17.01.2025 18:08
Ўзбекистонда «жума рейдлари» радикаллашувни камайтирадими ёки...?
Ғарб ҳар жиҳатдан Исломни, мусулмонларни таҳқирлашга ҳаракат қилади. «Қора жума» ҳам шунинг учун ўйлаб топилган термин, деб тушунадиганлар бор. Уларга бунчаликмасдиров, десангиз устингиздан «Нега унда Ғарб чегирмалар кунини бошқа кунга белгиламаган? Нега айнан «қора» сўзини қўшган? Дунёнинг кучли насроний ёки жуҳуд маркетологлари шу иборани ўйлаб топаётганда Ислом ва мусулмонлар учун жума қандай аҳамиятга эга кун эканини билмаган, дейсизми?» каби қатор саволларни ёғдириб ташлашади. Бу ҳиссиётларни албатта тўғри тушунамиз. Сабаб жума – ҳар бир мусулмон фарзанди учун ўзгача фараҳбахш кун ҳисобланади. Мусулмонлар ушбу айём куни ювиниб-тараниб, ўзи ёқтирган либосларини кийиб, мушк-анбарлар билан хушбўйланиб жамоат намозига, Роббисига сажда қилиш учун боради. Намоздан сўнг ота-оналари, қариндошлари ва яқин ақраболари ҳолидан хабар олади. Шу баҳона бироз сиқилган қалблар ҳам хушнудликка тўлади.
Аҳолисининг 96 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонда ҳам ҳукумат бизнингча ушбу айёмни ўзгача руҳда ўтказишга шароит яратиб бериши керак. Ҳолбуки, ушбу кун минглаб қорбоболар паради ўтказилган янги йилга қараганда бизнинг динимиз ва қадриятларимизга мувофиқдир.
Афсуски, Facebook ижтимоий тармоғидаги ўзбек сегменти фойдаланувчиларининг «Масжид эшиги ёнида туриб, Аллоҳнинг динига қарши курашишяпти. Намозхон ёшларни намоздан тўсишяпти», деган постини ўқиб, хурсандчилигимиз узоққа чўзилмайди. Мазкур фикрга муносабат билдирганлар эса, «дарс бўлмаса ҳам жума куни ўқувчилар мактаб қамоғида тутиб турилиши»ни илова қилишган.
Бир кузатувчимиз ҳам бизга худди шу мазмунда мурожаат юборганлар. Унда «Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги мактабларда жума намозига борувчи ўқувчилар рўйхат қилиниб, ота-онасидан мактабга келиб тушунтириш хати ёзиш талаб қилинмоқда», дейилади.
Бу гапларни ўқиб, бироз аввал «Тунги клуб» рекламаси учун қатор қизларни тескари тургизиб, кетига шапатилаётган ёшлар кўз ўнгимизга келади. Мана биз ёшларни қандай тарбиялаяпмиз? Улар келгусида хорижда қўлга тушган «тунги капалаклар»га, қўлбола ароқ ичиб ажалидан беш кун бурун ўлган муҳожирларга айланишса, мамлакатимиз учун қанчалик наф келтирган бўлишади. Ҳолбуки, ҳаром билан ҳалолнинг фарқига борадиган, намозхон ёшлар миллат келажаги эмасми? Биз ҳам очиқчасига бўлмаса-да, ҳақиқий маънода жума кунини «қора»га бўяб қўймаяпмизми?
Яна айнан шу куни «аҳолининг радикаллашуви»га қарши тадбирлар ташкил этилиши қанчалик ўринли?! Мисол учун, Хонабод шаҳрининг матбуот хизмати томонидан эълон қилинган хабарда қуйидаги маълумотларни ўқиймиз:
«Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари oила ва хотин қизлар бўлими бошлиғи Ў. Ҳамдамова Хонобод шаҳар аҳоли «Радикаллашуви» борасида, шаҳар oтин-ойилари, oқила аёллар ва маҳалла фаоллари билан шаҳарда аёлларнинг ноодатий ўранишлар ва уларни ҳар хил оқимларга қўшилмаслиги бўйича тарғибот ишлари олиб боришлари юзасидан йиғилиш ўтказилди. Шунингдек, Хонобод шаҳрида ҳар жума кунлари умумтаълим мактаблари ва ташкилотларида миллий либослар бўйича тадбирлар давом этмоқда».
Ушбу хабарда ҳам ишлатилган – «аҳоли радикаллашуви», «ноодатий ўраниш»лар каби сўзлар бизни ажаблантиради.
Биз радикаллашув атамасини нотўғри талқин қилмаяпмизми? Маълумотларга назар ташласак, радикаллашув – бу шахс ёки гуруҳнинг ижтимоий, сиёсий ёки диний тизимларга нисбатан кескин позиция ва ҳаракатларни қабул қилиши ва тарғиб қилиши жараёнидир. Бу жараён радикал ғояларга асосланган зўравонликка ёки экстремизмга олиб келиши мумкин.
Радикаллашув даражаси энг паст бўлган давлатлар, одатда, кучли ижтимоий барқарорликка, яхши таълим тизимига ва эркин фуқаролик жамиятига эга мамлакатлардир.
Скандинавия давлатлари, Швейцария, Канада ва Японияни худди шундай давлатлар сирасига киритишимиз мумкин.
Ушбу давлатларда радикаллашувни олдини олиш чоралари сифатида қуйидагилар белгиланган:
1. Таълим ва маърифат:
Радикал ғояларнинг тарқалишини олдини олиш учун таълим тизимида танқидий фикрлашни ривожлантиришга эътибор қаратилади. Ҳар хил маданият ва динлар ўрганилиб, бағрикенгликка урғу берилади.
2. Ижтимоий адолат:
Камбағаллик ва ижтимоий тенгсизлик радикаллашувнинг асосий сабабларидан бири. Бу давлатларда барқарор иқтисодий сиёсат, адолатли иш жойлари ва тенг имкониятлар таъминланади.
3. Қонун ва ҳуқуқ:
Қонунларнинг самарали ишлаши таъминланади.
4. Ахборот назорати:
Зўравонликка чақирувчи ва экстремистик ғояларни тарқатувчи ахборотга чекловлар қўйилади. Интернетда радикал контент тарқалишига қарши мониторинг ўтказилади.
5. Интеграция сиёсати:
Иммигрантлар ва миллатчиликка қарши сиёсат ишлаб чиқилган. Янги келганларни жамиятга самарали қўшиш, уларнинг ижтимоий адаптациясини таъминлашга эътибор берилади.
Бир сўз билан айтганда, радикаллашув даражаси паст бўлган давлатларда таълим, ижтимоий барқарорлик, эътиқод эркинлиги, инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига катта эътибор берилади. Улар зўравонликка қарши курашда комплекс ёндашувни қўллайдилар. Хўш бизда-чи? Аёлларнинг ҳижоб ўраши ёки ёшларни жума намозига чиқишига қарши курашиш орқали радикаллашувга қанчалик чек қўямиз? Аксинча, уларни ҳукуматга нисбатан нафратини кучайтириб, кимлардир учун осонгина ютиб юбориладиган ўлжага айлантирмаймизми? Бу каби саволларнинг жавобини масъулларимиз жиддий ўйлаб кўриши керак.