Исроил сўнгги кунларини яшаётган Совет Иттифоқига ўхшаб қолди
Йигирма йил илгари россия-америкалик антрополог Алексей Юрчак Совет Иттифоқи умрининг охирги йигирма йиллигидаги бемаъни ва ғайриоддий воқеликни тасвирлаш учун "гипернормаллаштириш" атамасини киритган эди.
Ўша даврда фуқаролар ҳам, амалдорлар ҳам совет тизими ишламаётганини ва ҳақиқатни акс эттирмай қўйганини ич-ичларидан билиб туришарди — лекин ҳамма гўё ҳеч нарса бўлмагандай яшашда давом этарди.
Берлин девори қулаши ёки қудратли Совет Иттифоқининг 15 та мустақил давлатга парчаланиб кетиши, Россия 1990-йилларда АҚШнинг буғдой импортига қарам бўлиб қолишини жуда кам одамгина башорат қила олди.
Ўтмишга назар ташласак, бу тизимнинг носоғлом қисмларини аниқлаш, Юрчак гипернормаллашган деб таърифлаган ҳолат аслида қанчалар ғайриоддий ва беқарор эканлигини тушуниш осон бўлади.
Эътибор қилинг: яқинда Ғазода Исроил армияси томонидан 15 нафар тиббиёт ходими ва қутқарувчи қатл этилди. Улардан бири бу воқеани видеога тушириб, Исроил армиясининг расмий баёноти асоссиз эканини исботлагач, дунё саволлар бера бошлади.
Исроилда эса бу воқеа деярли акс-садо бермади. Жамоатчилик томонидан на муҳокама қилинди, на ахлоқий мулоҳаза олиб борилди — гаровга олинганларнинг оилалари бундан мустасно. Улар яқинларини ҳимоя қилишда давом этмоқдалар, бироқ бу ҳимоя қилишлар 2 миллион ғазоликнинг азоб-уқубатларини тан олмасдан амалга оширилмоқда.
Қутқарувчиларнинг ҳеч бир асоссиз, антиутопик фильмлардагидай қатл қилингани, Исроил жамияти эса худди буларнинг барчаси ўзга сайёрада содир бўлгандек яшашда давом этаётгани кишини ҳайратлантирмай қўймайди.
Бирорта ҳам исроиллик сиёсатчи бу ҳодиса юзасидан сўров юбормади ёки уни танқид қилмади. Бу телбаликлар Исроил жамиятининг воқеликдан ажралиб қолган когнитив диссонанс ҳолатида экани кўринади.
Давлат институтларининг заифлашиши
Ўтган йил охирида "Амнести Интернейшнл” Исроил бўлими ташкилотнинг Ғазодаги геноцид ҳисоботини қабул қилишдан бош тортди. Кейинчалик халқаро ташкилот томонидан фаолияти тўхтатилган "Амнести Исраэл" Ғазодаги даҳшатларга бевосита гувоҳ бўлган бўлса-да, уларни оқлашга хизмат қилувчи жамоатчилик муҳокамасига урғу бериб, ҳисобот тайёрлади.
Исроил уруши Ғазода 51 мингдан ортиқ одамни ҳаётдан олиб кетди ва кенг қамровли очарчиликка сабаб бўлди. Исроил жамиятининг бу зўравонликни ҳаддан ташқари нормаллашган тарзда қабул қилиши миллат янада бемаъниликка ботиб бораётгани, унинг бош вазири эса давлат институтларини барбод қилаётган бир вақтда кечмоқда.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаняху Венгрияга ташрифи чоғида Будапештдаги Давлат хизмати университетининг фахрий доктори унвонига сазовор бўлди. Гўёки геноцидни амалга ошириш ва Халқаро жиноий суд томонидан қидирувда бўлиш академик унвонларга лойиқлик мезонларидан бўлиб қолди.
Янада ҳайратланарлиси, Нетаняху давлат хизматчиларини тайёрлашга ихтисослашган муассасада туриб отасининг "чуқур давлат" қудрати ҳақидаги огоҳлантиришига таянган ҳолда давлат хизмати тизимининг ўзига ҳужум қилди.
"Чуқур давлат" атамаси 1990-йилларда Туркияда демократик назоратдан ташқарида фаолият юритувчи генераллар ва юқори мартабали амалдорларнинг яширин тармоғини тасвирлаш учун пайдо бўлган деб ҳисобланади. Нетаняху эса Исроилда чуқур давлат йўқлигини жуда яхши билади — чунки унга бундай тизим керак эмас.
Бугунги кунда Исроилда содир бўлаётган воқеаларда нормал ҳолат мавжуд эмас. Ҳозирги телбаликлар чексиз давом этиши мумкин, деган фикр нафақат асоссиз, балки хавфли ҳамдир.
Масалан, Исроилнинг учта асосий институти: армия, полиция ва Олий судни олайлик.
