Ўлимга маҳкум этилган ўзбеклар: замон зўрникми?
Ўтган 2024 йилнинг охирги ойларида Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) уч нафар ўзбекистонлик томонидан содир этилган қотиллик дунё бўйлаб катта шов-шувларга сабаб бўлди. Аммо бу сафар ҳам сионистик режим билан боғлиқ хабарлар етакчи оммавий ахборот воситалари орқали фақат бир тарафлама ёритилди.
Дастлабки мулоҳаза
Аслида турли минтақаларда, турли мотивлар билан боғлиқ қотиллик жиноятлари деярли ҳар куни содир этилади. Аммо ҳаммаси ҳам дунёга жар солиниб, инсоният диққатини тортавермайди.
Айниқса, жаҳон бўйлаб антисемитизм кайфияти шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда, яҳудий миллатига мансуб шахсларнинг ўлими билан боғлиқ жиноятлар албатта шов-шувларга сабаб бўлиши керак, деган тушунча шаклланиб қолди. Бундай хабарларни шов-шув қилиб, дунё оммаси ўртасида тарқатиш хизматини бажариб берувчи омил, табиийки, оммавий ахборот воситалар ёки замонавий атамада айтганда медиа соҳаси вакиллари ва компаниялар ҳисобланади.
Бугунги дунёдаги энг йирик, етакчи медиа компаниялар, ижтимоий тармоқларнинг аксарияти бевосита сионист-яҳудийлар томонидан бошқарилиши, назорат қилиниши барчага аён. Айниқса 2023 йилнинг 7 октябридан бундай фикрларни тасдиқлаш учун исбот-далил келтириш шарт бўлмай қолди. Булар факт, асло конспирологияга алоқадор эмас.
Қарийб бир йилдан ортиқ вақт давомида Исроил томонидан содир этилаётган геноцид ва этник тозалашдек инсониятга қарши жиноятларни холис, объектив ёритиш масаласида дунёнинг энг йирик етакчи медиа компанияларининг фаолияти ҳақида хулоса қилиш учун керагидан ҳам ортиқ мисоллар тўпланиб қолган. Аксинча, Исроилнинг сионистик режими томонидан содир этилаётган ҳарбий жиноятларни яширишга уриниш ёки юмшатиб кўрсатиш каби ҳаракатлар бугунга кунга қадар давом этиб келмоқда.
Бироқ 2024 йилнинг охирги ойларида Бирлашган Араб Амирликларида (БАА) уч нафар ўзбекистонлик томонидан содир этилган қотиллик дунё бўйлаб катта шов-шувларга сабаб бўлди. Аммо бу сафар ҳам сионистик режим билан боғлиқ хабарлар энг йирик, етакчи дея эътироф этиладиган оммавий ахборот воситалари орқали фақат бир тарафлама ёритилди. Бундай даъвонинг исботи учун айнан улар томонидан тарқатилган хабарлар асосида ушбу таҳлилий материал тайёрланди.
БААда қандай қотиллик жинояти содир этилганди?
Мавзуга аниқлик киритиш учун анъанавий оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилган хабарлар асосида жамланган маълумотларни кўриб чиқиш керак бўлади.
Демак, 2024 йил 21 ноябрида БААда яшовчи исроил-молдован ортодоксал раввини Цви Коган ўғирлаб кетилди.
Унинг жасади 2024 йил 24 ноябрь куни топилди. Террорчилик ҳаракати деб таснифланган қотиллик уч нафар Ўзбекистон фуқароси томонидан содир этилгани тахмин қилинди.
Цви Коган шахси ҳақида
Цви Коган 1996 йилда Қуддуснинг Рамат Шломо туманида Александр ва Этҳел Коган оиласида туғилган. У катта акаси Реувен билан бирга Литвак Ҳареди оиласида тарбияланган.
