21.06.2025 09:23
92

Ўта хатарли хасталикни биласизми?

Бепарволик – касаллик. Касаллик бўлганда ҳам олди олинмаса, урчийдиган, тезда кўпчиликни гирдобига тортадиган ўлатдир. Мен уни ОИТС вирусига ўхшатгим келаверади. Чунки бепарволик ҳам ана шу аср вабоси каби ўзича бирор зарар келтира олмайди, балки ҳамият, ҳамжиҳатлик каби фазилатлар емирилишига, турли моддий-маънавий жиноятлар тарқалиб, кенг тус олишига сабаб бўлади.

Аллоҳ таоло буюради: “(Эй мўминлар), агар мўминлардан бўлган икки тоифа (бир-бирлари билан) урушиб қолсалар, дарҳол уларнинг ўртасини ўнглаб қўйинглар!” (Ҳужурот, 9). Биз эса бозорларда ёки жамоат жойларида бир-бири билан урушаётганларни учратиб қолсак, тан олайлик, мириқиб томоша қилгимиз келади. Уларни яраштириб қўйишни ўйламаймиз ҳам. Бунинг ўрнига дарҳол телефонни олиб, видеога, суратга оламиз. Баъзилар эса “воқеа жойидан тўғридан-тўғри репортаж”ни бошлаб юборишади – бу ерда содир бўлаётган ҳодисани ижтимоий тармоқларга оқизмай-томизмай етказишади. Ваҳоланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирор ножўя иш қилаётганни кўрсангиз, қўлингиз билан қайтаринг, бунга кучингиз етмаса, тилингиз билан қайтаринг. Бунга ҳам имкон топмасангиз, ҳеч бўлмаса кўнглингизда у ишга норози бўлинг, бу имоннинг энг заиф даражасидир”, деб огоҳлантирадилар (Имом Бухорий ривояти).

Демак, динимизда нотўғри ҳолатларга бепарво бўлиш қатъий тақиқланган, уни иложи борича тузатишга тарғиб этилган. Биз буларга амал қиляпмизми?

Биргина мисол – кўча-кўйда бир-бирини уят сўзлар билан ҳақорат қилаётган болаларни кўриб, “Менга нима, болам эмаски тергасам”, деган ўйда жимгина ўтиб кетаверамиз. Бу – хато! Чунки у сизнинг бўлмаса, қўшнингизнинг, маҳалладошингизнинг, қўйингки, бир мусулмон қардошингизнинг дилбанди. Балки унга таъсирчан услубда насиҳат қилсангиз, ширин тил билан бу иши нотўғри эканини тушунтирсангиз, эҳтимол ана шу ҳақоратни бир умр оғзига олмас. Ахир, жамият ислоҳи ундаги инсонлар ўнгланишидан бошланмайдими? 

Бу гапларнинг барчаси оиласида мазкур масалада муаммо қолмаганларга тегишли. Йўқса, ислоҳ дастлаб оиладан бошланишини эслатишга ҳожат бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Нўъмон Абдулмажид

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.