Таҳлил: Рақамли мустамлакачилик империализмнинг замонавий давомими?
Кениядаги 140 дан ортиқ собиқ Facebook модераторлари Мета Platforms Inc.ga қарши жиддий руҳий зарар ва адолатсиз меҳнат амалиётларидан шикоят қилиб, судга даъво киритишди. “Сама” ва “Мажорел” каби ташқи пудрат фирмалари орқали ишга олинган бу модераторларга қотиллик, қийноқ ва зўравонлик саҳналари каби шафқатсиз ва зўравон контентни кўриб чиқиш вазифаси юклатилган. Уларнинг иши Facebook фаолияти учун муҳим бўлиб, платформа хавфсизлиги ва обрўсини сақлаб қолиш учун зарарли контентни олиб ташлашни таъминларди.
Бироқ модераторлар даҳшатли меҳнат шароитлари, жумладан, паст иш ҳақи, етарли бўлмаган психологик ёрдам ва заҳарли иш жойидан шикоят қилишди. Вазифаларининг ҳиссий оғирлиги ҳақида бот-бот шикоят қилганларига қарамай, уларнинг азоб-уқубатларини енгиллаштириш учун деярли ҳеч қандай чора кўрилмаган. Модераторлар, шунингдек, кўпинча ўз тажрибалари ҳақида гапиришларига тўсқинлик қилувчи махфийлик битимларини имзолашга мажбур қилинганликларини таъкидлашмоқда.
Даъволарга кўра, модераторлар ташвиш ва депрессияни келтириб чиқарувчи контентга дучор бўлишган. Баъзи модераторлар қўрқинчли тушлар, онгини эгаллаб олгпн ҳар хил ўй-фикрлар ва ўз жонига қасд қилиш хаёлини тасвирлаб берган бўлса, бошқалари руҳий саломатлиги борасида хавотир билдирганларидан сўнг қисқа муддатда ишдан бўшатилганини айтишган. Бу иш технология компанияларининг ахлоқий масъулияти ва уларнинг кам даромадли мамлакатлардаги ташқи ишчи кучига таяниши борасида глобал мунозарани келтириб чиқарди.
Сўнгги йилларда Африкада рақамли мустамлакачилик муаммоси долзарб масалага айланди. Силикон водийсидаги технология гигантлари қитъа бўйлаб ўз фаолиятини кенгайтираётган бир пайтда, уларнинг иқтисодий ўсиш ва технологик тараққиёт ҳақидаги ваъдалари кўп ҳолларда қоронғироқ ҳақиқатни ўзида яшириб келган: эксплуатация, кузатув ва тизимли адолатсизлик. 140 дан ортиқ кениялик Facebook модераторларига шафқатсиз ва зўравон контентга доимий равишда дучор бўлганидан сўнг оғир ПТСД ташхиси (посттравматик стрессли бузилиш) қўйилгани бу тенгсизликни яққол кўрсатади. Ушбу ҳолат нафақат технология корпорацияларининг эксплуатация амалиётини фош этади, балки рақамли мустамлакачилик империализмнинг замонавий давоми ўлароқ қандай ишлашини ҳам очиб беради.
Рақамли мустамлакачилик
Кениялик модераторлар дуч келаётган адолатсизликлар алоҳида ҳодисалар эмас, балки каттароқ таркибий муаммонинг: рақамли мустамлакачиликнинг аломатларидир. Мета, Google ва Амазон каби технология гигантлари рақамли қамровни кенгайтириш ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ниқоби остида Африкада ўрнашиб олган. Бироқ уларнинг фаолияти Ғарб давлатлари мустамлака ҳудудлардан ресурслар, меҳнат кучи ва бойликларни қазиб олган ва ортида иқтисодий ҳамда ижтимоий вайронагарчиликни қолдирган анъанавий мустамлакачилик амалиётини акс эттиради.
Технология компаниялари Африканинг рақамли инфратузилмасида, жумладан, дастурий таъминот, маълумотларни сақлаш ва алоқа соҳасида ҳукмронлик қилмоқда. Улар нафақат коммуникация воситаларини, балки ахборот оқимини ҳам бошқармоқда, бу эса рақамли маконни амалда монополлаштиришга йўл очяпти.
Facebook каби платформалар фойдаланувчи маълумотларини пуллаштирмоқда, мақсадли реклама ва башоратли таҳлил орқали улкан фойда олмоқда. Бу жараёнда фойдаланувчиларнинг шахсий ҳаёти бузиляпти ва африкалик фойдаланувчилар эксплуатацион иқтисодий тизимда товарга айланиб қоляпти.
Кениялик контент модераторлари технология гигантлари Жанубий ярим шарда ишчи кучини қандай эксплуатация қилаётганининг ёрқин мисолидир. Ғарб мамлакатларидаги ҳамкасбларига нисбатан анча кам ҳақ оладиган бу модераторлар, етарли қўллаб-қувватлаш ёки эътибофсиз қолдирилган ҳолда, Facebook обрўсини сақлаш учун оғир психологик юк остида ишламоқда.
Онлайн рекламада Facebook ва Google каби платформаларнинг ҳукмронлиги маҳаллий оммавий ахборот воситаларини издан чиқармоқда, муҳим реклама даромадларини ўзига жалб қилмоқда ва мустақил журналистиканинг барқарорлигига путур етказмоқда. Худди шунингдек, Netflix каби оқимли хизматлар томошабинларни маҳаллий телевидение ва кино саноатидан узоқлаштириб, маданий суверенитетга зарар етказмоқда.
