23.08.2025 17:29
416

Мулоҳаза: Истанбулда тўй харажати 1 млн лирага етди, Ўзбекистонда-чи?

Истанбулда тўй қилишнинг ўртача харажати 1 млн лирага яқинлашди. Режалаштириш агентлиги (İPA) маълумотларига кўра, турклар оддий тўй қилиш учун 850 минг лира (≈ 20,7 минг доллар), очиқ осмон остидаги тўй учун эса 982 минг лира (≈ 23,9 минг доллар) сарфлашади.

Бу ҳисоб-китобларга хина қўйиш, нишон, тақинчоқ тақиш маросимлари ва асал ойи харажатлари киритилмаган.

Ҳайрон бўлманг, Ўзбекистонда ҳам вазият бу ердан қолишмайди. "Юксалиш" ҳаракатининг жорий йил июнь-июль ўтказган сўровномасига қарасак, юртимиздаги кўп оилалар тўй қилиш учун 50–100 млн сўм (≈ 4–8 минг доллар) ва ундан ҳам кўпроқ пул сарфламоқда. Эътиборлиси, сўровнома иштирокчиларининг 81 фоизидан кўпи ойлик даромадини 5 млн сўмдан 12 млн сўмгача деб кўрсатган. Тўй харажатлари миқдорини ҳисобга олсак, бу кўпчиликнинг бир йиллик даромадига тенг маблағ, дегани.

Бу ҳам етмагандек, иштирокчиларнинг 25 фоизи тўйни қарзга қилаётганини билдирган. Бунга сабаб сифатида жамоатчилик босими, "элга тўй бериш" мажбурияти ва ота-оналар орзуси кўрсатилган.

"Хўш, нима бўлибди? Пул ўзиники бўлса, билганини қилсин!" дейиш миллат манфаати учун қайғурмаслик ҳамда лоқайдликдан бошқа нарса эмас. Сабаби бугун тўй харажатлари кун сайин ошиб бораётган Туркиядаги муаммолардан ибрат олиб, ўзимизни ислоҳ қилишимиз керак. Бунинг учун биринчи навбатда азалий дардимиз бўлган дабдабали тўйга муккадан кетишимизнинг салбий оқибатларини тушунайлик. 

Ижтимоий оқибатлар: 

Дабдабали тўйлар барча учун оғир молиявий юк бўлиб, ёшларнинг турмуш қуришдан қочишига ёки никоҳни кечиктиришига сабаб бўлади. Статистик маълумотларга кўра, Туркияда туғилиш коэффициенти 2001 йилда 2,38 бўлган бўлса, 2024 йилда 1,48 гача тушди. Бу даража аҳоли ўзини ўзгартиролмаслик (self-replacement) чегарасидан паст. Ўзбекистонда ҳам 2025 йилнинг I ярмида 405,5 минг чақалоқ туғилган. Бу кўрсаткич 2023 йилга нисбатан 29,1 мингга камайгани, демографик ўсиш суръати пасаётганидан дарак.  

Иқтисодий оқибатлар:

Бу ишчи кучининг қисқариши ва ижтимоий таъминот тизимига оғир юк тушиши дегани. Ўзбекистонда ҳам туғилиш даражаси тушишда давом этса, ёш аҳоли улуши камайиб, иқтисодий ўсиш суръати ҳам пасайиб боради. 

Ахлоқий оқибатлар:

Ёшларнинг турмуш қурмаслиги ёки никоҳни кечиктириши оқибатида жамиятда маънавий-ахлоқий таназзул бошланади: ҳаром муносабатлар, фаҳш, зино урчийди. Оилавий муносабатлар инқирозга юз тутади.

Хулоса ўрнида

Анас ибн Моликдан  ривоят қилинади: Расулуллоҳ ﷺ Абдураҳмон ибн Авфда сариғ (атр) асари борлигини кўриб: “Бу нима?” дедилар. У: “Бир аёлга навоҳ (хурмо донаси вазнича) олтин  (маҳр бериб) уйландим”, деди. Шунда Набий ﷺ: “Баракаллохуллаҳ лака; авлим валоу бишат (Аллоҳ баракотли қилсин, бирта қўй сўйиб бўлса ҳам валима қил)” дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Қўшимча ишоралар

•  Набий ﷺ ўз никоҳларида ҳам оддий валималар қилганлар: масалан, Зайнаб (р.а.) никоҳида бир қўй билан; Сафия (р.а.) никоҳида ҳайс (хурмо-равған-қатик аралашмаси) билан. Бу валиманинг сарф-соқини ихтиёрий, исрофсиз ва ҳолатга қараб бўлишини кўрсатади. 

Ҳукм (фиқҳий хулоса)

•  Ушбу ҳадислар валиманинг Суннат муаккада эканини, имкони бор кишига қўй сўйиш маъқул амал эканини, аммо валима ҳар қандай таом билан ҳам бўлиши мумкинлигини кўрсатади. 

Абдураҳмон ибн Авф (р.а.) уйланганларида Пайғамбаримиз ﷺнинг “أَوْلِمْ وَلَوْ بِشَاةٍ” — “Валима қил, бирта қўй бўлса ҳам” деган амрлари Бухорий ва Муслимда саҳиҳ йўллар билан собитдир.

Маълумот учун айтиб ўтмоқчиман: Абдураҳмон ибн Авф (р.а.)нинг умрлари охирида уларда 3.103.000.000 (уч миллиард бир юз уч миллион) динор бор эди (1 динор = 4.36грамм олтин дегани). Агар бу олтинни ҳозирги халқаро валютага ўгирадиган бўлсак, 550 млрд $ миқдорга тенг бўлади. 

Ҳозирда жаҳоннинг энг бой сармоядорининг умумий бойлиги Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳунинг бойликларини ярмига ҳам етмайди. Аммо бу зот шундай мол-мулк соҳиби бўла туриб ҳам бу бойликдан беҳожат умр кечирдилар.

Кибр ва зийнат уларни четлаб ўтди. Ва бу киши тириклигидаёқ Жаннат башорати берилган 10 саҳобанинг бири бўлдилар.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.