14.06.2025 14:14
288
Таҳлил: Яқин Шарқда катта уруш шарпаси
Исроил Эроннинг ядровий ва ҳарбий объектларига авиазарбалар берди. Бир неча ҳарбий раҳбар ва атом соҳаси олимлари ўлдирилди. Исроилнинг террорчи Бош вазири Нетаньяхунинг айтишича, операция қанча кун керак бўлса, шунча давом этади. Али Хоманаий Исроилга жиддий жавоб беришни ваъда қилди. Операция икки томонлама қарама-қаршиликни жиддий равишда кучайтирди. Шу билан бирга, Теҳрон Исроил "қиммат нарх тўлаши"га қасам ичди, Вашингтон эса Эронни АҚШ манфаатлари ёки шахсий таркибига зарба беришдан огоҳлантирди.
Жума куни эрталаб Исроил Эроннинг ядро дастури ва баллистик ракеталар учириш жойларига бир қатор авиазарбалар берди. Бу Яқин Шарқда кенгроқ урушни келтириб чиқариши мумкин бўлган узоқ давом этган қарама-қаршиликнинг жиддий кучайишига олиб келди. Ўз навбатида Эрон ҳам Исроилга дрон ва баллистик ракеталар учириб, Исроилнинг “Темир гумбаз” ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг “афсонавий қалқон” ҳақидаги гап сўзларни чиппакка чиқарди. Чунки Эроннинг юзлаб ракета ва дронлари Тель-Авивнинг молиявий мавзеси, ЦАХАЛнинг қароргоҳи, Иқтисодиёт вазирлиги, Тел-Ноф авиабазаси, Хайфадаги ПВО жойлашган ҳудулгача етиб борди ва душманга кучли шикаст етказди. Демак, ҳарбий салоҳият нуқтаи назаридан, Эрон Исроилга зарба бериш имкониятига эга. Уларнинг қуроллари орасида узоқ масофага учувчи ракеталар, дронлар ва бошқа ҳужум воситалари мавжуд. Аммо Эрон берган зарбалар кўлами Исроил ҳужуми олдида ҳеч нарса эмас. Юксак ҳарбий технологияларга эга бўлган ва АҚШ, Буюк Британия каби қудратли давлатлардан мадад олиб келадиган Исроил билан 46 йилдан бери халқаро санкциялар соясида кун кўраётган, деярли статегик бомбардимончи ва қирувчи самолётлар парки бўлмаган Эрон ўртасидаги ҳарбий имкониятларни таққослаб бўлмайди. Исроил кучли мудофаа ва ҳужум қилиш қобилиятига эга. Уларнинг "Темир гумбаз" каби ракетага қарши мудофаа тизимлари ва кучли ҳарбий-ҳаво кучлари мавжуд. Биргина 200 дан зиёд самолётнинг Эрондаги ўнлаб, юзлаб ҳарбий нишонлар ва Эроннинг ядровий объектларга амалга оширган, 20 дан зиёд юқори мартабали қўмондонлар ва генералларнинг, шу жумладан ядровий соҳадаги олимларнинг ўлдирилиши, Исроил жосуслик хизматларининг Эрон ичкарисига дронларнинг олиб кира олгани унинг кучли қудратидан далолат беради. Агар Эрон ва Исроил ўртасида тўғридан-тўғри ҳарбий тўқнашув ойларга чўзиладиган бўлса, бу минтақа ва жаҳон учун жиддий оқибатларга олиб келиши, Исроилни ҳолдан тойдириб, бу мамлакатда чуқур сиёсий инқирозга сабаб бўлиши аниқ. Бу урушга бошқа давлатлар ҳам аралашиб кетиши эҳтимоли юқори. Шу сабабли, кўп давлатлар ва халқаро ташкилотлар бу каби кескинликни юмшатишга ва муаммоларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга ҳаракат қилмоқда.Аммо Исроил қисқа муддатда (зарбалар икки ҳафта давом этиши мумкинлиги айтиляпти) ўз мақсадларига эришса, бу Эронда “муллалар режими” инқироизининг бошланишига сабаб бўлиши мумкин.
