14.03.2025 19:29
285

"Боснияни тушунмаган, Ғазони ҳам тушунмайди!"

"Боснияни тушунмаган, Ғазони ҳам тушунмайди!"

Бу сўзлар тарихда такрорланган зўравонлик ва геноцидга бефарқ бўлмаслик ҳақида огоҳликдир. XXI асрга келиб, жаҳон яна бир бор қуролли можаролар, халқларнинг қатлиомга учраши ва инсон ҳуқуқларининг топталишига гувоҳ бўлмоқда. Бироқ бундай ваҳшийликлар ва халқаро ҳамжамиятнинг унга муносабати бизга бир неча ўн йиллар аввал юз берган Босния уруши ва Сребреница қатлиомини эслатади.

Босния уруши: Европа юрагидаги фожиа

1992 йилда Югославия Федератив Республикаси парчаланиб, Босния ва Герцеговина мустақиллигини эълон қилди. Бу мамлакатда асосан учта этник гуруҳ — босниялик мусулмонлар, серблар ва хорватлар яшарди. Мустақиллик эълон қилингандан сўнг серб миллатчилари Босния ҳудудида ўз назоратини ўрнатишга ҳаракат қилди ва мамлакат қонли уруш гирдобига тушди.

Босния уруши давомида қийинчиликларнинг асосий қисмини мусулмонлар тортишига тўғри келди. Расмий маълумотларга кўра, 100 000 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, 2 миллион киши ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган. Норасмий маълумотларга кўра эса, 300 000 га яқин мусулмон қатл қилинган, 60 000 аёл ва қизлар зўрланган, 1,5 миллионга яқин киши ватанидан бадарға қилинган.

Уруш давомида мусулмонлар нафақат ўлдирилди, балки уларнинг маданий мероси ҳам вайрон қилинди. 800 га яқин масжид йўқ қилинди, Сараево тарихий кутубхонаси ёқиб юборилди.

Сребреница қатлиоми: инсоният тарихидаги қора саҳифа

Босния уруши давомида энг даҳшатли воқеа 1995 йил июль ойида Сребреница шаҳрида содир бўлди. Бу шаҳар БМТ томонидан "ҳимояланган ҳудуд" деб эълон қилинган бўлса-да, Голландия тинчликпарвар кучларининг ҳимоясида бўлган мусулмонлар серб қўшинларига топширилди.

1995 йил 11 июль куни серб генерали Ратко Младич бошчилигидаги қўшинлар Сребреницани босиб олди. Улар шаҳардаги эркаклар ва ўғил болаларни аёллардан ажратиб, 8 000 дан ортиқ мусулмонни оммавий равишда қатл қилишди. Уларнинг кўпчилиги олдин қаттиқ қийноққа солинди, баъзилари тириклайин гўрга ташланди. Аёллар эса зўрланиб, кўплаб даҳшатли азобларга учради.

Британиянинг The Guardian газетаси ўша пайтда Боснияда хотин-қизларни зўрлаш учун махсус лагерлар ташкил этилгани ҳақида ёзган. 4 ёшли қизчалар ҳам бу жабр-зулмнинг қурбони бўлган. "Улар мусулмон бўлганликлари учунгина бу азобларга учрашди", дейилади нашрда.

Ҳалқаро ҳамжамиятнинг кечиккан реакцияси

Сребреница қатлиоми Иккинчи жаҳон урушидан кейинги Европадаги энг йирик қирғин сифатида тан олинди. Бироқ бу воқеа содир бўлаётганда, Европа ва АҚШ жиддий аралашишдан ўзини тиярди. НАТО кечиктирилган ҳаво ҳужумларини амалга оширди, аммо бу вақтга келиб минглаб мусулмонлар аллақачон қатл қилинган эди.

Кейинчалик Халқаро жиноий трибунал серб қўмондонлари ва ҳарбийларини суд қилди. Ратко Младич 2017 йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бироқ бу жазо қатлиом қурбонларига адолатни тўлиқ тиклаб бера олмайди.

2024 йил май ойида БМТ Бош Ассамблеяси Сребреница қатлиомини геноцид деб тан олиб, тарихни бузиб кўрсатишга қарши резолюция қабул қилди. Бу Босния қурбонларининг хотираси учун кечиккан, аммо муҳим қадамлардан бири бўлди.

Фожиадан олинадиган сабоқлар

Босния уруши ва Сребреница қатлиоми инсон зулм ва беадолатликка қандай қодир эканлигини кўрсатади. Бироқ бу фожиа фақат тарихий воқеа эмас — у ҳозирги дунёдаги вазиятни тушунишга ёрдам беради.

Бугун Ғазода юз бераётган воқеалар Босниядаги фожеаларни эслатади. Халқаро ҳамжамиятнинг кечиккан реакцияси, бегуноҳ болалар ва аёлларнинг қатли, шаҳарларнинг вайрон бўлиши — буларнинг барчаси инсоният учун оғриқли сабоқ бўлиб қолмоқда.

Тарихдан хулоса чиқармаган инсоният хато ва фожеаларни яна такрорлайверади. Шунинг учун ҳам Боснияни унутмаслик керак. Унутсак, Ғазони ҳам тушуниш қийин бўлади.

Сарвар Абдуллаев, журналист

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.