31.05.2025 08:09
312

Даҳшатли сўровномалар: Исроил жамиятининг қабиҳ юзи

Ҳайратланарли ва чуқур ташвишга солувчи янги сўровнома натижалари шуни кўрсатмоқдаки, нафақат Исроил ҳукумати, балки Исроил жамоатчилигининг катта қисми ҳам фаластинликларни қириб юбориш тарафдори.


Пенн давлат университетининг Яқин Шарқ тарихи профессори Тамир Сорек Geocartography сўров ташкилотига Исроил жамоатчилигига бир қанча саволларни бериш вазифасини топширган.


Зеро Geocartography сўровномалари Исроил жамоатчилиги фикрларини аниқ ифодалаш бўйича ишончли натижаларга эга. CNN 2015 йилда Geocartography ўша йили Исроилда "Ликуд" партиясининг сайловдаги ғалабасини тўғри башорат қилган ягона сўров фирмаси бўлганини хабар қилган.


Haaretz газетаси маълумотларига кўра, сўровнома "Исроилдаги яҳудий аҳолиси фикрини ифода этувчи 1005 респондент орасида" ўтказилган.


Жавоблар ҳозирда Исроил жамиятида кенг тарқалган қарашларнинг ташвишли манзарасини намоён этди. Унга кўра, яҳудий исроилликларнинг 82 фоизи "Ғазо аҳолисини бошқа мамлакатларга мажбуран кўчиришни қўллаб-қувватлаган", 56 фоизи эса ҳатто "Исроилнинг араб фуқароларини ҳам чиқариб юборишни" маъқуллаган.


Ундан-да даҳшатлиси, айрим респордентлар “Ёшуа” китобидаги қадимги исроилликлар Ерихо шаҳрини забт этиб, унинг барча аҳолисини қириб ташлашган воқеасини такрорлашни маъқул кўришган.


"Исроил армияси душман шаҳрини забт этганда, исроилликлар Ерихони забт этганларида қилганидек йўл тутиши керакми", деб сўралганда, респондентларнинг 47 фоизи шундай қилишлари кераклигини айтишган. Бу Исроилдаги яҳудий аҳолисининг 47 фоизи "душман шаҳарнинг барча аҳолисини ўлдириш"ни қўллаб-қувватлашини англатади.


Биз Исроил расмийларининг ҲАМАС "инсоний қалқонлар"дан фойдаланаётгани ёки Ғазодаги тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун "қўлидан келганини қилаётгани"ни даъво қилиб, ўз ҳарбий жиноятларини рад этаётганини тез-тез эшитамиз.


Ташвишли ҳақиқат шундаки, бу тарғибот Ғарб аудиториясини Исроилни қуроллантириш ва молиялаштиришни давом эттиришга ундашга қаратилган, Исроил ичида эса очиқдан-очиқ геноцид тилидан фойдаланиш урфга кирган.  


Сўровномада Исроилнинг асосий амалдорлари очиқдан-очиқ геноцид тилидан фойдаланаётганига бир талай мисоллар келтиради.


Хулосаларда "Яффа шаҳридаги диний талабалар учун ҳарбий дастур раҳбари Рабби Элияҳу Мали"нинг қуйидаги сўзлари келтирилади:


“Уларни ўлдирмасанг, сени ўлдиришади. Бугунги террорчилар – сиз тирик сақлаб қолган олдинги операциянинг болалари, аёллар эса террорчиларни етиштирувчилардир”.


Таъкидланишича, бундай тил фақат диний экстремистлар билан чекланмаган ва кўпинча дунёвий исроилликлар томонидан ҳам ишлатилган.


Собиқ футбол юлдузи Денни Нойманнинг Исроил телевидениесида очиқчасига шундай дегани келтирилади: 


"Мен сизга айтаман, Ғазода, ҳеч бир истисносиз, уларнинг барчаси террорчилар, итнинг болалари. Уларни қириб ташлаш керак, ҳаммасини ўлдириш керак".


Шунингдек, исроиллик телешарҳловчи ва ҳуқуқшунос Киннерет Барашининг "Ғазодаги қотил мутацияларнинг ҳар бир изи туғруқ хоналаридан тортиб, Ғазодаги сўнгги қариягача йўқ қилиниши керак", деган сўзлари келтирилган.


