09.08.2025 06:30
261

Аслида гап мияда

Аҳмадбойга пул тикканларнинг аксари Хбетга ҳам тиккан. Аҳмадбой йўқолгани билан, Тешавойга пул тикаверишади. Ўша Аҳмадбойга алданганлар унинг пирамида эканлигини, бир кун келиб қанчадан-қанча одам тушиб қолишини ҳам билган. Фақат "орада мен пулимни айлантириб оламан", деб ўйлаган. 

Шунинг учун биринчи навбатда мия билан шуғулланиш керак. Жей Лога ўхшаган томошалар бўлаверади, қачонки ўшандан мазза қиладиган миялар бор экан.

Бир киши Жей Ло концерти бўлса, бўлмаса ривожланиб қолмадикку, деб бир қанча муаммоларни санаб берибди. 

Мен айтаманки, дунё яхшилик ва ёмонлик, ҳаё ва ҳаёсизлик, маданият ва маданиятсизлик ўртасидаги жараёнлар устига қурилган. 

Ҳикмат эса, яхшилик, ҳаё ва маданиятнинг кўпайишини истайди. Агар жамиятда яхшилик, ҳаё, маданият ва виждонни талаб қилувчилар, тарғиб қилувчилар ва ҳимоя қилувчилар бўлмаса, жамият хароб бўлади, цивилизация барбод бўлади. Ёмонлик, виждонсизлик, ҳаёсизлик ва бошқа салбий тарафлар ғолиб бўлади.

Шунинг учун ҳам, виждон, ҳаё, ибо, маданият деб жон куйдираётганларни койимаслик керак.

Жей Лога келсак, бу дид эмас, этика масаласидир. Одоб-ахлоқ масаласидир. Биз Жей Лони ёмонлаб, унга қизиқадиганларни мазаҳ қилишимиз эмас, балки латофат, назокат, ҳаё каби хислатларни ўргатишимиз керак.

Яна, глобализация деган баҳоналарни айтишяпти. Глобализация қадар эмас, танловдир. Дунёга очилиш унинг разолатларига очилиш мажбуриятларини юкламайди.

Саид Комил Муҳаммад Карим

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.