Коган ўсмирлик чоғида Қуддусдаги Ешива (яҳудийларнинг олий диний муассасаси) Маоз Ҳаилда, Бней Бракдаги Ешива Раббеину Хаим Озерда ва ниҳоят Қуддусдаги Ешива Мирда таҳсил олган. Бирлашган Араб Амирликларига (БАА) кўчиб ўтишдан олдин Исроил мудофаа кучларининг 84-Гивати пиёдалар бригадасида мажбурий ҳарбий хизматни ўтаганлиги қайд этилган. У Исроил ва Молдова давлатларнинг фуқароси, яъни икки фуқаролиги бўлган.
Коган ва унинг рафиқаси, АҚШ фуқароси Ривки (Шпильманда туғилган) 2022 йилда турмуш қуришган. Рафиқаси бир пайтлар Ҳиндистон Мумбайидаги ҳужумлар пайтида исломий жангари гуруҳ томонидан рафиқаси билан бирга ўлдирилган Хабад раввин Гавриэл Ноах Ҳольцбергнинг жияни ҳисобланади.
Коган ультра-ортодоксал раввин ва ортодокасал яҳудийларнинг хасидлар ташкилоти бўлган Хабаднинг Абу-Даби бўлими вакили эди. БАА 2020 йилда “Иброҳим сулҳи”га биноан Исроил билан дипломатик муносабатларни нормаллаштирганидан бери ўша ерда фаолият кўрсатиб келган. Коганнинг иудаизмни тушунтириш, бу дин ҳақидаги афсона ва стереотипларни йўқ қилиш устида ишлаб келганлиги айтилади. У БАА бош раввини Леви Дучманнинг ёрдамчиси бўлган. Шунингдек, Дубайнинг Ал Васл кўчасида жойлашган Rimon кошер супермаркетини резидент сифатида бошқариб келган. Хабаддагиларнинг айтишича, у Дучман билан "БААдаги яҳудийлар турмуш-ҳаётини кенгайтириш учун ишлаган", жумладан, кошер таомларини тақдим этиш ва шу мамлакатдаги биринчи яҳудий таълим марказини очиш асл мақсади бўлган.
Коганнинг ўғирлаб кетилиши ва ўлдирилиши
Ўғирланишидан олдин Коганни охирги марта Дубайдаги ўзи бошқарадиган кошер супермаркетида кўришган. Кейин у режалаштирилган учрашувларга келмайди, рафиқаси ҳам Коган билан боғлана олмайди. Рафиқаси бу ҳақда Хабаднинг хавфсизлик бўйича бошлиғига хабар беришга мажбур бўлади, Хабаддагилар эса, ўз навбатида, маҳаллий идорани хабардор қилади. Коган расман 2024 йил 21 ноябрь куни тушдан буён бедарак йўқолган. Бироқ Коганнинг оиласи бир кун аввал алоқага чиқишни тўхтатганини айтишади.
Исроил бош вазири идораси 2024 йил 23 ноябрда Моссад номидан Коганнинг ғойиб бўлганини эълон қилади ҳамда Исроил хавфсизлик ва разведка хизматлари воқеани тергов қилаётгани ҳақида баёнот беради. Бу Исроил разведка агентлиги Моссад ва Амирлик расмийлари томонидан қўшма тергов ўтказиш учун туртки бўлади. Исроил делегацияси терговга ёрдам бериш учун БААга етиб келади. Моссад унинг ғойиб бўлишини террорчилик ҳаракати сифатида баҳолаб, терговга раҳбарлик қилади.
Когоннинг машинаси ва телефони Абу-Дабининг Ал-Айн туманида, Дубайдан 150 километр узоқликда ва Уммон билан чегарада ташлаб кетилган ҳолда топилади. Унинг машинасидан қон излари ва шиддатли кураш бўлганлигига оид далиллар топилади.
Дастлабки маълумотларга кўра, Коган ўзи бошқарган “Rimon” супермаркетидан чиқиб, шаҳарга кетаётганда унинг ортидан уч ўзбекистонлик тақиб қилгани айтилади. Терговчиларнинг айтишича, ҳужумчилар Коганни ўғирлаш ва ўз машинасида Ал-Айнга олиб боришдан олдин унинг ҳаракатларини кузатиб боришган ва у ўша ерда ўлдирилган. Сўнгра ҳужумчилар Туркияга қочиб кетишган.
