Радикализация... дерадикализация – мўътадил одам нега радикаллашади?
Инсонга нима керак? Гарчи унинг хотиржамлигини моддий ашёлар билан боғлашса-да, аслида инсонга аввало ички уйғунлик, яъни ташқи ҳаётининг ички дунёсига мос келиши, фитратида мавжуд маънавий сезгиларига кўзи илғаб турган дунё зид келмаслиги керак. Содда қилиб айтганда, инсоннинг ичига адолат ҳисси жойланган, ўша ҳисси қонсагина киши ўзини яхши ҳис қилади, атроф билан зиддияга киришмайди. Муаммолар эса ўша ҳис қонмаслиги сабаб бошланади.
Физиологик ёхуд маънавий патология билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай ҳолатнинг “формуласи” – шу.
Бирламчи фитрий адолат эҳтиёжи қонмаганда инсоннинг ичида аввалида “нимадир нотўғри” деган туйғу пайдо бўлади. Кейин бу туйғу ички анализ воситасида ўша “нотўғриликлар”ни топишга ундайди ва бориб-бориб адолатга монелик қилаётган “воситалар”ни излаб топишга олиб келади.
Кейинги босқич – бевосита реакция. Шу реакциянинг салбий кўринишини биз “радикализм” деймиз. Зотан ижобий маънодаги радикаллик ҳам бор – инсон ёхуд миллат салбий ҳолатдан чиқиб кетиш учун баъзида қатъий ҳаракатлар қилиши керак. Радикал, аммо маънавий қоидалар доирасидан чиқмайдиган ҳаракатлар – ижобий радикаллик. Аммо биз ҳозир салбийси – экстремизмга олиб борувчисининг келиб чиқиши ҳақида гаплашяпмиз.
Kun.uz`да чиққан мақоламда радикализм ва ундан кейин экстремизм юзага келиши омиллари ҳақида фикр юритган эдим, маълум бир яхши қадриятлар учун курашаман деб, киши ўзи “билмасдан” ўша қадриятларнинг кушандаси бўлиб қолиши мумкинлиги, бу йўлда давом этган одам кейинги босқичларда одамлар ва гуруҳларни дегуманизация қилиши – инсонни инсон сифатида қабул қилмай қўйишгача бориб етиши ҳақида фикр юритгандим. Бунинг асосий омили сифатида эса яхши ғоянинг ҳимоясида тураман деб, маънавий устунларни унутиб қўйишни тилга олгандим. Яъни, яхши ғоянинг ўша – яхшилигини таъминлайдиган асосий жиҳатини унутиб қўйиш оқибатида киши аксинча ўша ғоянинг кушандасига айланиши ҳақида фикр юритилганди.
Ким айбдор?
Бир инсоннинг радикаллашиб, экстремистга айланишида ким айбдор бўлади, деган саволга жавоб – мураккаб. Ислом таълимотига мувофиқ, ҳаёт – синов. Шу боис биринчи айбдор – инсоннинг ўзи: қалбига қулоқ тутмай, нафсига қулоқ тутиб, ножоиз тасарруф қилгани учун. Аммо бу алоҳида мавзу.
Инсоннинг салбий радикаллашувига сабаб бўладиган, уни қийин аҳволга солиб қўядиган, ҳаётини бузадиган ташқи омиллар бор. Ижтимоий тармоқлардаги 10 йиллик “тажрибам” давомида бир қанчасини кўрдим: “дин ҳимоясида” динга мутлақо зид бўлган тасарруфлар, “Ватан учун” ҳаракатларнинг Ватанга зарарли бўлиши ҳолатлари, “миллат қайғусида” миллатга зарар келтирувчи ишлар қилиниши ёхуд “гибрид” ҳолатлар – тил, миллат, Ватанни ҳимоя қиламан деб, ҳаддан ошиб, киши ўз динига мос бўлмаган тасарруфлар қилиши ва ҳоказо ҳолатлар – ҳаммасига гувоҳ бўлдим.
Ҳар бир бундай ҳолат – ўша амалнинг эгаси учун зарар. Инсонларни бундай зарарга етакловчиларни ҳам кўрдим: тарих воситасида ёшларни мутаассибликка етакловчи “тарихчи”ларни ҳам кўрдим (ҳолбуки тарих келажакни, кеча бугунни яхши қилиши керак, аксинчамас), гўзал хулқларни камолотга етказиш учун ерга тушган таълимотни гўё тарғиб қилиш даъвосида мутлақо бадхулқликни – ўзига хос хулқий экстремизмни минглаган одамларга сингдирганларни кўрдим.
Бироқ радикалликни ҳаммадан кўп урчитадиган куч, бу – нотўғри давлат сиёсати.
