Савдо урушидан кейинги дунё: иқтисодиётда янги давр бошланмоқда
Жорж Орвеллнинг “1984” асари билан таниш бўлган ҳар бир киши унда тасвирланган парчаланган дунё ҳақида яхши билади. Бу дунёда йирик иқтисодиётлар алоҳида, қалъасимон ороллар сифатида фаолият юритиб, учта геосиёсий супердавлат: Океания, Евросиё ва Шарқий Осиёга бирлашган. Бу тузилмалар ҳал қилувчи ғалабаларни қўлга киритиш учун эмас, балки ички назоратни кучайтириш, ортиқча маблағ ва ресурсларни сарфлаш ҳамда тақчилликни сақлаб қолиш учун доимий зиддият ва музокараларга киришган. Бу ҳолат Чарлз Тиллининг "барқарор тенгсизлик" назариясини ёдга солади, унда мустаҳкам иерархиялар эксплуатация ва чекловлар орқали сақланиб қолади. Савдо урушлари ва иқтисодий қайта кўриб чиқишлар давом этиб турган бугунги глобал тартиб худди шундай сценарийга қараб кетаётганга ўхшайди. Ресурсларни тақсимлаш ва иқтисодий зарбалар бўйича келишувлар ва низолар доимий кескинлик ҳолатини кўрсатади, бунда ечим топиш эмас, балки назорат қилиш муҳимроқ ўрин тутади. Бу кескинлик бутун дунё бўйлаб ҳарбийлаштириш кучайиши билан янада ортмоқда, йирик технологиялар эса иқтисодий ва сиёсий кучни шакллантиришда тобора катта рол ўйнамоқда.
Капитал нуқтаи назаридан, АҚШ, Хитой, Россия, Ҳиндистон каби давлатлар ҳиссий ёки мафкуравий алоқалар билан белгиланадиган рақиблар, иттифоқчилар ёки мустақил тузилмалар эмас. Капитал совуққонлик билан ҳаракат қилади, даромад энг юқори бўлган жойга оқади, чегаралар ва ҳиссий алоқалар билан чекланмайди. Дунёга ушбу нуқтаи назардан қараш шуни кўрсатадики, савдо урушлари, санкциялар ёхуд музокаралар каби ҳозирги кескинликлар миллий манфаатлардан кўра кўпроқ номутаносибликнинг муҳим нуқтасига етган глобал капитализм механикаси билан боғлиқ. Бу номутаносиблик қарзларнинг кўпайиши, савдо моделларининг ўзгариши ва технологияларнинг сиёсий, иқтисодий ва стратегик таъсир воситаси сифатидаги аҳамиятининг ошиши билан намоён бўлмоқда.
Жаҳон иқтисодиётидаги ҳар бир йирик инқироз моҳиятан ликвидлик инқирозига, пул оқимининг етишмаслигига айланади. Бир пайтлар глобал молия капиталининг мутлақ етакчиси бўлган Қўшма Штатлар ҳозирда тўловга қобилиятсизлик ёқасида турибди. 2008 йилги жаҳон молиявий инқирозидан бери АҚШ ички молиявий инқирозни бошқариш учун доллар босиб чиқармоқда. Натижада жорий йил бошига келиб унинг қарзи ялпи ички маҳсулотга нисбатан уч баробар ошди. Бунинг асосий сабаби шундаки, доллар ҳали ҳам дунёнинг асосий захира валютаси ҳисобланади. Демак, АҚШ долларни босиб чиқариш орқали пул массасини қанчалик кўпайтирмасин, унинг қиймати шунга яраша пасаймайди. Чунки бошқа давлатлар ўз валюталарини барқарорлаштириш учун долларни сотиб олишга шошилади. Натижада, ортиқча таклифга қарамай, долларнинг қиймати юқорилигича қолмоқда. Доллар таклифининг ошиши товарлар ва молиявий активлар, жумладан, кўчмас мулк, фонд бозорлари ва айниқса сунъий интеллект билан боғлиқ компаниялар нархларини оширди.