Бу ҳолат фақат айрим шахслар билан чекланмаган. БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Исроил жинсий зўравонликдан фойдаланиши ҳақидаги яқинда эълон қилинган ҳисоботида ушбу турдаги тилдан фойдаланган асосий исроиллик шахсларнинг кўплаб бошқа мисоллари келтирилган.


Ҳисоботда Исроилнинг "Мисгав миллий хавфсизлик институти" таҳлил марказида ишлайдиган Элияҳу Ёсианнинг Исроилнинг асосий 14-каналида "Аёл – душман, чақалоқ – душман, ҳомиладор аёл – душман", деган сўзлари келтирилган.


Ҳисоботда аниқланишича, ушбу қабиҳ баёнот видео парчасини "2024 йил 3 январь ҳолатига кўра 1,6 миллион киши томоша қилган".


Ҳисоботда, шунингдек, журналист Еҳуда Шлезингернинг 12-канал янгиликлар станциясида "фаластинлик маҳбусларни зўрлаш Исроил ҳукумати томонидан фаластинликларни жазолаш, қасос олиш ва тийиб туриш учун институтлаштирилиши керак", деган сўзларига ҳавола келтирилган.


2024 йилда Исроилнинг "Икки яхши яҳудий боласи" подкасти бошловчиларидан бири "Агар Ғазони ўчириш тугмаси бўлганида, мен уни бир сонияда, ҳозироқ босиб юборган бўлардим ва менимча, аксарият исроилликлар ҳам шундай қилган бўларди", деган.


Исроиллик сиёсатчилар ҳам оммага очиқчасига геноцидга ундовчи баёнотлар бермоқда.


Ғазо геноциди бошланишида Исроилнинг собиқ мудофаа вазири Ёав Галлант шундай деган эди: "Мен Ғазо секторини тўлиқ қамал қилишни буюрдим. На электр энергияси, на озиқ-овқат, на ёқилғи бўлади, ҳамма нарса ёпиқ, биз ҳайвон-одам махлуқларга қарши курашяпмиз ва шунга яраша ҳаракат қиляпмиз".


Халқаро Адолат Судида Исроилга қарши Жанубий Африка кўтарган геноцид иши ЦАХАЛ аскарлари, телевидение шарҳловчилари ва сиёсатчилар томонидан билдирилган сон-саноқсиз геноцидга ундовчи баёнотларни мисол қилиб келтирди.


Ҳисоботда исроиллик полковник Ёгев Бар-Шешетнинг Ғазодаги Байт-Лаҳия шаҳрида бўлганида Исроилнинг 4-каналидан олинган видеодан иқтибос келтирилган: "Ким агар бу ерга кейинчалик қайтса, унумсиз тупроқни топади. На уй, на деҳқончилик, ҳеч нарса йўқ. Уларнинг келажаги йўқ".


Ҳисоботда яна бир исроиллик полковник Эрез Эшелнинг худди шу видеода айтган гаплари келтирилган: "Қасос – буюк қадрият. Бизга қилганлари учун қасос оляпмиз... Бу жой қўриқ ерга айланади. Улар бу ерда яшай олмайдилар."


Шу билан бирга, ҳисоботда 2023 йил декабрь ойида ЦАХАЛ аскарларининг "Уларнинг қишлоғи ёниб кетсин, Ғазо йўқ қилинсин" ва "Биз ўз шиоримизни биламиз: аралашмаган тинч аҳоли йўқ", деб ҳайқирган видеосига ишора қилинган.


Бундан ташқари, ҳисоботда асосий Исроил расмийларининг кўплаб геноцидга ундовчи баёнотлари келтирилиб, улар билан боғланган.