Маҳаллий ва ижтимоий тармоқлар хабарларига кўра, портлашлар Теҳрон, Натанзда (Эроннинг асосий ядровий объектларидан бири жойлашган) ҳамда Қум марказидаги Фордо (асосий ядровий обект)ва бошқа шаҳарларда содир бўлган. Исроил армиясининг билдиришича, кечаси амалга оширилган ҳужумлар 100 дан ортиқ нишонни ўз ичига олган. Эрон давлат ОАВлари билдиришича, ҳалок бўлганлар орасида қуйидагилар бор: Ҳусайн Саломий – Исломий инқилоб қўриқчилари корпуси бош қўмондони. Ғуломали Рашид – "Хотамул-Анбиё" марказий қўмондонлиги раҳбари. Муҳаммад Боқирий – Эрон қуролли кучлари бош штаби раҳбари. Эрон исломий инқилоб қўриқчилари корпуси билан боғлиқ "Тасним" ахборот агентлиги маълум қилишича, ҳужумлар давомида 6 нафар ядровий олим ҳам ҳалок бўлган, улардан 5 нафари аниқланди: Фарейдун Аббосий – Эрон Атом энергияси ташкилотининг собиқ раҳбари. Муҳаммад Маҳдий Теҳрончи – Эрон ядровий қурол дастурида иштирок этган. Абдулҳамид Минучеҳр – Шаҳид Беҳиштий университетининг ядровий муҳандислик бўлими раҳбари. Аҳмад Ризо Зулфиқорий – ядровий муҳандислик профессори, Шаҳид Беҳиштий университети. Амирҳусайн Фақҳий – ядровий фанлар профессори, Шаҳид Беҳиштий университети. Бундан ташқари, Олий раҳбар Оятулло Али Хоманаийнинг катта маслаҳатчиси Али Шамхоний ҳам жиддий жароҳат олгани ҳақида хабар қилинмоқда.
Эронга қилинган ҳужум илгари кўрилмаган миқёсда бўлди. Бу сўнгги йилларда ҳамма қўрққан сценарий бўлди. Исроил ҳушёр тортди: Теҳроннинг реакцияси аввалги жавоб зарбаларидан фарқ қилиши мумкин. Бу ҳужум сўнгги йилларда душман давлатлар бир-бирига берган зарбалардан ошиб кетди. Ҳарбий базалардан ташқари, Исроил Эроннинг ядро объектларига ҳам ҳужум қилди. Худди 1981 йилда Ироқнинг Осирак реакторига зарба бергани ёки 2007 йилда Сурияда қурилаётган ядро объектига ҳаво ҳужуми уюштирган каби. 13 июнь куни Эроннинг ядро объектларига қилинган ҳужум билан ўнлаб йиллар давомида қўрққан сценарий амалга ошди.