Исроилнинг Моссад разведка агентлиги Коган қотиллигида Эронни алоқадорликда айблаб чиқади. Эроннинг БААдаги элчихонаси Эроннинг бу қотилликка алоқасини рад этади ва бундай айбловни тасдиқловчи ҳеч қандай далил тақдим этилмаганини ҳақида баёнот беради.
Унинг жасади 2024 йил 24 ноябрда топилади. Ўлдирилган кунига қадар Коган 28 ёшда бўлади.
Ўзбекларнинг ҳибсга олиниши
24 ноябрь куни БАА Ички ишлар вазирлиги Коганни ўғирлаш ва ўлдиришда гумон қилинган уч нафар Ўзбекистон фуқароси ҳибсга олинганини маълум қилади. Ўзбек матбуоти гумонланувчиларнинг исмлари Олимбой Давлатёров, Маҳмуджон Кенжабоев ва Азизбек Исмоилов эканини ёзади. Аммо БАА Ички ишлар вазирлиги ўз баёнотида негадир фақат уларнинг исми ва отасининг исмини кўрсатди
БАА ҳукумати талабига биноан Туркия Миллий разведка ташкилоти ва Истанбул полицияси томонидан олиб борилган махфий операция натижасида уч нафар гумонланувчи Туркиянинг Истанбул шаҳрида таксида аэропортдан чиқиб кетаётиб ҳибсга олинади. Шундан сўнг гумондорлар БАА илтимосига кўра Туркия идоралари томонидан Амирликларга экстрадиция қилинади. Ўз навбатида, БАА тегишли вазирлиги суд жараёни бошланганини эълон қилади ва тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, уч ўзбекистонлик ўлим жазосига ҳукм қилинган.
Ўлимга ҳукм қилинганлиги ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда маҳкумлардан бирининг ўз онаси ва синглиси билан телефон орқали қилган суҳбати тарқалганидан кейин янада кўпроқ тасдиғини топди. Жумладан, илгари Twitter номи билан танилган Х- ижтимоий тармоғида маҳкумлардан бири ўлим ҳукми ҳақида онаси ва синглисини хабардор қилади: "Учаламиз ҳам ўлим жазосига маҳкум этилдик", дейилади аудиоёзувдаги эркак овозида. “Ушбу муборак Лайлатул қадр кечасида сизларга яна бир нарсани айтмоқчиман – Аллоҳга иймон келтиринг, бизларда ҳаққи қолган одамлардан бизни кечиришларини, биздан рози бўлишларини сўранг”. Суҳбат чоғида онаси ва синглисининг йиғлаши эшитилади ва уларни “сабр қилинглар, бизнинг ҳаққимизга Аллоҳдан сўраб дуо қилинглар”, дея далда беради суҳба якунида.
Расмийларнинг реакциялари
Исроил бош вазири Беняьмин Нетаняху қотилликдан "чуқур ҳайратда қолганини" айтади ҳамда қотиллар ва "уларни ёллаганларни" жавобгарликка тортиш учун барча воситалардан фойдаланишга ваъда беради. Исроил президенти Исаак Герцог ҳам қотилликни қоралаб чиқади.
Молдова ҳукумати буни “антисемитизм ҳаракати” деб атайди.
Қўшма Штатларда ўша пайтда иқтидорда бўлган Байден маъмурияти қотилликни қоралаб, бу "тинчлик, бағрикенглик ва биргаликда яшаш тарафдори бўлганларнинг барчасига қарши даҳшатли жиноят" эканлигини ва "бу жиноятни содир этганлар ва уларни қўллаб-қувватлаганларнинг барчаси тўлиқ жавобгарликка тортилиши кераклигини" айтади.
