07.05.2025 18:08
247

"Ўлмас полк" қандай пайдо бўлиб қолди ва у кимнинг тегирмонини айлантирмоқда?

Ҳар йили 9 май яқинлашгани сари айрим собиқ совет давлатларида “Ўлмас полк” машмашаси бошланади. Бу юриш қаердадир тақиқланади, ташкилотчилар эса одатдагидек норозилик билдириб, ғалва кўтаради. Баъзилар: "Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларини хотирлашнинг нимаси ёмон?" деб сўрашади. Аслида “Ўлмас полк” юришларини тақиқлаган собиқ совет давлатлари Иккинчи жаҳон урушида эришилган ғалабага қўшган ҳиссаларини инкор этмайди, албатта. Уларнинг хавотирлари бошқа масала билан боғлиқ. Советча ҳарбий форма, аскарларнинг суратлари, Георгий лентаси, урушни ва Совет Иттифоқини эсга солувчи бошқа размлар... Буларнинг бари аслида ҳам беозорми?..

“Ўлмас полк”нинг пайдо бўлиши

Келинг, дастлаб “Ўлмас полк” тадбири қачон ва қаерда келиб чиққанига қисқача тўхталиб ўтсак. Бу юриш илк бор 2012 йилнинг 9 майида Россиянинг Томск шаҳрида Сергей Лапенков, Сергей Колотовкин ва Игорь Дмитриев исмли журналистларнинг ташаббуси билан ўтказилган. Тадбир Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, фронт ортида меҳнат қилганлар, концлагерларга ташланганлар ва уруш болаларининг расмларини кўтариб ўтиш орқали уларни хотирлашни назарда тутади. 
Вақт ўтиши билан “Ўлмас полк” юриши оммалашиб, нафақат Россия бўйлаб, балки бошқа давлатларда ҳам ўтказиладиган бўлди. 2014 йилга келиб эса Россияда “Ўлмас полк” номидаги жамоатчилик ҳаракати – нодавлат-нотижорат ташкилот рўйхатдан ўтказилди. 

2015 йилнинг 9 майида Москвадаги Қизил майдонда биринчи марта кенг миқёсли “Ўлмас полк” юриши ўтказилди. Унда отасининг портретини кўтариб олган Россия президенти Владимир Путин ҳам қатнашди. Яъни ўша йили мазкур тадбирга давлат миқёсида эътибор қаратилгани яққол намоён бўлди. 

Айнан 2015 йилда “Россиянинг ўлмас полки” номли ҳаракат ҳам ташкил этилди. Мазкур ҳаракат “Ўлмас полк” юришининг давлат-мафкуравий йўналишини кучайтириш, бу тадбирни хорижий давлатларда ҳам тарғиб қилиш билан шуғулланади. “Ўлмас полк” жамоатчилик ҳаракати етакчиларидан бири Сергей Лапенковнинг фикрича, ушбу тадбирга расмийларнинг аралашуви дастлабки моҳиятининг йўқолишига ва мутлақо сохта акцияга айланишига олиб келди. 

Хуллас, Россия Томскида пайдо бўлган “Ўлмас полк” тадбири бошқа давлатлар, хусусан, собиқ совет мамлакатларида ҳар йили тарғиб қилиб келиняпти. Кимлардир албатта шу тадбирни тиқиштиради. “Йўқ, 9 майни ўзимизга хос, қадриятларимизга мос қилиб, Хотира ва қадрлаш куни сифатида ўтказамиз”, десангиз борми, “Ўлмас полк”нинг маҳаллий ташкилотлари ижтимоий тармоқларда аюҳаннос кўтариб, ўзларига ўхшаганлар билан бирга жазавага туша бошлайди. 

“Ўлмас полк” ва “юмшоқ куч” сиёсати

Бир неча йил олдин “Миллий тикланиш” партияси етакчиси Алишер Қодиров “Ўлмас полк” тадбирини танқид қилиб, шундай деган эди: “Ўлмас полк” – “юмшоқ куч” намойиши, совет бирлигига тарғибот қуроли эканлигини тушунмаган қолмади. Биз бундай намойишларга қаршимиз! Инсониятнинг фашизм устидан ғалабасида ўзбек халқининг сезиларли иштироки бор. Оталаримизнинг босқинчилар ва бузғунчи миллатчиларга қарши озодлик учун курашлари қиёматгача хотираланиши ва қадрланиши керак. Биз учун қадрлаш уларнинг суратларни шаҳар бўйлаб кездириш эмас, руҳларига дуолар қилиш, улар учун у дунёнинг яхшиликларини тилашдир. Шаҳидларимизнинг пок хотирасини қадрлаш керак, манфур сиёсий мақсадларга яна бир марта қурбон қилиш эмас!”

