13.12.2023 19:00

Қанийди...

Ассалому алайкум, яхшилар. Декабрь келиб, ҳаво ҳарорати совий бошлаганди. Ўтган кеча бир ёғди, эриб кетди. Айни дамда эса тунги 3 бўляпти, Тошкент оппоқ қорга бурканган...
Қор оқлик дейишади, поклик дейишади, хайрли бўлсин. Яхшилик ва покликка далолат бўлсин, Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, мўл-кўлликка сабаб бўлсин. 
Энди кўнгилга келганида, бу ҳам... Суюкли пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълим берган бир дуолари бор: “Аллоҳим, бизнинг хатоларимизни сув, қор ва дўл билан ювгин. Оқ кийим кирдан тозалангани каби қалбларимизни ҳам хатолардан тозалагин. Машриқ билан мағрибни узоқлаштирганинг каби, биз билан хатоларимиз орасини ҳам узоқлаштиргин"
Қанийди, қанийди... Шу ёғаётган қор бутун оламга ёғса, ҳаммаёқни қопласа.... Миллати, ирқи, дини, ижтимоий келиб чиқиши-ю дунёқарашини фарқламасдан ҳамманинг кўнглига таъсир қилса, юмшатса, покласа, эритса..  
Қанийди дуонинг мазмунига ҳамоҳанг Аллоҳим, биз инсониятнинг хатоларини сув, қор ва дўл билан ювса... Шунда, худди оқ кийим кирдан тозалангани каби қалбларимиз ҳам хатолардан тозаланса... Машриқ билан мағрибни узоқлаштиргани каби биз инсонлар билан хатоларимиз, гуноҳларимиз, журму исёнларимиз, маъсиятларимиз, зулмларимиз орасини ҳам узоқлаштирса...
Айниқса, ожизларга, кексалар, аёллар ва болалар устига бомба ёғдираётган ва яна инсониятга қарши жиноятлар қилаётган, яқин юз йиллар ичида олам кўрмаган зулмларни амалга ошираётганларнинг қалбига ҳам ўша қорпарчалар, ўша поклик, ўша тозалик ёғсайди... 
Ҳар куни юзлаб бегуноҳ, айбсиз, кучсиз ва ҳимоясизларни самолётлар, танклар ва автоматлар ёрдамида қираётган, бўлаклаётган, ҳаммаёқни қонга ботираётган ҳайвонсифат, юраги қотган, қалблари муз, одамсимон золимларнинг ҳам қалбларига ёғсайди шу қорлар... 
Ўн саккиз мингдан ортиқ инсонни ўлдириб, қатл қилиб ва яна ўша разиллик, қотилликларида давом этаётган маҳлуқлар ҳам қонга тўя қолсайди, жонга тўя қолсайди, Аллоҳим... 
Зулмни, шафқатсизликни, адолатсизлик, ёмонликни, очиқдан-очиқ қотилликларни тўхтатишдан бу қадар ожиз қолмаганди Инсоният... 
Ўз тарихида жуда кўп урушу вайронагарчиликларни кўрган бу Курраи замин, бу Она ер ҳам, бу қадар ларзага тушмаган, бу оҳу нолаларга само ҳам бу қадар аза тутмаган бўлса керак, Аллоҳим...
Телевизорни ёқишга, ижтимоий тармоқларга киришга юрак қолмади, томоша қилишга кўзда ёш қолмади, Аллоҳим...
Тўхтай қолсин, бу балолар, сочларни оқартираёзган бу манзаралар, тўхтай қолсин.... 
Ожизлигидан, қўлидан ҳеч нарса келмаганидан, жон берган жажжи қизини бағрига босиб додлаётган оталар, қаторлашиб оқ кафанларда ётган яқинлари ва фарзандларинининг устида мадори қолмай, йиғидан ҳушидан кетаёзган оналар.... 