Армия тўнтаришларни бошдан кечирмоқда, кўплаб қўмондонлар 2023 йил 7 октябрдаги муваффақиятсизликлардан сўнг истеъфога чиқмоқда ёки лавозимидан четлаштирилмоқда. Полиция хизматлари ўта ўнгчи миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен Гвир таъсирида издан чиқяпти, Шин Бет эса "Каханистлар кириб олиши" масаласини текшириш билан банд.
Кўпинча сўлчи ёки либерал йўналишни қўллаб-қувватлашда айбланган Олий суд аслида Исроилни халқаро миқёсда ҳимоя қилиш ҳақида кўпроқ қайғурмоқда. Ҳатто яҳудийларнинг Фаластин фуқароларидан устунлигини мустаҳкамловчи баҳсли қонун каби асосий ўзига хослик масалаларига дуч келганда ҳам, суд тўлиқ Нетаняху ҳукумати томонида бўлмоқда. Шу боис уни ишғол қилинган Ғарбий соҳилдаги кўчманчилар ерларини тортиб олишни қонунийлаштирган суд деб аташ мумкин.
Оддий демократиялардан фарқли ўлароқ, Исроилда хавфсизлик соҳасидаги арбоблар нафақат ҳурмат-эътиборга сазовор, балки улар сиёсатга профессионал тарзда йўналтирилади. Моше Даяндан тортиб Исхак Рабин, Ариел Шарон, Шаул Мофаз, Бенни Ганс ва бошқаларгача, барчаси учун хавфсизлик соҳасидаги тажриба тўғридан-тўғри ҳокимиятга олиб борувчи йўлдир.
Шу билан бирга, Нетаняху бюрократик назоратга қарши чиқса-да, рафиқаси ва ўғли ҳеч қандай қонуний ваколатга эга бўлмай туриб, юқори давлат лавозимларига аралашганликда айбланган. Иккаласи ҳам қутблаштирувчи шахсларга айланди — аҳолининг бир қисми уларни илоҳийлаштирган бўлса, бошқа бир қисми улардан қаттиқ нафратланади.
Юмшоқ кучни рад этиш
Исроилдаги ички инқирозга қарамай, Нетаняху ўзининг хавфли минтақавий амбицияларини қатъий давом эттирмоқда. У яқинда Оқ уйга ташрифидан қайтгач, Вашингтонга АҚШ ва Эрон ўртасидаги музокараларда маълум шартлар бажарилмаса, Эронга зарба бериш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. Шу билан бирга, Суриянинг Исроил стратегик манфаатларига мос тарзда парчаланишини қўллаб-қувватлаяпти — гўё сурияликлар ўз келажагига ўзи хўжайин эмасдек.
Нетаняху Ғазо аҳолисини кўчириш режаси ҳақида гапиришни ҳам тўхтатмаяпти, гарчи араб дунёси ва халқаро ҳамжамият бу ғояни глобал барқарорликка хавфли таҳдид сифатида рад этаётган бўлса-да.
Шунга қарамай, Исроил кўчаларида АҚШ президенти Дональд Трамп ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмоннинг "Исроил Саудия Арабистони билан муносабатларни нормаллаштириш учун тайёр" деган мазмундаги улкан реклама тахталарини учратиш мумкин.
Нетаняху ва кўплаб исроилликлар ишонишни қанчалик истамасин, Исроил минтақавий гегемон бўла олмайди. Бунга унинг ҳарбий қудрати чеклангани сабаб эмас; аксинча, АҚШ ва кенг Ғарб қўллаб-қувватлаши сабаб у сезиларли қудратга эгадир. Шу боисдан Исроил юмшоқ кучни бутунлай рад этади.
Дунёдаги ядровий кучлар танклар ва санкцияларнинг ўзи ҳамма нарсани назорат қила олмаслигини яхши билгани ҳолда, қаттиқ кучни юмшоқ куч билан мувозанатлаштиради. Маданият, ижтимоий ўзгаришлар, иқлим, инсонлар — булар ҳам жаҳон сиёсатини тубдан шакллантирувчи омиллардир.
Бундан ташқари, демография ва география Исроил эгалламоқчи бўлган ҳудудлар ҳамда у бошқаришни истаган миллионлаб суриялик, ливанлик ва фаластинликлар масаласида Исроилга устунлик бермайди.
Исроилнинг ёвуз кучга таяниши аллақачон унинг инқироз ва завол аломатларини кўрсатяпти. Исроилнинг турли гуруҳлари ўртасидаги сиёсий зиддиятлар — айниқса гаровга олинганлар масаласида — армиянинг ўзига ҳам таъсир қила бошлади, ҳозирда захирадаги аскарлар кенг кўламли толиқишни бошдан кечиряпти. Урушнинг аскарларга узоқ муддатли руҳий таъсири реал воқелик бўлиб, ижтимоий оқибатлари ҳозирданоқ кўриниш беряпти.
Нетаняхунинг минтақавий "саргузаштлари" нафақат Яқин Шарқни беқарорлаштирмоқда, балки Исроил жамиятининг ўзини ҳам тубдан парчалаб ташламоқда.
Абед Абу Шҳадеҳ