Россиялик олима, Жанубий федерал университет доценти Татьяна Подшибякина ҳам “Ўлмас полк”ни Россия томонидан турли мамлакатларда амалга оширилаётган “юмшоқ куч” сиёсатига мисол эканлигини таъкидлаган. Унинг ёзишича, ушбу тадбирни хорижда тарғиб қилишда Россиянинг TASS, РИА  Новости, REGNUM сингари ахборот агентликлари ва йирик нашрлари, шунингдек, хорижда яшайдиган рус жамоаларининг ахборот имкониятларидан фойдаланилади. 

“Юмшоқ куч” атамасининг муаллифи америкалик олим Жозеф Най ҳисобланади. “Юмшоқ куч” – бирор геосиёсий мақсадга зўравонликларсиз эришиш йўли демакдир ва шу жиҳати билан “қаттиқ (ҳарбий) куч”дан фарқ қилади. Сиёсатшунос Суҳроб Бўроновнинг фикрича, сиёсатда “юмшоқ куч” – бу ўз манфаатларингизни бошқаларнинг манфаат ва истакларига айлантириш ҳисобланади. Бунда бир мамлакат иккинчисига таклиф қилган ғоя охир оқибатда яна биринчисининг манфаатига хизмат қилади.

Хўш, Россия “Ўлмас полк” тадбиридан “юмшоқ куч” сифатида фойдаланиш орқали нималарни кўзлайди?
Россиянинг собиқ совет мамлакатларини ўз таъсир доирасида сақлаб туришни хоҳлаши сир эмас. “Ўлмас полк” ҳам ана шу истакка хизмат қилувчи воситалардан биридир.  
Россия “Ўлмас полк” юриши орқали собиқ совет давлатларини тарихий хотира атрофида бирлаштиришга, фашизм устидан қозонилган ғалабанинг асосий меросхўри ўзи эканлигини эслатишга уринади.

Яъни “Биз бир пайтлар бир давлат бўлганмиз, Россиянинг бошчилигида урушда ғалабани қўлга киритганмиз”, демоқчи бўлади. 

“Ўлмас полк” орқали рус тилининг мавқеи сақлаб қолишга ҳаракат қилинади, чунки мазкур тадбир одатда рус тилида ўтказилади. Бу эса хориждаги русийзабонлар ўртасида бирлик ҳиссини кучайтиришга хизмат қилади.

Умуман, ушбу тадбир собиқ совет давлатларида яшайдиган руслар ва русийзабонлар ҳамда Россия ўртасидаги маданий яқинликни сақлаб қолиш воситаларидан биридир.

“Ўлмас полк” юриши совет даври размларига бой бўлиб, Совет Иттифоқини соғинганларда ностальгия уйғотади: Совет Иттифоқи байроғи, советча ҳарбий форма, СССР деб ёзилган кийим кийганлар ва ҳоказо. Тадбир қатнашчилари Георгий тасмасини кўксига тақиб олади, портретларнинг бир четига шу тасма чизилган бўлади (эҳтимол, бу билан Россия ўзининг босқинчилик тарихининг рамзларидан бирини яхши кўрсатишга уринар, лекин биз унутганимиз йўқ: худди шу тасма ўз вақтида заминимизга бостириб келган рус ҳарбийларига берилган “Қўқон хонлигини забт этгани учун”, “Марказий Осиёга юриши учун”, “Хива хонлигига юриши учун” каби медалларни “безаб” турган эди). 

Россия “Ўлмас полк” сингари тадбирлар орқали собиқ совет давлатларида ўзининг геосиёсий таъсирини кучайтиришга уринар экан, ўша давлатлардаги маҳаллий халқларнинг қадриятлари билан ҳисоблашиб ўтирмайди. Айтайлик, ўзбек халқи ўтганларни хотирлаш учун уларнинг портретини кўтариб юрмайди, балки дуои фотиҳа ўқийди. Бироқ Россияга қўйиб берса, 9 майни ўзимиз хоҳлагандек эмас, у хоҳлагандек ўтказишимиз керак, шу боис “Ўлмас полк”ни тиқиштирмоқчи бўлаверади.   

Муҳаммад Шариф 

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.