Ҳалок бўлган аёлининг кафани устига унга атаб энг гўзал сўзларини ёзаётган эркакни кўрдингизми? Жажжи қизалоғинининг жасадини бағрига босиб ҳидлаётган, унинг жонсиз танасига қараб сўзлаётган отаничи? Портлашлардан сўнг, вайроналардан сўнг бўлакланиб кетган яқинларидан қолган тана бўлакларини, қўл-оёқларини тўплаб қопга солиб кўтариб юрган, даҳшатдан салкам эси оғиб қолган оталарни сиз ҳам кўрдингизми?
Юк машиналарига тахлаб қўйилган ўнлаб жасадларга жаноза ўқиётган кишилар, шифокорлар, кўнгиллилар... Аллоҳим, бу золимлар қалбига ҳам бирозгина бўлсада инсоф солгин, шафқат солгин,... Илтимос, ёлбораман Роббим...
Бу малъун, бу бадбахт қавм қачон бунчалар тош қотиб улгурди экан-а? Шулар ҳам одамми? Қандоқ буларни ер кўтариб юрган экан? Қандоқ қилиб булар билан бир ҳаводан нафас олиб келган эканмиз-а???.. 
Бўғилиб кетяпти одам... 
Аллоҳим, қор, сувларинг билан бу оламни разилликлардан, гуноҳлардан, ҳаромлардан, ёлғонлардан поклагин, ўтинаман... 
Бу оламнинг Эгаси сенсанку, улар эмас... 
Бу олам Сенинг чангалингдаку, уларни эмас... 
Сенку Жаббор, Сенку Қаҳҳор, Сенку Мунтақим ва Музилл... 
Ҳар бир ишга гувоҳсан, огоҳсан, Ҳайсан, Қоййумсанку Роббим... 
Дунёнинг тадаббури, тасарруфи Сеникику Роббим, уларда эмас! 
Ўзинг ҳолларимизга раҳм айла, қўрқоқлигимиз, заифлигимиз, сусткашлигимизни юзимизга солмагин, биз уятдамиз, шармандамиз, хижолатдамиз олдингда Роббим... 
Самиъ Ўзингсан, Басийр Ўзингсан, сўровимиз, дуою нолаларимиз, илтижоларимизни эшитгин, Аллоҳим!
Биз ким бўлибмиз, ўша мазлумларни, қўрқувдан дири-дир қалтираётган гўдакларни, қонга беланиб ётган ярадорларни, чорасизларни, совуқларда уйлари вайрон бўлган, егулиги, ичкилиги ва энг муҳим нарсаси тинчлиги, ҳаловати қолмаган бандаларингни эшитгин Роббим!.. 
Дуоларини ижобат этгин, ёлвораман эй Роббим... Ўзингни қўямиз уларнинг рўпарасига Аллоҳим, Ўзинг уларга кифоя қил Роббим!  
Яхшиларни азиз қил, ёмонларни хор қил! Зулмни тўхтат, ваҳшийларни тўхтат, эй улуғ Аршнинг Роббиси! У золимлар устида Ўзингни қудратингни кўрсат, Аллоҳим!
Нолалари оламни тўлдираётган, фиғонларидан еру осмон титраб қақшаётган у бандаларингга умид бер Аллоҳим, нажот бер Аллоҳим! 
Ёмонлардан бу оламни тозала, эй Роббим! Уларнинг қўлларини қайтар, овозларини ўчир, тутқичларидан Ўзингга лойиқ бўлган ушлашинг билан ушла, Аллоҳим...
Сўзимни яна ўша дуо билан якунлайман: Аллоҳим, бизнинг хатоларимизни сув, қор ва дўл билан ювгин. Оқ кийим кирдан тозалангани каби қалбларимизни ҳам хатолардан тозалагин. Машриқ билан мағрибни узоқлаштирганинг каби, биз билан хатоларимиз орасини ҳам узоқлаштиргин...

Афвингдан умидвор банданг.
02:58. 
12.12.2023.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.