Анъанавий капитализмда йирик компаниялар ишчи кучини ёллаб, иш ҳақи тўлаб, маҳсулот ишлаб чиқарар ва сотарди. Аммо ҳозирги молиявий капитал даврида энг йирик компаниялар бу маънода маҳсулот ишлаб чиқариши шарт эмас. Бунинг ўрнига улар валюта, товарлар, табиий ресурслар ва ҳатто рақамли платформаларни назорат қилиш орқали турли хил ренталарни олиш орқали фойда кўрадилар. Бу тизим ранте капитализми деб аталиб, унинг асосида молия капитали ётади. Шу билан бирга, ўртамиёна бир одамнинг даромади ошмай қолди, чунки инвестицияларнинг аксарияти иш ўринларига эмас, балки автоматлаштиришга йўналтирилмоқда. Тирикчилик, ижтимоий такрор ишлаб чиқаришнинг баҳоси тобора ошиб бормоқда, бу эса одамларни маълум бир чегарага келтирмоқда. Бу қарама-қаршилик глобал иқтисодиётни тобора беқарорлаштиряпти. Иқтисодий тарих шуни кўрсатадики, кредит оқими давом этар экан, тизим омон қолади; аммо оқим тўхташи билан инқироз бошланади. Биз бутун дунёда шундай тўхташ аломатларини кўряпмиз.
Бугунги кунда глобал капитализм чуқур инқирозга юз тутмоқда, унинг марказида АҚШ ва Хитой турибди. Иккала мамлакатдаги муаммолар турлича, бироқ бир-бирини тўлдиради. АҚШ ўзининг улкан қарзларини камайтириши учун ишлаб чиқаришни кўпайтириши, истеъмолни камайтириши, харажатларни қисқартириши ва савдо тақчиллигини бартараф этиши лозим. Хитой эса, аксинча, ўз профицитини камайтириши, ишлаб чиқаришни қисқартириши, ички истеъмолни ошириши ва қарзини камайтириши зарур. Бошқача айтганда, АҚШ ва Хитой қарама-қарши пул-кредит ва савдо сиёсатини юритаётган бўлса-да, иккала давлат ҳам капитализмнинг бир хил асосий муаммосига дуч келмоқда: ҳаддан ташқари қарз ва ликвидлик инқирози. Бу бутун капиталистик тизимни беқарорлаштирган.
Хитойнинг либераллашуви босқичма-босқич амалга оширилди ва давлат томонидан бошқарилди. Дастлаб, у арзон ишчи кучидан фойдаланиб, қишлоқ ишчиларини шаҳар ишлаб чиқаришига жалб этди. Ижтимоий шаклланган капитал дастлабки босқичларда бу меҳнат тизимини ҳаракатлантирди, аммо тез орада хорижий инвестициялар мамнуният билан қабул қилинди. Кейин ер ва уй-жойни либераллаштириш бошланди, бу эса йигирма йил давомида авж олган улкан кўчмас мулк "буқа" бозорини яратди. Натижада янги турдаги капитал шаклланишлари вужудга келди. Шундан сўнг, самараси паст давлат ёки ҳатто хусусий корхоналар ёпилди ёки капитални бирлаштириш учун йирик корпорацияларга қўшилди. Охир-оқибат, хусусий капиталга йўл очиш учун минераллар ва энергия каби ресурслар устидан давлатнинг мутлақ назорати юмшатилди. Бироқ, Хитой ҳеч қачон тўлиқ молиявий либераллашувни қабул қилмади. У ҳамон капитал оқимлари, инвестициялар ва пул-кредит сиёсатини қатъий тартибга солади. Натижада, Хитойда спекулятив молия пуфаклари АҚШга қараганда камроқ ёрилиб, давлатнинг иқтисодиёт устидан назорати анча кучли бўлмоқда. Бу назорат Хитойни рента изловчи молиявий капиталга асосланган давлатдан илғор технологияларга йўналтирилган давлатга айланиш йўлига олиб бормоқда.