Нега Исроил айнан ҳозир ҳужум қилди? Авиазарбалар бошланганидан кўп ўтмай, Исроил ҳукумати бош вазирнинг етти дақиқалик, жумладан, инглиз тилидаги мурожаатини эълон қилди. Исроил бошлаган операция "Қалқиган шер" деб номланди. Нетаньяху фикрича, операция "Исроилнинг мавжудлигига Эрон таҳдидини бартараф этиш"га қаратилган ва "қанча кун керак бўлса, шунча давом этади". Ҳукумат раҳбари Эроннинг атом бомбасини яратиш йўлидаги муваффақиятлари ҳақида тахмин қилиб, нацистлар билан таққослади: "Бугун яҳудий давлати ядровий холокост қурбонига айланишни рад этади". Нетаньяху Эроннинг баллистик ракеталари ҳам катта хавф туғдиришини айтиб, бевосита ўз иттифоқчиси АҚШга мурожаат қилди: "Тасаввур қилинг, Нью-Жерси каби давлатга 10 000 тонна тротил тушса. Бу даҳшатли таҳдид! Ва уни зарарсизлантириш керак". Аммо бу ҳужум ортида бошқа қатор сабаблар бор. Биринчидан, Нетаньяху каби жаллод ҳукмдорларга ҳокимиятни сақлаб қолиш учун Эрон билан бўлгани каби урушлар керак. Бугун коррупцияда айбланаётган Нетаньяху ҳолкимиятни тарк этиши биланоқ судга тортилиши муқаррар. Шунинг учун ҳам ХАМАС билан ўт очишни тўхтатишга кўнмаяпти. Қолаверса, ХАМАСнинг 20 ой олдин Исроил жанубига қилган амалиётидан сўнг, у ўта ўнг ва ультраортодокслар билан (иудаизмда диний қонунлар, анъаналар ва одатларга риоя қилишда энг консерватив ва изчил деб ҳисобланади) янги имтиёзлар эвазига ўз коалициясини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди. Шунга қарамай, шу ҳафта радикал диний арбоблар, агар ёш ультраортодоксларни ҳарбий хизматдан озод қилиш бўйича келишувга эришилмаса, ҳукуматдан чиқиб кетиш билан таҳдид қилишди. Бу Теҳрондаги режимни тинчлантириш ёки чалғитиш учун ўйин бўлиши мумкин эди. Одатда мамлакатдаги сиёсий воқеалардан яхши хабардор бўлган журналист Амит Сегал 12-каналда Нетаньяхунинг таътилга кетаётгани ҳақидаги эълони, шунингдек, душанба кунига режалаштирилган кичик ўғли Авнер Нетаньяхунинг тўйи ҳам эҳтимолий чалғитувчи ҳаракатлар бўлиши мумкин эди. Энди таътил ўрнига ҳужум бўлди.
Иккинчидан, мақсад фақат Эроннинг ядровий дастурларини йўқ қилиш эмас. Уни ҳарбий томондан кучсизлантириш, Яқин Шарқдаги кучсиз, минтақа ишларига аралаша олмайдиган давлатга айлантириш. Ёдингизда бўлса, бу йўлда Исроил Эроннинг проксилари ҳисобланган Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”, Ямандаги “Ансаруллоҳ” ҳаракатларини заифлаштирди. Сурияда Башар Асад ҳокимиятини ағдарилиши ҳам минтақада Эроннинг таъсирини сезиларли камайтирди, бу билан Суриядаги Эрон иштирокига батамом нуқта қўйилди. Энди эса Исроил Эроннинг ўзи билан ҳисоб-китоб қилишга киришди. Исроил ва АҚШнинг Эроннинг кучсизлантириш уринишлари ортида турган яна бир сабабга тўхталишимиз жоиз. У ҳам бўлса, Яқин Шарқда, Сурия, Туркия, Эрон ва Ироқ чегаралари туташган нуқтада, курдлар яшайдиган ҳудудларда Курдистон давлатини ташкил этиш ва бу тузилма орқали минтақада геросиёсий устунликни қўлга киритиш. Эроннинг ҳозирги режими кучсизланса, Эронда айирмачилик бошланиши, айниқса, Эрон-Покистон