АҚШ Конгресси аъзоси Стени Хоер шундай дейди: "Мен бегуноҳ тинч аҳолига қарши содир этилган ушбу терактни тўлиқ қоралайман. Биз бутун дунё бўйлаб кузатилаётган антисемитизмнинг кучайиши қабул қилиниши мумкин эмас ва яҳудийлар ҳамма жойда хавфсиз бўлиши керак, деб ҳисоблайман".
АҚШ Конгресси аъзоси Ритчи Торрес: "Раввин Цви Коганнинг антисемитлар томонидан ўғирлаб кетилгани ва ўлдирилиши ҳақидаги хабардан даҳшатга тушдим, у шунчаки яҳудий бўлгани учун ўғирлаб кетилган ва ўлдирилган. Унинг хотираси баракали бўлсин". Торрес ўз мақоласининг сарлавҳаси учун Тhe New York Timesни ҳам танқид қилади. Чунки Тhe New York Times газетаси биринчи хабарида “Дубайда ғойиб бўлган исроиллик раввин ўлик ҳолда топилди” сарлавҳаси остида ушбу мавзу ҳақида мақола эълон қилади; нашр Коганнинг ўғирлаб кетилгани (нафақат ғойиб бўлган) ва ўлдирилгани (нафақат ўлган) фактини камайтиргани учун танқид қилинганидан сўнг газета кейинчалик сарлавҳасини шундай ўзгартиради: “Исроиллик раввин БААда ўғирлаб кетилди, ўлдирилди”.
Ўша пайтдаги АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Амирлик ташқи ишлар вазири Абдулла бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон суҳбатида Коганнинг ўғирланиши ва ўлдирилишини қоралайди. АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Метью Миллернинг айтишича, Блинкен "Қотилликка жавобан БАА ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан кўрилган тезкор чораларни олқишлайди".
Нью-Йорк губернатори Кети Хочул Раввин Цви Коганнинг ўғирланиши ва ўлдирилишидан даҳшатга тушганини айтади. “Унинг оиласи ва яҳудий жамияти учун қалбим ачиди. Унинг хотираси баракали бўлсин”, дея муносабат билдиради.
Нью-Йорк мэри Эрик Адамс шундай дейди: "Хабад раввин Шалиач Цви Коганинг “ваҳшиёна ва бемаъни ўлдирилиши” ҳақида хабар олганимдан жуда қаттиқ хафа бўлдим. Юрагимиз ва ибодатларимиз унинг рафиқаси, нью-йорклик фуқаро, унинг бутун оиласи ва яҳудий жамоатчилиги учун мотам тутмоқда".
2024 йил 25 ноябрь куни АҚШнинг бугунги президенти Дональд Трампнинг куёви, 2020 йилда БАА ва Исроил ўртасидаги муносабатларни нормаллаштирган “Иброҳим сулҳи”га воситачилик қилган Жаред Кушнер ва унинг рафиқаси, Трампнинг қизи Иванка Трамп БААдаги Коган ишлаётган Хабад марказига 1 миллион доллар хайрия қилишини билдиради. Кўп ўтмай Кушнернинг акаси ва келини Жошуа Кушнер ва Карли Клосс ҳам хайрияга қўшимча яна 1 миллион доллар қўшишади.
БААнинг АҚШдаги элчиси Юсуф Ал Отаиба Коган қотиллигини “БААга қарши жиноят” деб атаб, “Биз ҳар қандай турдаги экстремизм ва ақидапарастликни рад этамиз”, деб ёзади.
БАА Ташқи ишлар вазирлиги Коган оиласига ҳамдардлик билдиради. Шунингдек, улар Туркияга “жиноятчиларни ҳибсга олишда ҳамкорлик қилгани” учун миннатдорчилик билдиради.
БАА, шунингдек, терговга раҳбарлик қилган Амирлик расмийларининг профессионаллигини юқори баҳолайди.
Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ҳам ўз мамлакати ушбу қотилликни тергов қилишда БАА ва Исроил ҳукумати билан яқиндан ҳамкорлик қилганлигини маълум қилади. Жумладан, расмий баёнотда шундай дейилади: “Ўзбекистон халқи барча дин ва миллат вакилларига доимо дўстона муносабатда бўлиб келган. Ўзбекистон ҳеч қачон миллатчиликнинг ҳеч бир кўринишига тоқат қилмаган ва бундай бўлмайди ҳам”.
Америка Мусулмон ва Кўп конфессияли Аёллар ҳуқуқларини кенгайтириш кенгаши (АММWEC) ҳам ушбу қотилликни қоралаб чиқади. АММWEC президенти ва бош директори Анила Али Коганнинг ўлдирилишида “араб дунёси ва Ғарбдаги” антисемитизмни айблайди, “эркин дунё” ва “араб мамлакатлари” етакчилари антисемитизм тарқалишининг олдини олиш учун кўпроқ ҳаракат қилишлари кераклигини айтади.
Хабад Нью-Йоркда Коган хотирасига яҳудий аёллар коллежини ташкил этиш учун 50 миллион долларлик кампанияни режалаштирганини маълум қилади.
Айрим нашрлардаги тахминлар
BBCнинг Яқин Шарқ бўйича эксперти Мурат Батал Коганнинг ўлдирилиши хорижликларни, хусусан Исроил фуқароларини БААга ташриф буюриш хавфсиз бўлмаслиги ҳақида ўйлашга мажбур қилиши ҳақида ёзади.
Қолаверса, Ўзбекистон фуқароларининг жиноятга алоқадорлиги ҳақидаги иддаолар Марказий Осиёда экстремистик мафкура тарқалишининг яна бир далили бўлиши мумкинлигини қайд этиб ўтади.
Хусусан, экспертлар бу одамларнинг ИШИДнинг афғон ячейкаси эканлиги айтиладиган “Вилояти Хуросон” гуруҳи билан алоқаси бор ёки йўқлигини аниқлашга ҳаракат қилиши ҳамда ушбу гуруҳ Ўзбекистон ва бошқа қўшни давлатлардаги одамларни фаол равишда ёллагани ҳақида ёзади.
Баъзи исроиллик сиёсатчилар қотилликнинг дастлабки куниданоқ Эронни айблашгани ва ўз навбатида Эрон расмийлари бундай даъволарни рад этганини эслаб ўтади таҳлилчи Мурад Батал.
Шунингдек, БАА расмийлари Коган қотиллигининг бошқа сабабларини ҳам инкор этмадилар, дея қўшимча қилади у.
Бироқ Исроил нашрларидан бири Исроил разведкаси маълумотларига таяниб, ушбу ҳужум ортида Эрон турмаганлигини, аммо жиноят террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланиши ҳақида ёзади.
Исроилнинг ушбу нашри, шунингдек, “Коганнинг ўлдирилиши БААдаги кичик, аммо ривожланиб бораётган яҳудий жамоасига зарба бўлди, бу ХХ асрда яҳудийлар оммавий сургун қилинганидан кейин Яқин Шарқдаги биринчи янги яҳудий жамияти эди. Ғазодаги уруш даврида Европа ва Қўшма Штатларда антисемитизм кучайганига қарамай, Амирликдаги яҳудийлар ўзларини нисбатан хавфсиз ҳис қилишган. Цви Коган дўстларига араб мамлакатида ҳаётига ҳеч қандай таҳдид сезмаслигини бир неча бор айтган”, дея ёзади.
Якуний мулоҳаза ва хулоса
Дастлабки мулоҳазадаги таъкидларни давом эттириб, юқорида бир талай маълумотлар, расмийларнинг бу қадар реакциялари биргина қотиллик билан боғлиқлигини эслатиб ўтиш керак. Ваҳоланки, бутун дунё кўз ўнгида айни пайтга қадар инсониятга қарши жиноятлар - геноцид ва этник тозалашдек ҳарбий жиноятлар содир этилмоқда. Аммо мана шу биргина жиноятга нисбатан расмийларнинг, медиа экспертларнинг муносабатини солиштириб кўриш, дастлабки мулоҳазалардаги етакчи медиа компанияларнинг нохолислиги билан боғлиқ хулосаларни яна бир карра тасдиқлаб беради.