2024 йил ноябрь ойида Google ўзининг онлайн реклама монополиясининг Жанубий Африкадаги маҳаллий нашриётларнинг даромад оқимларига таъсирини юмшатиш учун 6 миллион долларлик фонд ажратди.
Бу эксплуатацион тизимлар қарамликни кучайтириб, қашшоқлик ва ҳуқуқсизлик даврини давом эттирмоқда, Африка мамлакатларини рақамли бойлик яратувчилари эмас, балки истеъмолчиларга айлантириб қўйяпти.
Исроил ва Фаластин масаласи
Агар глобал геосиёсат нуқтаи назаридан таҳлил қилсак, рақамли мустамлакачиликнинг адолатсизлиги янада яққолроқ кўринади. Силикон водийсининг технология гигантлари нейтрал иштирокчилар эмас. Улар Ғарб давлатлари, айниқса АҚШнинг сиёсий ва ҳарбий мақсадларига чуқур боғланган. Бу ҳол, айниқса, уларнинг Исроилнинг сунъий интеллектга асосланган кузатув тизимлари ва фаластинликларга қарши ҳарбий операцияларини қўллаб-қувватлашдаги ролида яққол намоён бўляпти.
АҚШ технология компаниялари Исроил армиясига масжидлар, таълим муассасалари ва бошқа муҳим фуқаролик объектлари каби фаластин инфратузилмасини кузатиш ва нишонга олиш имконини берувчи илғор сунъий интеллект тизимлари, башоратли таҳлил воситалари ва булутли ҳисоблаш инфратузилмасини етказиб бермоқда. Бу тизимлар нафақат ҳарбий операциялар учун, балки босиб олинган ҳудудларда норозиликни кузатиш ва бостириш учун ҳам қўлланилмоқда.
Facebook ва Instagram каби платформалар алгоритмик бостириш ва ноҳақ контент модерацияси орқали фаластинликларнинг овозини тизимли равишда ўчиришда айбланмоқда. Фаластинлик фаоллар ва журналистлар ҳисоблари тўхтатилгани ёки постлари сабаб кўрсатилмай олиб ташлангани ҳақида кўп хабар беришади. Шу билан бирга, фаластинликларга қарши нафрат ва зўравонликка ундовчи гаплар кенг тарқалган бўлиб, назоратдан четда қолмоқда.
Йирик технология компанияларининг Исроил ҳаракатларига шериклигини тасодифий эмас, балки стратегик деб баҳолаш керак. Бу компанияларнинг технологик устунлиги АҚШ геосиёсий манфаатларига хизмат қилади, бутун дунё бўйлаб рақамли инфратузилмалар устидан Ғарб назоратини кучайтиради ва Исроил каби иттифоқчиларни зулм ўтказувчи тузумларни сақлаб қолишда қўллаб-қувватлайди.
Жавобгарлик ва адолат талаб қилиш
Ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва глобал тартибга солувчи органлар рақамли мустамлакачиликка асос бўлган тизимли муаммоларни ҳал қилишлари лозим.
Кениялик контент модераторларининг эксплуатацияси ва технология компанияларининг геосиёсий адолатсизликдаги иштироки аниқ хулоса чиқаришга ундайди: йирик технология компаниялари жавобгарликка тортилиши лозим. Ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва глобал тартибга солувчи органлар рақамли мустамлакачиликка асос бўлган тизимли муаммоларни ҳал қилишлари зарур. Бирдамлик ҳаракатлари, фаоллар, журналистлар ва фуқаролик жамияти технологик монополияларнинг назоратсиз қудратига қарши курашиш учун чегаралараро ҳамкорлик қилишлари керак.
Африкаликлар хорижий технологик монополияларга қарамликни камайтириш учун ўзларининг рақамли инфратузилмаларини қуришга сармоя киритишлари лозим. Бундан ташқари, халқаро ҳисобдорлик механизмлари мавжуд эмас. Эксплуатация амалиёти ва инсон ҳуқуқлари бузилишида иштирок этган технологик компанияларни назорат қилиш ва жазолаш учун глобал асосларга шошилинч эҳтиёж мавжуд.
Кениялик Facebook модераторларининг аҳволи оддий меҳнат низосидан кўра жиддийроқ муаммо. Бу рақамли мустамлакачилик туфайли вужудга келган кенг кўламли адолатсизликларнинг кичик бир кўринишидир. Африка ишчи кучининг эксплуатацияси, маълумотларнинг монополлашуви ва технология гигантларининг геосиёсий зулмда иштирок этиши, инсон қадр-қимматидан кўра фойда ва ҳокимиятни устун қўядиган тизимни яққол намоён этади.
Рақамли мустамлакачиликка барҳам бериш учун биз глобал рақамли иқтисодиётни тенглик, шаффофлик ва адолат тамойиллари асосида қайта тасаввур қилишимиз лозим. Ҳақиқий инклюзив ва адолатли рақамли келажак қуришда кениялик модераторлар, фаластинлик фаоллар ва йирик технология компаниялари империализмидан азият чеккан бошқа кўплаб инсонларнинг овозини эшитиш ва уларнинг муаммоларини ҳал қилиш зарур.