жиддий масала"га айлангани, масжидга чиққан ўқувчиларнинг ота-оналари ва ўқитувчиларига чора кўрилиши қайд этилган. Мактабларнинг ижтимоий тармоқдаги гуруҳларига директор ўринбосарлари томонидан қуйидаги мазмундаги "огоҳлантириш хат"и юборилган:
"Ҳурматли синф раҳбарлари, ҳозир миллий гвардия ва хавфсизлик ходимлари йиғилиш ўтказди. Эртага масжидлардаги жума намози текширилади.
Қайси ўқувчи намоз пайтида видеога тушиб қолса, унинг ота-онасига, ушбу воқеа дарс пайтида содир бўлса, фан ўқитувчисига чора кўрилади. "Синф соати"да ўқувчиларингизни огоҳлантириб қўйинг! Ушбу масала ўта жиддий: эҳтиёт бўлишсин!
Бу хабарни синф гуруҳлари орқали ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахсларга ҳам етказинг", дейилади постда.
Кўриниб турибдики, таълим даргоҳларида сифатли таълим бериш масаласи қолиб, ўқувчиларнинг рўмоли билан ўралашиб қолаётган ўқитувчиларга яна бир "вазифа" юкланган. Бу ҳам бўлса ўқувчиларнинг нафақат дарс пайтида, балки бўш вақтида ҳам масжидга боришига йўл қўймаслик.
Ўқувчилар учун бу каби қоидалар нима учун ишлаб чиқилаётгани эса ҳар доимгидек мавҳум. Гўёки, масжидга борган, бировнинг ҳақига хиёнат қилмасликни, одоб-ахлоқ ва яхшиликни ўрганган ўқувчилар келгусида мамлакат тараққиётига ҳисса қўшмайдигандек туюлмоқда... Аслида, коррупция ботқоғига ботиб бораётган, бунинг ортидан ҳар қишда аҳолини ўз пулига бўлса ҳам газ билан таъминлашни эплолмаётган амалдорлар бир пайтлари атеистик руҳда таълим олган ўқувчилар эмасмиди? Коррупционерларга ўз вақтида исломий руҳда, миллий қадриятларимизга мувофиқ тарбия берилганида, улар фақат ўз "жиғилдон"ларини эмас, халқ дардини ҳам ўйлайдиган мутахассислар бўлиб етишмасмиди? Юқоридан топшириқ бераётганлар ўзига бу каби саволларни бирор марта бўлса ҳам бериб кўрармикан?
Ўзбекистондаги мавжуд вазият 2017 йилдан кейин диндорларга берилган бироз эркинликнинг ҳам яна бўғилаётганидан дарак беради. Маълумотларни ўрганиб 2016 йилда "Озодлик"нинг Андижон шаҳридаги 30-умумий ўрта таълим мактабидаги ўқувчиларнинг ота-оналаридан ёзги таътил вақтида болаларини масжидга юбормаслик тўғрисида кафолат хатлари ёздириб олингани ҳақидаги хабарга кўзим тушди. Айни пайтда пайдо бўлаётган хабарлар мамлакатда эътиқод эркинлиги ҳолати яна ёмонлашаётганидан далолат беради.
Бугун ёшларнинг диний таълим олишини чеклаш, уларни ҳатто масжидларга ҳам боришини тақиқлаб, ўз қадриятларидан айро тарзда улғайтиришимиз эртага қандай оқибатларга олиб келишини ўйлаб кўришимиз керак.