Исроил Кнессетидаги ҳукмрон "Ликуд" партияси аъзоси Талли Готлив 2023 йил декабрь ойида Twitterʼда шундай ёзган эди:


“Шафқатсиз ҳаво ҳужуми!! Бундай оғир вазиятда шафқатсизларга ачинишни бас қилайлик. "Аралашмаган" ғазоликларга ачинмайлик. Аралашмаганлар йўқ. Жанг майдонида қолган ҳар бир ғазолик террорчи ташкилотга ёрдам бермоқда. Бўлди! Фикрингизни ўзгартиринг. Террорчилар ва уларнинг ёрдамчилари бўлган ҳар бир жойни йўқ қилинг. Ҳаводан!! Агар ҳудудни ҳаводан бомбардимон қила олсангиз, аскарларни хавф остига қўйманг!”


Исроил Кнессетининг "Ликуд" партияси аъзоси Кети Шитрит 13-канал эфирида шундай деди: 


"Қасос сўзи жуда кўп ишлатилди. Менимча, бу қасос эмас – бу адолат. Агар сиз мендан шахсий фикримни сўрасангиз – мен Ғазони ер билан яксон қилардим, ҳеч қандай ачиниш ҳисси йўқ. Чунки аёллар ва болаларнинг қотиллари билан Ғазо фуқаролари ўртасида ҳеч қандай фарқ йўқ".


Шунингдек, Исроилдаги 14-каналда Исроил ҳарбий разведкасининг собиқ ходими Элияу Ёсиан “Ғазода аҳоли йўқ, 2,5 миллион террорчи бор”, деди.


Исроил Кнессети аъзоси ва Исроилнинг "Исраэл Hayom" газетасининг собиқ муҳаррири X да шундай деб ёзди:


“Шуни унутмаслигимиз керакки, "бегуноҳ тинч аҳоли" – Ғазодаги шафқатсиз ва ваҳший одамлар ҳам Исроил жамоаларидаги қирғинларда, яҳудийларни тизимли равишда ўлдириш ва уларнинг қонини тўкишда, болалар, қариялар ва оналарни ўғирлашда, чақалоқларни зўрлик билан ўлдириб, тириклайин ёқиб юборишда фаол иштирок этган!


Шафқатсизларга ачиниш мумкин эмас, ҳеч қандай инсонпарварлик ҳаракатига ўрин йўқ – Амолекнинг хотираси ўчирилиши керак!”


Собиқ молия вазири Авигдор Либерман X да "Ғазода бегуноҳ одамлар йўқ", деди.


Ҳатто "либерал марказчи" деб ҳисобланган исроиллик сиёсатчи Мейрав Бен-Ари Исроил телевидениесида "Ғазодаги болалар буни ўзларига ўзлари сотиб олишди!" деди.


Яқинда Исроилнинг собиқ сиёсатчиси Моше Фейглин Исроилнинг 14-каналида шундай деди: “Душман ҲАМАС эмас, у ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти ҳам эмас. Ғазодаги ҳар бир бола душман. Ғазони ишғол қилиб, уни эгаллашимиз керак, у ерда бирорта ҳам ғазолик бола қолмайди. Бошқача ғалаба бўлиши мумкин эмас”. 


Булар интернетдаги телбаларга хос баёнотлар эмас, балки Исроилнинг сайланган амалдорлари, ЦАХАЛ аъзолари ва телевидениедаги шарҳловчиларнинг баёнотларидир.


Яқинда ўтказилган сўров шуни кўрсатадики, бу шахслар бундай гапларни бемалол айтаётганининг сабаби, аҳолининг катта қисми уларга қўшилади.


2024 йил декабрь ойидаги Pew Research сўрови шуни кўрсатдики, яҳудий исроилликларнинг атиги 4 фоизи Ғазодаги оммавий қирғин кампанияси "ҳаддан ташқари илгарилаб кетган" деб ҳисоблаган бўлса, 34 фоизи "етарлича илгариламаган" деб ҳисоблаган. 


Кўпчилик исроилликлар Ғазода аслида нима бўлаётганини билмаганликлари учун шундай фикрда эканликларини таъкидлашган, аммо бу янги сўров натижалари ҳамда Исроил телевидениесида берилаётган геноцидга ундовчи баёнотларнинг кўплиги шуни кўрсатмоқдаки, улар вазиятдан хабардор ва буни қўллаб-қувватламоқдалар.


Манба: The Dissident

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.