Коганинг ўлдирилиши, унинг шахси ҳақида хабар тарқатмаган нашрнинг ўзи қолмади. Юқоридаги реакцияларнинг деярли барчаси фақат Цви Коган атрофида бўлган ва фақат яҳудийлар ҳимояси, манфаати учун муносабатлар билдирилган. Аммо унинг қотиллари сифатида БАА суди томонидан ўлимга маҳкум қилинган уч нафар ўзбекистонлик ёшларнинг шахси ҳақида, уларни бу жиноятни содир этишга сабаб бўлган омиллар, мотивлар умуман ўрганилмаган ва ҳатто оддий тахминлар ҳам берилмаган.
Албатта, айрим йирик нашрлар шунчаки буни антисемитизм кайфияти билан боғлаб, қисқача қилиб Ғазодаги уруш билан боғламоқчи бўлишган. Аммо журналистик суриштирув ўтказиб, таҳлил қилиб, мавзуга чуқур киришилмаган. Аксинча, Мурад Батал каби ВВС экспертлари учун жиноят содир этган уч нафар ўзбекистонликлар шахси ҳақида, уларни бу жиноятни содир этишга нима мажбур қилгани бўйича изланиш ўтказишдан кўра, Ўзбекистондаги экстремизм ғоялари тарқалиши учун далил ясаш кўпроқ қизиқроқ бўлганлигини кўриш мумкин.
Бундай “далил ясаш” орқали келажакда Ўзбекистонда диний эркинликка нисбатан тақиқлар кучайиши ва ўз динига имкон қадар мукаммал амал қилишни истайдиган мусулмонларга нисбатан янада кўпроқ назорат, босимлар жорий этилишини таъминлашга хизмат қилаётганлигини наҳотки Мурад Батал каби экспертлар англамаса?
Умуман олганда эса, ушбу жиноят билан боғлиқ бир қанча саволларга деярли бирорта ҳам йирик медиа нашрлардан жавоб топиб бўлмайди. Агар расмийлар ушбу жиноят ҳақида батафсил маълумотни сир тутишаётан бўлишса, ахир бу жиноят содир этилишини зоҳиран, юзаки кузатиб ҳам таҳминий мотивларини бевосита сионистик режимнинг ҳарбий жиноятлари билан боғлигини таҳмин қилиш учун барча асослар мавжуд-ку! Вазиятнинг ўзи яққол кўрсатиб турибди-ку!
Таъкидлаб ўтилганидек, бу мотивларни қайд этган айрим нуфузли нашрлар ҳам бир жумла билан эслатиб ўтган, халос. Ўшанда ҳам геноцид билан боғлиқ жиноятлар тилга олинмаган. Ҳар доимгидай ҲАМАСнинг 7 октябрдан кейинги ҳужумига боғлаб ўтилган. Ваҳоланки, Исроил томонидан бугун содир этилаётган ҳарбий жиноятлар нафақат мусулмон олами, балки мусулмон бўлмаган жамиятларни ҳам ларзага солаётганлигини, уларда ҳам кескин синистларга нисбатан нафратлар кучайиб кетганлигини айнан ўша етакчи медиа компанияларнинг ўзлари ҳам эътироф этиб келмоқда-ку!
Ҳар қандай нафрат ва ғазабнинг ортиб боравериши инсон томонидан бора-бора жиноят содир этилишига сабаб бўлиши мумкин эмасми?!
Хўш, БАА нима учун бунчалик шиддат билан ҳаракат қилиб, тезкорлик билан жиноятчиларни топиб, уларга нисбатан бундай кескин ҳукмни чиқарди?
