17.09.2025 06:20
60
Бирлашиш вақти келди: Мусулмонларнинг НАТОси қачон тузилади?
Босқинчи исроилнинг Ғазодаги геноциди Ислом оламининг тарқоқлигини яна бир бор ошкор қилди. Мусулмон юртларида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш учун ҳозир бирдамлик зарур. Ислом давлатлари томонидан НАТОга ўхшаш ҳарбий иттифоқ тузиш заруратга айланди. Сиёсий ва иқтисодий тафовутларни четга суриб, умумий қадриятлар атрофида бирлашиш, тарихий масъулиятни адо этиш вақти келди, дейилади Yeni Şafak нашри таҳлилида.
Террорчи исроил давлати томонидан 2023 йил 7 октябрдан буён Ғазо секторида уюштирилган ҳужумлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 64 минг 803 нафарга, жароҳат олганлар сони эса 164 минг 264 нафарга етди.
Босқинчи исроилнинг олти давлатга уюштирган ҳужумлари ортидан Доҳада Араб Лигаси ва Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг (ИҲТ) навбатдан ташқари қўшма мажлиси бўлиб ўтди.
Шу пайтгача ҳам мусулмонлар давлатлари раҳбарлари кўп бора учрашди, бироқ улар сионистларни қоралашдан нарига ўтишолмади.
Ғазода давом этаётган қирғинлар бутун инсониятнинг виждонини яраламоқда, айни пайтда ислом оламининг тарқоқлиги чидаб бўлмас ҳолга келган.
Доҳа саммитида бу борада бироз ўзгариш бўлди: иштирокчилар бугунги кунда Ислом олами Ғазодаги қирғиннинг шунчаки томошабини бўлиб қолгани, уларнинг ўзаро бирдам эмаслиги, халқаро майдонда жуда суст сиёсат юритаётгани тан олинди.
Кўпчилик сиёсатчилар ва Ислом уламолари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам уммати бу ваҳшийликларнинг олдини олиши учун бирлашиши, ягона овоз ва ягона кучга айланиши керак, деб ҳисобламоқда.
Хўш, бунга эришиш учун қандай қадамлар қўйилиши мумкин?
Ислом давлатлари сиёсий ва иқтисодий тафоввутларни бир четга суриб, муштарак қадриятлар атрофида бирлашиши керак.
“Бирликсиз тинчлик бўлмайди” деган ҳақиқат Ғазода яна бир бор яққол намоён бўлди.
2 миллиардга яқин мусулмоннинг тарқоқлиги, бир ёқадан бош чиқармаслиги уни бир неча давлатлар қаршисида ожиз қилиб қўйди.
Шу ўринда Ислом олами ўзининг мудофаа ва тинчликпарвар кучларини яратиши кераклиги кун тартибига чиқди.
Бу тузилма нафақат ҳарбий, балки дипломатик, иқтисодий ва гуманитар соҳаларда ҳам мусулмон кучларини бирлаштириши керак.
Бунинг учун ҳар бир мусулмон давлати маълум миқдордаги аскар ва ресурсларини ажратиб, муштарак "тинчлик армияси"ни тузиши керак. Мудофаа ва гуманитар ёрдам жамғармаси ташкил этилиши ва бой давлатлар бу ишга бош бўлиши лозим. Шу билан бирга нейтрал шаҳарда (масалан, Истанбул, Куала-Лумпур ёки Доҳа) “Исломий мудофаа кенгаши” тузилиши керак. Тинч аҳолига қилинган ҳужумлар ушбу иттифоққа аралашиш учун автоматик асос сифатида кўриб чиқилиши керак.
Ислом давлатлари бу қадамни ташламаса, қирғинлар давом этади, мусулмонлар ҳамма жойда ёлғиз ва ҳимоясиз қоладилар. Иттифоқ тузилгач, ҳеч бир золим куч бегуноҳ одамларга осонлик билан ҳужум қилишга журъат эта олмайди.
Тарих шуни кўрсатадики, тарқоқ халқлар ҳалок бўлади; бирлашган халқлар омон қолади.
Бугун Ғазода тўкилган қон фақат Ғазонинг қони эмас, бу бутун ислом оламининг қонидир. Айни пайтда қуруқ гап эмас, балки ҳаракат қилиш вақти келди.