12.04.2025 07:34
103

Дизинформация машинаси устидан ғалаба: БМТ вакили Исроил лоббисини қандай енгди?

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг энг кўп танқидларга учраган вакили Франческа Албанесе босиб олинган Фаластин ҳудудидаги инсон ҳуқуқларининг энг қатъиятли ҳимоячисига айланди. Унга қарши қўйилган сон-саноқсиз айбловлар, бир қатор мамлакатларга кириш тақиқлари ва ҳатто ўлим таҳдидларига қарамай, у БМТдаги вазифасини давом эттириш ваколатини сақлаб қолди.

2022 йил май ойида босиб олинган Фаластин ҳудудлари бўйича махсус маърузачи лавозимига илк бор тайинланган италиялик олима ва халқаро ҳуқуқшунос Франческа Албанесе ўз лавозимидан четлаштирилиш хавфи остида қолган эди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши (БМТ ИҲК) сессияси таниқли махсус маърузачи ўз вазифасини сақлаб қолиш-қолмаслигини ҳал қилиши ҳақидаги хабарлардан сўнг унга қарши яна бир қоралаш кампанияси бошланиб кетди.

БМТ ИҲК Албанесенинг 2028 йилгача ўз лавозимида қолишини расман тасдиқлади ва унинг лавозимидан четлаштирилиши мумкинлиги ҳақидаги турли миш-мишларга чек қўйди. БМТнинг махсус маърузачисига (UNSR) нисбатан "антисемитизм", "ҲАМАСни қўллаб-қувватлаш" ва "терроризм" каби асоссиз айбловлар илгари ҳам қўйилган бўлса-да, сўнгги пайтларда Исроил тарафдори лобби гуруҳлари ўз кампанияларини янада кучайтирганини кўриш мумкин.

АҚШнинг БМТдаги миссияси ҳам Албанесени "Исроилни ёмонотлиқ қилувчи ва ҲАМАСни қўллаб-қувватловчи жирканч антисемитизм"ни тарғиб қилиш иддаоси билан уни ишдан бўшатиш учун босим ўтказишга уринди. 

Таъкидлаш ўринлики, Албанесе 2022 йилда БМТдаги лавозимини эгаллаганидан бери танқидга учраб келмоқда. Бу ҳатто уни ҳимоя қилган 65 нафар яҳудий олимини қуйидаги баёнотни имзолашга ундади:

"(Албанесега) қарши олиб борилаётган кампания бугунги антисемитизмга қарши кураш эмас, балки унинг овозини ўчириш ва Исроилнинг инсон ҳуқуқлари ҳамда халқаро ҳуқуқни бузаётгани ҳақида хабар бераётган БМТнинг юқори лавозимли амалдори сифатидаги ваколатига путур етказиш ҳаракатларидан иборат эканлиги яққол кўриниб турибди".

2023 йил 7 октябрда Ғазога қарши уруш бошланганидан сўнг Албанесега қўйилган айбловлар мисли кўрилмаган даражага етди.

У уруш жиноятларига қарши ўз риторикасини юмшатишдан бош тортди ва тарих 7 октябрда бошланганини даъво қилишга уринган Ғарб ҳукуматларига биринчилардан бўлиб қарши чиқди.

UNSR вакили ҲАМАС ҳужумининг "антисемитизм" билан боғлиқлиги ҳақидаги даъволар нотўғри эканлигини айтганидан кейин Францияга кириши тақиқланди.

Можаронинг дастлабки кунлариданоқ у Исроилнинг Ғазони этник тозалаш режаларига қарши огоҳлантириш берди ва шу боис "ҲАМАС тарафдори", "антисемит" ва "нохолис" деб қораланди. Исроил ҳукумати ва унинг ҳимоячилари бундай сиёсат мавжуд эмаслигини, ушбу айбловлар "антисемитик" эканлигини таъкидлашса-да, Исроил айни пайтда очиқчасига этник тозалаш амалга оширмоқда.

Албанесе, шунингдек, 2024 йил март ойида "Геноцид анатомияси" номли БМТ ҳисоботини эълон қилди, бу билан у янада кучли танқидларга рўбарў келди.

Исроилпараст гуруҳлар UNSRга тинмай ҳужум қилмоқда. Тел-Авив сиёсатини танқид қилувчи машҳур шахсларни кузатиб борувчи исроилпараст "UN Watch" сайти ҳатто махсус маърузачи ҲАМАС тарғиботини тарқатаётгани, "антисемитизм ва жиҳод террорчилиги"ни қўллаб-қувватлаётгани ҳақида 60 саҳифали ҳисобот чиқарди.

Унинг шахсиятига қаратилган ҳужумлар уни "антисемит", "террорчилар тарафдори" ва ҳатто "Холокостни инкор этувчи" деб аташдан иборат бўлиб, буларнинг барчаси ҳеч бир исбот-далилга асосланган эмас. Шунингдек, унга шахсий ҳужумлар уюштирилган ва молиявий маблағлари ҳақида асоссиз даъволар билдирилган.

2024 йил июль ойида Албанесени обрўсизлантириш учун гўёки Австралиядаги бир қатор Фаластин тарафдори бўлган фаол гуруҳлардан маблағ олгани иддао қилинди. "UN Watch" сайти Австралиядаги бу гуруҳлар "ҲАМАС тарафдорлари" эканини даъво қилди, аммо бу даъво ҳам исботланмаган эди.

Ҳеч қандай далил-исбот бўлмаслигига қарамай, дунёга машҳур Исроил ва Ғарб корпоратив оммавий ахборот воситаларининг айрим қисмлари UNSR "ҲАМАС тарафдори бўлган гуруҳ"дан маблағ олишда айбланаётгани ҳақидаги хабарни тарқатишди. Бу даъволар далиллар йўқлиги сабабли ҳеч қандай натижа бермади, БМТ расмийси эса ўзининг барча иши учун ҳақ олмаслигини очиқ айтган.

1 октябрь куни Франческа Албанесе БМТ учун "Мустамлакачилик йўли билан геноцид қилиш" номли яна бир ҳисоботни эълон қилди. Фаластин халқининг инсон ҳуқуқлари учун курашни давом эттираётган Албанесе тез-тез сафарларга чиқиб, конференцияларда иштирок этади ва интервьюлар беради, Ғазода давом этаётган ваҳшийликлар ҳақида муҳим маълумотларни етказиб туради.

Март ойида "Бетар" номли экстремистик сионистик гуруҳ АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ директори Леон Панетта "терроризм" деб таърифлаган усулларни очиқчасига мақтаб, Албанесега пейджер бериш билан таҳдид қилди.

Бу таҳдид Исроил томонидан Ливанда тартибсиз равишда амалга оширилган портловчи пейджерлар ҳужумларига асосланган бўлиб, бу ҳужумлар натижасида тинч аҳоли ва Ҳизбуллоҳ аъзолари ҳалок бўлган, жароҳатланганди.

Босиб олинган Фаластин ҳудудлари бўйича БМТ махсус маърузачисининг ўз лавозимида қолиши, Исроил тарафдори бўлган ташкилотлар ва Ғарб ҳукумати амалдорларининг бунга қарши олиб борган фаол ҳаракатларига қарамай, эришилган ҳақиқий ғалабадир. Шу билан бирга, бу Албанесега қарши қўйилган айбловларнинг асоссиз эканлигини ҳам тасдиқлайди.

Роберт Инлакеш, ёзувчи, журналист

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.