Сталин “қолдиқлари”
Даҳрий тузумга диндорлар керак эмас эди ва тузум масалани қатъийлик билан ҳал қилди – диндан фақат бироз асар қолдириб, ўзлари рози бўлган ҳолга келтиришди. Мазкур “муваффақият”ни таъминловчи бир неча омил бор эди.
Коммунистик тузумнинг муайян ғояси бор эди – “совет одами”ни яратиш. Маълум характеристикаларга эга бўлган мазкур образ-одам гарчи инсон фитратига хуруж қилган бўлса-да, замирида маълум мазмуни бор эди (тенглик, бирдамлик ва бошқа шиорлар) ва шу омил совет тузумининг маълум вақт яшаб туришини таъминлади – бусиз тузум кучга эга бўлолмасди. Айнан шу куч динни чеккага суриб қўйиш учун етарлича потенциал эди.
Совет тузуми ўз чегараларини ёпиқ ҳолатда ушлаб туриш қудратига эга эди ва бу ҳам дин билан самарали курашиш имконини берганди – ёпиқ хонада сендан кучсиз рақибингни истаган кўйга солишинг мумкин, унга бирон қаердан на моддий ва на маънавий ёрдам келади.
Умумий қилиб айтадиган бўлсак, совет тузумининг моддий ва айтиш мумкинки, эрзац маънавият бўлса-да, маънавий қудрати етарлича катта эди динни ўзи истаган ҳолатда ушлаб туришга.
Бироқ СССР барҳам топгандан кейин буткул бошқача воқелик юзага келди. Янги воқеликда юзага келган давлатларда на ғоя бор эди, на чегараларни ёпиб қўйиш имконияти.
Табиийки, масалан, Ўзбекистонга дин шиддат ила қайтди (халқнинг маънавий кодида турган экан ҳаммаси...) ва давлат устига келганлар мазкур жиҳат билан “нимадир қилиши” керак бўлди. Нима бўлганини биламиз – илмдан кўра илмсиз диний шиддат ила сиёсатчининг шахсий амбициялари тўқнашди ва ҳолат диндорларни тийиб туриш режимига эврилди. Чунки динни буткул йўқотиб юбориш имконияти йўқ эди.
Бунақа “тийиб туриш” сиёсатининг эса кўплаб ён таъсирлари бор: халқингизнинг маънавий кодига сингиб кетган, халқингиз талпиниб турган нарсадан уни тўсишга уринишингиз албатта зеҳниятингизга таъсир қилади ва чекланган моддий имкониятларингиз фонида сизни кўплаб сиёсий ва иқтисодий хатолар қилишга олиб боради.
Бошқача қилиб айтганда, Каримов даврининг салбий иқтисодий-ижтимоий асоратлари бу хоссатан унинг иқтисодий уқувсизлигидан эмас, балки дин билан курашиш асносида унда юзага келган зеҳният меваси, Сталин қолдиқлари асорати.
Янги ҳокимият даври
Энди мавзумизнинг энг муҳим жойига келдик – жорий воқеликка. Янги ҳокимият мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ҳолатини яхшилашга уриняпти, кўп ҳолатларда тўғри қарорларни илмга суяниб эмас, “пайпаслаб” топишга уриняпти. Жорий ҳолатга нисбатан сиёсий, иқтисодий ёндашувларда эскича тушунчалар нечоғлик зарар келтираётганини мутахассислар айтиб турибди. Бироқ яна бир соҳада эскилик – кечаги кун мероси ҳалал бермовда – дин ва диндорларга муносабат.
Ҳали айтганимиздек, совет тузуми ўз потенциалидан келиб чиқиб ўз сиёсатини юритганди. Ва мақсадига ҳам етганди.
Каримов эса чекланган имкониятлар ва очиқ чегаралар фонида мутлақо нопрагматик йўлга – “радикалликни тийиб туришга” кучини сарфлади ва натижа аксинча бўлди – радикал кайфият кучайди. Ва бу ҳам етмаганидек, мазкур тасарруф Каримовнинг барча соҳаларга нисбатан муносабати тўнини бичиб берди. Алал-оқибат Каримовдан иқтисодий хароб мамлакат қолди.
Янги ҳокимият бу каби ўта нопрагматик – радикал кайфиятни кўпчитиш йўлидан воз кечиб, прагматик йўлга – соғлом диндорларни ўзига яқин тутиб, ҳамкорлик йўлини танласа, ўзига осон қиларди. Мен бу ерда бежиз “прагматизм” сўзини қайта-қайта ишлатмадим, зеро гап айнан прагматик тасарруф ҳақида кетяпти.
Хуллас, оммани радикаллаштириб, кейин дерадикализацияга кучни сарфламасдан, радикализацияга йўл қўймаслик йўли танланса, айни муддао бўлади. Совет тузуми қудратига эга бўлмасдан унинг йўлини қўллаш – суицидга ўхшаш ҳолат.
Муҳаммад Шакур