АҚШ ҳам бошқа йўл билан бўлса-да, худди шундай натижага эришишга интилмоқда. Трамп маъмуриятининг стратегияси долларни назорат остида қадрсизлантириш ва шу билан Европа Иттифоқи, Хитой, Япония, Канада каби кредитор иқтисодиётларга тегишли бўлган қарзнинг ҳақиқий қийматини пасайтиришни ҳамда арзон қарз олиш имконини берувчи ўта узоқ муддатли ғазна облигацияларига бўлган талабни оширишни кўзда тутади. Бу экспортни янада рақобатбардош қилади, савдо тақчиллигини камайтиради ва ОПEК+га таъсир ўтказиш орқали арзон нефт импорт қилиш билан инфляцияни бошқаришга ёрдам беради. АҚШ Хитойнинг ўта узоқ муддатли облигацияларни сотиш стратегиясига эргашмоқчи кўринади. Хитой бу стратегияни узоқ вақтдан бери қўллаб келмоқда, гарчи Хитой давлат аралашувидан ва АҚШ бозорни назорат қилиш механизмларидан фойдаланаётган бўлса-да. Уларнинг йўллари турлича бўлса-да, бу икки давлат ҳам янги, технологияга асосланган капиталистик тартиб томон ҳаракат қилмоқда. Бунда давлат ишлаб чиқариш, молия ва ахборот оқимларини марказлашган ҳолда назорат қилувчи технологик фирмаларнинг эгаси ёки тартибга солувчисига айланади. У техно-капиталистик назорат давлатига айланади, бу ерда сиёсат технологик ва ахборот назорати атрофида марказлашади. Янис Варуфакис каби иқтисодчилар буни "техно-феодализм" деб аташмоқда.
Аммо, бу тизимнинг асосида шартномавий мажбурият бўлган қарз ётади, уни шунчаки йўқ қилиб бўлмайди. Уни ҳал этиш учун ё қарзни бекор қилиш (бу жаҳон молия бозорларини издан чиқаради) ёки янги, қатъий халқаро келишув тузиш лозим. 1985 йилдаги Плаза битими айнан шундай эди: АҚШ Япония ва Германияни доллар захираларини сотишга мажбур қилиб, долларнинг глобал қийматини туширди ва уларнинг валюталарини оширди, шу йўл билан узоқ муддатли ғазна облигацияларини сотиб олиш орқали ўз қарзини молиялаштирди. Бу муваффақиятли бўлса-да, Японияда улкан молиявий пуфак юзага келди. Бугун Трамп маъмурияти ҳам шунга ўхшаш йўл тутиб, Европа Иттифоқи ва айниқса Хитойга қарши савдо урушини олиб бормоқда. Тарих шуни кўрсатадики, Бреттон-Вудс тизими ёки Лотин Америкасининг қарз инқирози каби халқаро келишувлар узоқ вақт ва кенг кўламли сиёсий музокараларни талаб қилади. ХВФ ва ЖСТга ўхшаш ташкилотлар одатда бундай келишувларга воситачилик қилади, аммо улар АҚШ қарзини бутун дунёга тарқатиш учун яратилган. Энди, бу тартибни ўзгартирмасдан, яъни эркин бозор глобаллашувидан чекинмасдан, бу мамлакатлар ўз иқтисодиётларини барқарорлаштира олмайдилар ва мувозанатни тиклай олмайдилар.
Шундай қилиб, яқин келажакда янги геосиёсий тартиб пайдо бўлиши мумкин. Бир қарашда хаёлий, аммо тобора ҳақиқатга айланиб бораётган бу дунёда супердавлатлар капитал оқими ва савдони қаттиқ назорат қиладиган, девор билан ўралган орол-қитъаларга ўхшаб қолади. АҚШ қўшни давлатлар билан блок тузиши, Россия Европа ва Марказий Осиёда етакчилик қилиши, Хитой эса Шарқий Осиёни назорат қилиши эҳтимоли ортмоқда. Бу супердавлатларнинг ҳар бири алоҳида иқтисодий тизимларни ривожлантириб, капитал ва қарз оқимларини ўз минтақаларида тақсимлайди. Ҳар бир блок марказида ҳукмрон давлат бўлиб, атрофдаги мамлакатлар қарз юки, ишсизлик, инфляция ва арзон хом ашё қазиб олиш билан вассал давлатлар вазифасини бажаради. АҚШ истеъмолга асосланган, ҳарбий ва қазилма ёқилғига таянадиган иқтисодиётни қуриши мумкин, бунда Мексика, Бразилия ва Аргентина озиқ-овқат ва минералларни етказиб берса, АҚШ технологик маҳсулотлар ва хавфсизликни таъминлайди. Россия Европа ва қўшни давлатлар билан газ, нефт ва фойдали қазилмалар савдосини олиб боради. Хитой экспортга қарамликни камайтириш мақсадида капитал киритиш ва истеъмол харажатларини ошириш орқали ички иқтисодиётни мустаҳкамлайди. Ветнам, Индонезия ва Малайзия каби мамлакатлар Хитойнинг ишлаб чиқариш марказларига айланиши мумкин. Янги пайдо бўлаётган жаҳон тартибида АҚШ долларининг монопол мавқеи заифлашиши мумкин. Шунинг учун АҚШ бозорнинг долларига бўлган ишончини сақлаб қолиш ва уни атайлаб қадрсизлантириш учун уни олтин ва криптовалюталардан иборат товар саватига боғлаши мумкин. Агар бошқа давлатлар бу тартибни рад этса, янги холис халқаро валюта, масалан, Гонконг ёки Сингапур доллари пайдо бўлса ажаб эмас, чунки улар ҳали ҳеч қайси супердавлатнинг бевосита назорати остида эмас.