Аслини олиб қараганда, БАА ҳудуди дунёнинг барча бойлари тўпланадиган хавфсиз минтақалардан бири ҳисобланади. Ҳатто дунёдаги турли криминал гуруҳ вакиллари, ноқонуний йўллар билан бойлик орттирган коррупционерлар ҳам ўзларини бу ерда хавфсиз ҳис этишади ва қайсидир маънода у ерни макон қилиб олганлиги айтилади. “Бўри ўз ини атрофида ов қилмайди”, деган нақлдагидек, жиноят олами вакиллари, коррупционерлар ҳам БАА ҳудудида балки жиноятларини режалаштиришар, аммо у ерда жиноят содир этмайди. Чунки БАА ҳукумати уларнинг жони ва молини ҳимоя қилишни айнан мана шу шартлар билан ўз зиммасига олган ёки шундай келишув билан боғлаб қўйган. Яъни, гўёки “нима қилсанг қилавер, аммо БААга нисбатан бўлмасин ва БАА ҳудудида содир этилмаса бас”, деган шарт қўйилгандек.
Шунинг учун бўлса керак, БААнинг АҚШдаги элчиси Юсуф Ал-Отаиба “Коганнинг ўлдирилиши БААда содир этилган шунчаки оддий жиноят эмас, балки БААга қарши жиноят”, дея таъриф берган. Чунки “Иброҳим келишуви”дан кейин яҳудийларга нисбатан содир этилган бу қотилликка тезкорлик билан муносабат билдириши ва жиноятчиларни тезда топиб, кескин ҳукм чиқаришига айни дипломатик каналлар мажбур қилди, дейилса бир жиҳатдан хато бўлмайди. Қолаверса, дунёдаги энг йирик молиявий ташкилотлар, институтлар, жамғарма ва банкларни бошқариб, назорат қилувчи халқаро сионистлар ташкилотининг БААга нисбатан ишончи ва муносабати салбий тарафга ўзгариб кетишининг олдини олишга қаратилган ҳаракат бўлди. Демак, БАА жиноятчини тезкорлик билан топиб, чора кўришдан манфаатдор бўлган.
Туркиячи? Нима учун турклар қотиллик содир этган уччала ўзбекни ушлаб беришда ёрдам кўрсатди? Ваҳоланки, БАА ва Туркия ўртасидаги дипломатик муносабатлар 2011 йилдаги “Араб баҳори”дан кейин мусулмонларга нисбатан турлича қарашлари туфайли ўн йил давомида таранг вазиятда эди. Ҳатто 2016 йилда амалга ошмай қолган Туркиядаги давлат тўнтаришларида Анқара БААнинг ҳам қўли борлигида айблаб келаётганди.
Тўғри, сўнгги йилларда бу икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар яхшилана бошлади. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған БААга 2024 йил 13 февралда расмий ташрифини амалга оширган. У Дубайда бўлиб ўтган Жаҳон ҳукуматлари саммитида асосий маърузачи сифатида иштирок этган ва саммит доирасида БАА президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан учрашган.
Туркия ва БАА ўртасида жиноятчиларни ўзаро алмашиш бўйича келишув мавжуд. Бу келишув 2011 йил 22 сентябрда имзоланган бўлиб, икки давлат ўртасида жиноят ишлари бўйича ҳамкорликни тартибга солади. (Interpol Law Firm)
Шунингдек, 2023 йил 19 июлда Туркия ва БАА ўртасида янги келишувлар имзоланган, жумладан, жиноят ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам ва экстрадиция тўғрисидаги битимлар тузилган.
Аммо Туркиянинг уч ўзбекни БААга тезкор равишда топширишидан манфаатдорлик учун бошқа бир сабаби борлиги айтилади.
Ўз пайтида, Туркия расмий равишда БААдан таниқли жиноят авторитети Седат Пекернинг экстрадициясини сўраган эди. Пекер илгари Туркия ҳукуматини қўллаб-қувватлаган, аммо кейинчалик ҳукуматни танқид қила бошлаган, юқори мартабали амалдорларни коррупция ва бошқа жиноятларда айблаганди.
