23.07.2025 16:34
95
Парадокс: билим сочилган замондаги маънавий қашшоқлар
Ҳеч қачон одамзот бугунгидек маълумотга бой бўлмаган. Ҳар сонияда YouTube'га 500 соатлик янги видеолар юкланади, ҳар куни интернетда 7 миллиондан ортиқ пост ёзилади. Ҳар биримизда чўнтагимиздаги телефон орқали илм олиш имкони бор. Ажабланарлиси, шунча имкониятларга қарамай бугунги авлод маънан қашшоқликда аждодларидан ўтиб кетяпти. Бу парадокс – бойсан лекин очсан, олий маълумотлисан лекин жоҳилсан, информация кўп лекин йўлингни тополмай адашиб қолгансан, деганидек.
Инсоннинг моддий бойликка бўлган ҳирси билан маънавий бойликка бўлган эҳтиёжи ўртасида ўхшашлик бор. Кўпчилик ҳаётидаги нотинчлик ва беқарорликни кўпроқ пул топиш билан бартараф қилмоқчи бўлади. “Яна бироз кўпроқ ишлаб топаман, шунда хотиржам яшайман”, дейди. Пули кўпайгани сари хоҳишлари ҳам ортиб бораверади.
Айнан шундай ҳодиса бугун маънавий ҳаётимизда ҳам кузатилмоқда. Инсон илмга, мотивацияга, маслаҳат ва йўл-йўриқларга чанқоқ. У ҳар куни янги китоблар, мақолаларни ўқийди, видеоларни томоша қилади. Лекин барибир тўймайди. Нега?
Сабаби у асл маълумотлар асосида фикр юритмайди ва билганларига амал қилмайди.
Ислом бу ҳолатни аллақачон аниқ таърифлаб берган. Қуръони Каримда шундай дейилган: “Улар билганларига амал қилмаганлар кабими? Уларнинг мисоли китоб юкланган эшак кабидир...” (Жумъа сураси, 5-оят).
Бу илоҳий калом ҳар бир даврга мос келади. Ахборот юкини орқалаб юрган, лекин ундан фойда олмаган инсон ҳам эшак каби устига оғир юк ортилган ҳайвон бўлиб қолади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу ҳақда шундай деганлар: “Одамларнинг энг ёмони, Аллоҳнинг ҳузурида илми бўлса-да, амал қилмаган кишидир.” (Ибн Можа). Яъни билим фақатгина уни ўрганиш учун эмас, балки уни ҳаётга тадбиқ этиш учун берилади. Амал қилинмаган билим инсоннинг зиммасига юк бўлиб тушади ва охиратда уни оғир жавобгарликка тортади.
Уламоларимиз бу масалага чуқур ёндошишган. Имом Ғаззолий “Иҳёу улумиддин” асарида инсон қалбини баҳорга ўхшатади: “Қалб ҳаётбахш ёмғирга муҳтож. Агар у ёмғирни қабул қилса, ҳосил беради. Аммо ёмғир ёғавериб, суғорилмаган ер устида қолаверса, у ботқоққа айланади ва ўзидан ҳид чиқаради.” Шу каби, ахборот ёмғири ҳам қалбимизни суғориши, уни ботқоққа айлантирмаслиги керак. Бунинг ягона йўли – уни амалда синаш, ҳаётимизга татбиқ қилиш.
Нима учун биз амал қилмаймиз? Психологияда бу ҳолат “когнитив диссонанс” деб аталади. Мисол учун, биламизки, соғлом турмуш тарзига ўтиш керак, лекин барибир зарарли нарсаларни танлаймиз. Биламизки, бомдодга туриб намоз ўқишимиз руҳимизни юксалтиради, аммо яна телефонда вақтимизни ўтказамиз. Чунки бизнинг миямиз маълумотни қабул қилишни амалдан кўра осонроқ деб билади. Осон бўлгани учун ҳам биз мотивацион контентларни тинглашни яхши кўрамиз – улар бизни бир неча дақиқага руҳлантиради, лекин амалда ҳеч нарса ўзгармайди. Шу тариқа, биз руҳий бойликни ҳам моддий бойлик каби “кўпроқ йиғиш” орқали қондиришга уриниб, охир-оқибат тушкунлик қаърига чўкиб борамиз.
Энди савол: “Қандай қилиб биз билганларимизга амал қиладиган одамларга айланишимиз мумкин?” Аввало тан олайлик – фақат кўп ўқиш, кўп тинглаш, кўп маслаҳат олиш етарли эмас. Ҳатто Қуръонда ҳам: “Сиз ўзингизни ўзгартирмагунингизча, Аллоҳ сизларни ўзгартирмайди” (Раъд сураси, 11-оят) деб айтилган. Ўзгариш учун конкрет қадамлар зарур.
Биринчидан, кичик ва давомий амалларни одат қилиш зарур. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: “Аллоҳнинг энг севимли амали – оз бўлсада, давомий қилингани.” (Бухорий ва Муслим) Бу шуни англатадики, ҳар куни кичик амал қилиш, катта режалардан тузаверишдан кўра самаралироқ. Мисол учун, ҳар куни Қуръондан бир оят ёд олиш ёки ҳар тонг 10 дақиқа Аллоҳни зикр этиш.
Иккинчидан, “маълумотлар диетаси”ни бошлаш. Ахборотнинг ҳаддан ташқари кўплиги инсонни ақлан чарчатади. Шу боис, бирор янги билимни ўқишимиз ёки тинглашимиз давомида ўзимизга савол берайлик: "Мен бунга амал қиламанми?"
Саволнинг жавоби "йўқ" бўлса, янги маълумотни излашдан кўра, мавжуд билимимизни ҳаётга татбиқ этишга вақт ажратайлик.
Учинчидан, ҳисобот тизимини жорий қилиш: Билганларингизни неча фоизига амал қилаётганизни текширинг? Имом Шофеий айтадилар: “Билимнинг меваси амал бўлиб, у амалга ошмаса, унинг фойдаси йўқ”. Ҳар куни эрталаб ёки кечқурун ўзингизни ҳисобга тортинг – бу руҳий интизомни оширади.
Тўртинчидан, дўстлар ва жамоа бўлиб амал қилиш. Бирликда қилинган амаллар ёлғизликдаги амаллардан мустаҳкамроқ. Қуръонда: “Яхшилик ва тақво билан бир-бирингизга ёрдам беринглар” ("Моида" сураси, 2-оят) деб айтилган.
Якунда шуни унутмаслик керак: илм ва маълумотлар бизнинг мақсадимиз эмас, воситамиздир. Мақсад эса Аллоҳни севиш, қалбни поклаш, ҳаётни гўзал қилиш ва охиратга тайёргарликдир. Фақат ўзимизни ўзгартириш орқалигина нажот топишимиз мумкин. Билим биз учун юк эмас, зулматдан ёруғлик сари учишимизга ёрдам берадиган қанотларимиз бўлсин. Бунинг учун билганимизга амал қилишимиз керак.