чегарасидаги Белужистон провинцияси ва курдлар мустақиллик учун кураш бошлаши эҳтимоли юқори. Сурия ҳудудидаги курд ҳарбий бўлиинмалари Исроил ҳарбий мутахассислари томонидан ҳарбий тайёргарликдан ўтаётгани ва Исроил ҳарбий мадад кўрсатаётгани бунинг исботидир. Исроил ҳужумлари Эроннинг транспорт-логистика тизимларига ҳам зарба беришни кўзда тутади. Бу халқаро транспорт коридорлари, айниқса, Россия ташаббуси билан амалга оширилаётган “Шимол-Жануб” лойиҳасини йўққа чиқариши мумкин. Бундан ташқари, ушбу ҳужумлар ортида Россия, Хитой ва Эрон яқинлашувини барбод қилиш нияти ҳам йўқ эмас. Зеро, АҚШ президенти бир неча бор бу учлик иттифоқига йўл қўймаслигини таъкидлаган. Ҳозирги вазиятнинг Россияга ҳам ижобий, ҳам салбий жиҳатлари бор. Россия сиёсий жиҳатдан қийин вазиятга тушиб қолди, чунки Теҳрон билан стратегик ҳамкор, уни ҳеч бўлмаса, дипломатик томондан қўллаб-қувватлаши керак. Шундай бўлди ҳам. Президент Путин Исроил бош вазири билан суҳбатда Исроил агрессиясини очиқчасига қоралади. Аммо айни пайтда Исроил билан яхши алоқаларни сақлаб турибди. Россия ТИВ Эронга ҳужумни асоссиз ва ўз вақтида эмас деб атади ва Исроилнинг ҳаракатлари ядровий келишув бўйича кўп томонлама дипломатик саъй-ҳаракатларга путур етказганини айтди. Бошқа томондан Россиянинг Эронда иқтисодий манфаатлари бор. Россия Эроннинг газ лойиҳаларига 8 миллиард доллар инвестиция киритмоқда. Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатларига Эрон орқали газ етказиб бериш ҳажми Европа бозорининг йўқотилишини қоплашга ёрдам беради. Яқин Шарқдаги можаро АҚШни Украинадан юз ўгириб, Исроилни қўллаб-қувватлашга эътибор қаратишга мажбур қилади. Вашингтон аллақачон можарога аралашган, чунки у Тель-Авивга нафақат Америка қуроллари билан, балки разведка маълумотлари билан ҳам ёрдам бермоқда. Ҳатто Украинага мўлжалланган “Пэтриот” ПВО тизимлари Исроилга бериб юборилди. Бу билан Россиянинг Украинадаги операциялари Москва учун ижобий якун топиши мумкин. Шу билан бирга, Россия иқтисодиёти хом нефть нархининг ошишидан фойда кўради. Исроилнинг Эрондаги ядровий объектларга зарбалари фонида Brent маркали нефть нархи 13% га ошиб, бир баррели 78 долларга етди, бу 2022 йил март ойидан бери кун давомидаги энг катта сакраш бўлди. Россиянинг ички бозори ҳам нефть нархининг ошиши ва ёқилғи компаниялари акцияларининг ўсиши фонида ўса бошлади. Агар Эрон хом нефть ва суюлтирилган табиий газ транспортининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлган Ҳурмуз бўғозини тўсиб қўйишга қарор қилса, ёқилғи нархларининг ўсиш тенденцияси сақланиб қолади. Аммо ОПЕКнинг нефть қазиб олишни кўпайтириш сиёсатини ҳисобга олсак, у узоқ давом этмайди. Яқин Шарқда можаронинг кучайиши фонида "хавфсиз активлар", хусусан, олтин нархлари ҳам ошди. Бу сўнгги йилларда олтин захирасини кўпайтириб келаётган Россия учун ҳам ёрдам бўлиши мумкин. Аммо бу кичик ютуқ Яқин Шарқда беқарорликнинг сақланиб қолиши ва вазиятнинг ядровий можарогача кескинлашиш хавфини келтириб чиқаради.
Бир неча кун олдин Атом энергияси бўйича халқаро агентликнинг (МАГАТЭ) ҳисоботи хавотирни уйғотди. Веналик экспертлар сўнгги ҳафталарда Эрон қуролларда ишлатиш учун яроқли бўлган уран ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширганини ёзишди. Ҳисоботга кўра, Теҳрон ихтиёрида тозалиги 60% бўлган қарийб 409 килограмм уран мавжуд. Икки ҳафта ичида уран қуролларда ишлатиш учун яроқли бўлган 90% гача бойитилиши мумкин. Экспертларнинг хавотирланишича, ҳақиқий бомба ясаш учун бир неча ой, кўпи билан бир йил керак бўлади. Жума куни эрталаб Исроил қуролли кучлари вакили шундай деди: "Режим бир неча кун ичида 15 та бомба ясаш учун етарли миқдорда юқори бойитилган ядровий материалга эга". Ўз навбатида, Нетаньяху нутқида "тўққизта бомба ясаш учун етарли миқдорда бойитилган уран" ҳақида гапирди. Бундан ташқари, Эрон баллистик ракеталар ишлаб чиқаришни сезиларли даражада оширди ва ҳарбий вакилнинг сўзларига кўра, мамлакатда "юзлаб ёки минглаб ракеталар" мавжуд. Хитойлик савдогар Ли Фанвэй Эрон ракета дастурининг асосий ёрдамчиларидан бири эди. Давлат департаменти маълумотларига кўра, Ли Фанвэй сохта компанияларнинг кенг тармоғини яратган, у орқали Эронга баллистик ракеталар яратиш учун компонентларни сотган, бу 2023 йилда SPIEGEL тадқиқотида кўрсатилган.
АҚШ иштирок этдими? Кўплаб сиё1сатшуносларнинг фикрича, АҚШ бу ҳужумлардан бехабар бўлган. Бордию АҚШ президенти Дональд Трампга хабар берилган бўлса ҳам, у кейинчалик айтганидек, ҳужумдан олдин буни билдирмади: "Биз ҳали ҳам Эрон ядровий масаласини дипломатик йўл билан ҳал қилишга содиқмиз! – деб ёзди Трамп Исроилнинг ҳужумидан тахминан тўрт соат олдин ўзининг TruthSocial платформасида. – Бутун ҳукуматимга Эрон билан музокаралар олиб бориш кўрсатмаси берилди". Яқинда АҚШ ва Эрон ядро дастури бўйича музокаралар олиб боришди. Оманда душанба куни ушбу музокараларнинг олтинчи раунди режалаштирилган эди. Трампнинг Давлат котиби Марко Рубионинг айтишича, АҚШ "Эронга зарбаларда иштирок этмаган". Исроил "Эронга қарши бир томонлама чораларни кўрди". Унинг қўшимча қилишича, АҚШ минтақадаги ўз қуролли кучларини ҳимоя қилишга эътибор қаратади. АҚШ президенти Доналд Трамп Эронни ядровий дастур бўйича келишув тузишга чақирди ва Теҳронга "кетма-кет имконият бергани"ни таъкидлади. Якшанба куни АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокаралар олтинчи босқичга кириши кутилмоқда эди. Гарчи АҚШ қуролли кучлари зарбаларда иштирокини рад этаётган бўлса ҳам, унинг операцияларини қўллаб-қувватламоқда. “Аллақачон катта қирғин ва вайрона бўлди, лекин бу қон тўкилишни тўхтатишга ҳали вақт бор. Кейинги режалаштирилган зарбалар янада шафқатсиз бўлади”, деди Трамп. “Эрон ҳеч нарса қолмасидан аввал, келишув тузиши керак. Илгари Эрон Империяси деб аталган номни сақлаб қолиш учун буни амалга оширинг. Яна ўлим, яна вайронанинг кераги йўқ. Жуда кеч бўлишидан аввал, шунчаки бажаринг”, дея Эронни мулоқотларга чақирди. Трамп аввалроқ Исроилнинг зарба бериш режаларидан хабардор бўлганини айтган, аммо АҚШ ҳарбийлари бу операцияда ҳеч қандай иштирок этмаганини алоҳида таъкидлади. Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху эронликларга мурожаат қилди, унинг сўзлари The Times of Israel томонидан узатилди. У уларга "қарийб эллик йил давомида бу режим сизлардан яхши ҳаёт кечириш имкониятини тортиб олди" деди.
Нимани кутиш мумкин? Исроил Эроннинг жавоб зарбасига тайёргарлик кўрди. Ҳаво ҳудуди ёпилган. Касалхоналар ўз тез ёрдам бўлимларини бункерларга кўчирмоқда. Фуқароларга бошпаналарга яқинроқ жойлашиш тавсия этилди. Қуддусдаги АҚШ элчихонаси ҳам барча ходимлар ва уларнинг оилаларига бошпаналарда яширинишни буюрди. Бош штаб бошлиғи Эяль Замир Эроннинг реакцияси аввалги жавоб зарбаларидан фарқ қилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди. Ва қўшимча қилди: "Мен фақат муваффақиятларни ваъда қилмайман". Эрон қасосининг кўлами ҳали аниқ эмас, аммо барча белгилар кескинлик кучайишини кўрсатмоқда. Эрон қуролли кучлари матбуот котиби генерал Абулфазл Шакарчи давлат телевидениеси орқали Исроил ва АҚШ "кучли зарба олишини" айтди. Қарши ҳужум "албатта" содир бўлади. Эроннинг олий раҳбари Али Хаменеий ўз баёнотида Исроил "оғир жазони кутиши керак"лигини эълон қилди. Агар Эроннинг арсеналида учиришга тайёр ракеталар мавжуд бўлса, кенг кўламли қасосни кутиш мумкин. Маълумки, 2024 йил апрель ойида Эрон Исроилга юзлаб дронлар, қанотли ва баллистик ракеталар билан ҳужум қилди ва октябрь ойида ҳужумни такрорлаб, 180 дан 200 гача ракета учирди. Уларнинг аксариятини ушлаб қолишга муваффақ бўлинди, шу жумладан АҚШнинг Исроил ракетага қарши мудофаа тизимини қўллаб-қувватлаши туфайли. Бу сафар ҳам АҚШ Исроилни ҳимоя қилишга фаол ёрдам беряпти. Эрон ракета ва дронларини йўлда уриб туширишга ҳаракат қилмоқда. Аммо Исроил авиацияси Эрон марказидаги алоҳида қўриқланадиган Эрон ядровий объектини йўқ қила оладими ёки йўқми, деган савол очиқлигича қолаётир. Агар Исроил "Фордо"ни йўқ қила олмаса (уранни бойитиш бўйича алоҳида яхши қўриқланадиган ер ости объекти), Эронни уруш мақсадларида уранни бойитиш имкониятидан маҳрум қила олмайди. Ҳозирча бу объектга амалга оширилган иккита ҳужум ҳам самара бермади.
Трампнинг январь ойида лавозимига қайтганидан бери Эрон билан янги ядровий келишувга эришишга уринишлари муваффақиятсизликка учради. Томонлар ҳеч қандай тарзда принципиал баҳсни ҳал қила олишмаяпти: АҚШ Исроил билан биргаликда Эронга уранни бойитишга рухсат берилмаслиги кераклигини таъкидламоқда, Теҳрон эса бу ҳуқуқни ўзида сақлаб қолишни давом эттирмоқда. Ислом Республикасининг таъкидлашича, у атом электр станциялари учун ёқилғи, жумладан фуқаролик мақсадлари учун уранни қайта ишлаши керак, ҳеч бўлмаганда паст даражагача. Эрон пайшанба куни расмийлар уранни бойитиш бўйича янги қувватларнинг очилишини эълон қилганида, кескинликни янада кучайтирди. Илгари Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (БМТнинг назорат органи) Эрон ўз халқаро мажбуриятларини бажармаётганини айтган эди. МАГАТЭнинг баҳоси Эронга қарши БМТнинг кенг кўламли санкцияларини қайта тиклашга замин яратди. Эрон узоқ вақтдан буён ядровий дастури фақат фуқаролик мақсадларига қаратилганини таъкидлаб келади. Мамлакат бўйлаб бир нечта ядровий иншоотлар мавжуд бўлиб, уларнинг айримлари Исроилнинг ҳозирги ҳужумларида нишонга олинган. Бироқ кўплаб давлатлар, шу жумладан Халқаро атом энергияси агентлиги ҳам Эроннинг ядровий дастури фақат тинчлик мақсадларига қаратилганига ишонмайди. Шу ҳафта агентликнинг бошқарув кенгаши сўнгги 20 йил ичида биринчи марта расман Эронни ядровий қурол тарқатмаслик бўйича мажбуриятларини бузган, деб эълон қилди. Унинг баёнотида Эрон томонидан маълум қилинмаган ядровий материаллар бўйича тўлиқ жавоб берилмагани ва тўйинтирилган уран заҳираси борасида кўплаб етишмовчиликлар қайд этилгани айтилди. Олдинроқ эълон қилинган ҳисоботга кўра, Эрон уранни 60% софлик даражасигача тўйинтирган. Бу миқдордаги материал 9 та ядровий бомба ясашга етарли бўлиши мумкин. АҚШ музокаралар олиб боришга уринди, аммо улар боши берк кўчага кирди. Ҳеч қандай келишувга эришилмади. Эрон ва Исроил бир неча ўн йиллардан бери яширин уруш олиб боришмоқда. Шу билан бирга, Теҳрон Исроил давлатини тан олмайди ва Яҳудий давлатига ҳужум қилиш учун Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” ва Ямандаги хусийлар каби прокси кучлардан фойдаланмоқда. Исроил, ўз навбатида, Эрон ҳудудида бир қатор суиқасдлар ва яширин ҳужумларда, жумладан атом олимларига қарши ҳужумларда айбланмоқда.
Хуллас, Исроил ва Эрон ўртасидаги ҳозирги можаро ўтган йилги вазиятдан анча фарқ қилади, ўшанда ўзаро ҳужумлар кўпроқ намойишкорона тусга эга эди. Исроил бу вазиятдан фақатгина бир неча кун ичида Эроннинг ҳарбий қудратини тор-мор қила олсагина ғалаба билан чиқа олади. Агар уруш сурункали тус олса, Эроннинг имкониятлари ошади, гарчи у минтақада кам сонли иттифоқчиларга эга бўлса ҳам. Исроил ва Эрон ўртасидаги можаро тўлақонли урушга айланиб кетиш хавфи мавжуд, айниқса, агар Теҳронни хусийлар қўллаб-қувватласа. Улар Исроилнинг Эронга зарба беришидан икки кун олдин Исроилнинг Бен Гурион аэропортига иккита ракета билан ҳужум қилишган эди. Куни кеча Эрон Исроил сарҳадларига жавоб зарбаларини йўллади.... Шу ерга жавоб зарбалари, отилган ракеталар сони, талофат кўлами... каби тафсилотлар керак.
Қуролли тўқнашувга бошқа Яқин Шарқ ўйинчилари – Миср, Ливан, Сурия, Яман, Покистон ва Афғонистон ҳам жалб қилиниши мумкин. Бундай ҳолатда Яқин Шарқдаги вазият кўп йилларга беқарорлашади. Теҳронда камида 2 мингта ракета бор, улар Исроил ҳудудидаги нишонларга, жумладан, ҳарбий аэродромлар, ракета комплекслари ва Димонадаги ядровий марказга етиб бориши мумкин. Шунингдек, Эрон кимё заводларига ёки Тель-Авив учун стратегик ва иқтисодий жиҳатдан муҳим бўлган Хайфадаги портга зарба бериши мумкин. Савол шундаки, бир кунда 20 нафар қўмондонини йўқотган Теҳрон можарони давом эттириш истиқболларини ва жавоб зарбасининг эҳтимолий оқибатларини адекват баҳолай оладиган уларга муносиб ўринбосар топа оладими?
Абдували Сойибназаров, сиёсий таҳлилчи
Абдували Сойибназаров, сиёсий таҳлилчи