2021 йил июнида Туркия судлари унга қарши товламачилик ва жиноий ташкилотни бошқариш каби айбловлар билан ҳибсга олиш ордери чиқарган. Шундан сўнг Туркия уни экстрадиция қилиш ҳақида БААга расмий сўров юборган.
2021 йил сентябрь ойида Туркия 2019 ва 2020 йилларда ҳибсга олинган икки гумонланувчи жосусни Седат Пекерга алмаштиришни таклиф қилган эди. Аммо ўша пайтда БАА бу таклифга расмий жавоб бермаган.
2024 йил ноябрь ойида Туркия БАА билан ҳамкорлик қилиб, Исроил раввини Цви Коганнинг БААда ўлдирилишида гумонланган Ўзбекистоннинг уч нафар фуқаросини ҳибсга олиб, экстрадиция қилганидан сўнг, бу ҳамкорлик икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар илиқлашаётганидан яна бир далолат бериши мумкин ва бу ҳолат Пекер бўйича сўровни ҳам кўриб чиқишга таъсир қилиши эҳтимолдан холи эмас.
Ҳозирча Седат Пекернинг БАА томонидан Туркияга топширилгани ҳақида тасдиқланган маълумот йўқ. Седат Пекарнинг Туркияга олиб келинишидан кўпроқ турк хуқуқ-тартибот идоралари манфаатдор бўлгани учун бўлса керак, БАА учун зарур бўлган ёрдамни тезкорлик билан амалга оширишди.
Етакчи оммавий ахборот воситлари орқали яҳудий раввини Цви Коганнинг ўлдирилиши ҳақида тарқатилган хабарларни кузатиб, унга ачиниш ҳисларисиз муносабат билдирганларнинг кўпчилик қисмини оддий мусулмон кузатувчилар аудиторияси ташкил этган бўлса, БАА ва Туркиянинг ушбу вазиятдаги ҳаракатларидан ажабланганлар нафақат мусулмонлар аудиторияси бўлди, балки бошқалар ҳам таажжубланди. Ваҳоланки, Ғазодаги минглаб болалар ва аёлларнинг қатлиомида иштирок этган ва ҳарбий жиноятларни содир этиб, БАА ҳудудидаги Дубай, Абу Даби каби туристик дам олиш масканларида бемалол, ялло қилиб юрган сионист жангариларига ҳеч қандай жазо чоралари кўрилмаётганлиги адолат мезонлари бузилганидан дарак бериб бўлган эди.
Хусусан, Hind Rajab Foundation (HRF) (https://www.hindrajabfoundation.org/) каби жамоатчилик фаоллари Исроил аскарларининг ҳарбий жиноятларини фош қилиб келаётганига қарамай, бошқа мамлакатлар қаторида араб ва мусулмонлар мамлакатлари ҳукуматлари ҳам ҳарбий жиноятчиларнинг ўз ҳудудларида эмин-эркин юришига имкон бериб қўйганлари таажубланиш учун етарлича асос бўлиши мумкин.
Юқоридагиларни инобатга олиб хулоса қиладиган бўлсак, БАА ва Туркия расмий идоралари ўртасидаги муносабатларда ўзаро диндошлик қарашларидан кўра сиёсий-хуқуқий манфаатдорлик устувор, дейиш мумкин.
Балки Туркия ўзи ушлаб берган ўзбекларга нисбатан БАА томонидан бундай кескин ҳукм чиқарилишини кутмагандир. Балки БАА “Иброҳим сулҳи”га Ислом кўрсатмаларига мос равишда ҳақиқатдан ҳам қатъий риоя қилишга ҳаракат қилгандир, деган яхши гумонларни ҳам истисно қилмаслик керак.
Нохолис етакчи медиа компанияларга келсак, бугун дунёдаги кўпчиликни ўлдирилган Цви Когандан кўра, ўлимга маҳкум этилган уч нафар ўзбекистонлик ҳақидаги холис ахборот материаллари қизиқтиришини уларга эслатиб қўйиш мумкин, холос.
Илҳом Алимов, журналист.
Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламайди