Ҳикмат: Агар Фирьавн бўлмаганида...
Аллоҳ ҳар бир инсонни бир ҳикмат билан яратади. Бу ҳикмат сизга қанчалар номаълум бўлса ҳам, унга ишонинг!
Аллоҳ таоло махлуқотларни яратишидаги ҳикматини бизга
айтмаганининг икки асосий сабаби бор. Биринчи сабаб:
Аллоҳ таоло қилган иши учун сўроқ қилинмайди, ҳеч кимга
ҳисоб бермайди. Бу нарса банда билан Роббиси ўртасидаги одобнинг биринчи
қадамидир. Бундан бошқа ҳолда иймон тўлиқ бўлмайди. Бошқача таъбир билан
айтганда, иймон
“оқсоқ” бўлиб қолади!
Иккинчи сабаб:
Аллоҳ таоло биздан тарихий ҳодисаларни англашимизни ва
улардан ўзимизга сабоқ олишимизни хоҳлади.
Зеҳнга оид бўронлар, танқидий фикрлаш, ўқувчиларга
жавобларни тайёр ҳолда бермаслик бу замонавий тарбиянинг асосий усулларидан
эмасми ахир?!
Нега бундай усулларни одамларда бўлса мақтаймиз-у, Аллоҳга
нисбатан шубҳа қиламиз, наъузу биллаҳ?!
Сиз: “Мен шубҳа қилмаяпман, фақат тушунмоқчиман!” дейишингиз
мумкин. Шунда мен: “Биродарим! Тушунишга уринишингизнинг ўзи ибодатдир. Лекин
мен сезяпманки, сиз кимнидир назарда тутяпсиз!”, дейман.
Сиз: “Мен ҳеч кимни назарда тутмаяпман, лекин сиз
сўраганингиз учун айтдим. Масалан, Фиръавн каби золим бир шахсни яратишда
Аллоҳнинг қандай ҳикмати бор?”, дейсиз.
Фиръавн Аллоҳнинг яратишидаги ҳикматини тушунишимиздаги
муҳим мисоллардан биридир!
Агар Фиръавн ва унга ўхшаганлар бўлмаганида, имтиҳон
қонунини тушунмас эдик!
Бу қонун кучлиларнинг ҳокимият, шуҳрат ва салтанат билан
имтиҳон қилиш қонунидир. Ожизларнинг эса сабр-тоқат ва курашиш орқали синовдан
ўтиш қонунидир!
Фиръавн бўлмаганида, Аллоҳ бандаларига Ўзига ибодат қилиш
ёки Унга итоат қилмаслик ихтиёрини берганини ҳеч қачон тушунмас эдик!
Агар Аллоҳ инсонларни Ўзига итоат қилишга мажбур қилганида, дунёдаги имтиҳон қандай бўлар эди?!
Инсонлар эркин иродага, истакка эга бўлмасдан туриб, қандай
қилиб имтиҳондан ўтишлари ёки йиқилишлари мумкин?!
Мажбурланган одамни имтиҳон қилинмайди, мажбур этилган ожиз
инсон жавобгар эмас!
Аллоҳнинг золимга куч бериши — унинг зарарига ҳужжатни
ҳозирлаш учундир.
Золимлар зулм қилган пайтда мазлумни зулмдан ҳимоя
қилмаслиги аслида уларнинг сабр-тоқатини синаш, золимларга қарши курашини
имтиҳон қилиш учундир!
Агар Фиръавн бўлмаганида, Аллоҳнинг тақдирини ҳеч ким
ўзгартира олмаслигини тушунмас эдик. Фиръавн тушида саройининг ўт олаётганини кўрди. Таъбирчилар
унинг тушини таъбирида Исроил авлодидан бир ўғил туғилиб, унинг подшоҳлигига
хавф солишини айтишди.
Шундан сўнг у Исроил авлодидан туғилган барча эркак
чақалоқларни ўлдиришга буйруқ берди. У йиллар давомида чақалоқларни ўлдириб
келди, лекин Мусо алайҳиссалом
туғилганда билмаган ҳолида ўз саройида уни боқиб катта қилди!
Бу Аллоҳнинг тақдири шубҳасиз амалга ошишини тушуниш учун
эди!
Агар Фиръавн бўлмаганида, Аллоҳ қалбларни Ўзи истаганидек
бошқара олишини билмас эдик!
Мисрда Фиръавннинг хотини Осиё бинт Музоҳим Нил дарёсида
оқиб келаётган ёғоч қутини кўриб қолади. У қути ичидаги чақалоқни кўрганда,
Аллоҳ унинг қалбига чақалоққа нисбатан муҳаббатни солди. Шу муҳаббат туфайли
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни ўлдиришдан сақлаб қолди!
Агар Фиръавн бўлмаганида, биров бировни буза олмаслигини
тушунмас эдик. Қилаётган гуноҳ ва ёмонлигимизда муҳит ва шароитни айблар эдик.
Аммо Аллоҳ таоло Осиёни зўравон ва золим Фиръавндан фарқли ўлароқ, иймонини бизга намуна
қилиб қўйди. Аёллар энди золим эрларини баҳона қила олишмайди.
Бу хонадонда эр: “Мен сизларнинг олий Роббингизман!” деса,
хотини: “Субҳаналлоҳ, Раббим покиза Зотдир!”, деб сажда қилар эди!
Агар Фиръавн бўлмаганида, уйлар сир эканлигини, бир том остида тунайдиган, бир ёстиқ устида
ухлайдиган эр ва хотин бир-биридан
осмон ва ер қадар узоқ бўлиши мумкинлигини билмас эдик. Тасаввур қилиб кўринг,
тарихдаги энг золим инсонлардан бири билан тарихдаги энг буюк аёллардан бири
ўртасида нақадар катта фарқ бор!
Демак,
инсонларни масофалар эмас, қалблар бир-биридан узоқ қилар экан!
Агар Фиръавн бўлмаганида, акалар ва опалар қалбимизнинг бир бўлаги эканлигини англамаган
бўлар эдик. Мусо алайҳиссаломнинг онаси қутига солиб дарёга ташлаганида, дарё уни қаерга олиб
боришини кўриш учун опаси қирғоқдан югурди. Осиё уни тутиб олганида, Мусо ҳеч бир аёлни
эммади. Опаси уларга насиҳатчи кўринишида ўз онасини таклиф қилди ва Мусо
алайҳиссалом ўз онасига қайтди. Мусо алайҳиссаломни Аллоҳ таоло пайғамбалик билан сийлагач, Мусо
алайҳиссалом Аллоҳ таолога укасини ҳам унга ёрдамчи қилиб беришини, унинг тили
бурророқ эканлигини айтди. Бундан орланмади!
Агар Фиръавн бўлмаганида, золимлар ўз қуллари орқали золим бўлишларини англамаган бўлар
эдик.
Аллоҳ таоло айтганидек: “У ўз қавмини лақиллатди, улар унга
бўйсундилар!”
Агар Фиръавн ўз қавмининг унга бош эгишини кўрмаганида,
уларни бошқара олмаган бўлар эди. Демак, золим асли табиатан золим бўлмайди, балки унинг атрофидаги
қуллар унинг золим
бўлишига сабабчи бўлишади!
Энди ҳикматларни кўрдингизми?!
Абдулқодир Самарқандий