Ҳиндистонга келсак, у ўзининг улкан арзон ишчи кучи бозоридан ташқари, бошқа соҳаларда деярли рол ўйнамайди, чунки арзон ишчи кучи жиҳатидан Ҳиндистон билан бирор мамлакат рақобатлаша олмайди. Натижада, Ҳиндистон субконтинент устидан ҳукмронлик қилиш эвазига, ҳозирча бўлса ҳам, Америка блокига қўшилиши мумкин. Бу эса қишлоқ хўжалиги ва кичик ҳамда ўрта маҳаллий корхоналарда банд бўлган миллионлаб ҳинд ишчиларининг келажагини қурбон қилиш ҳисобига бўлади. Агар АҚШ ўз молиявий капиталини маълум даражада тартибга солса, бу капитал Ҳиндистонга оқиб келиши мумкин. Бу қисқа муддатда фонд бозорининг ўсишига олиб келса-да, Ҳиндистон иқтисодий тизимидаги беқарорлик ва ноаниқликни ҳам оширади.
Бу бўлинган дунёнинг энг қўрқинчли ва ўзига хос хусусияти кенг кўламли ҳарбийлаштириш, узлуксиз низолар ва сунъий танқислик бўлади. Бунга одамларни назорат қиладиган кузатув технологиялари ҳам қўшилади. Бу янги дунёда йирик технология компаниялари ҳақиқий ҳокимият эгалари бўлиб қолади. Улар давлат ва корпоратив ҳокимият қўшилиб, Оруеллча назорат тизимига ўхшаш "супердавлат"нинг асл ҳаракатлантирувчи кучига айланади. Бу янги тузумнинг марказида технология – кузатув, назорат ва маълумотларни бошқариш технологияси туради. Хитойдаги WeChat каби иловалар фуқароларнинг ҳар бир операцияси ва суҳбатини қайд этгани сингари, АҚШдаги Palantir каби компаниялар ҳам кимнинг ва қачон исён кўтариши мумкинлигини башорат қила олади. Бу технологик кузатувнинг сўнгги кўриниши давлат ҳар бир фуқарога шубҳа билан қарайдиган жамият бўлади.
Бироқ бу бутун тизим ортида тизимли инқироз, қиймат яратиш тизимида ҳеч қандай вазифани бажармаётган, яъни "ортиқча аҳоли"нинг ўсиб бораётган сони ҳақидаги чуқур хавотир ётибди. Давлат назарида улар камбағаллик, ишсизлик ва маҳрумликлари бир кун келиб исёнга айланиши мумкин бўлган келажакнинг "хавфли синфи" бўлиб кўринади. Бу қўрқув давлатларни янада хавфсизликка йўналтирилган, технологияга қарам ва зулм ўтказувчи бўлишга ундамоқда. Бу капитализм пайдо бўлганидан бери уни таъқиб қилиб келаётган доимий ички ваҳима: агар иқтисодий тизимнинг муваффақиятсизлиги натижасида вужудга келган "ортиқча"лар исён кўтарса-чи? Хуллас уёғини вақт кўрсатади. Аммо дунё тобора янги бир даврга кириб бормоқда.
Ананё Мукержи, сиёсий ва иқтисодий таҳлилчи, PhD тадқиқотчиси