17.07.2025 09:58
150
Ҳашаротлар ўсимликлар овозини эшитадими?
Ҳашаротлар ўсимликлар турли вазиятларда чиқарадиган овозли сигналларни эшитиши ва уларга жавоб қайтариши мумкин, деб ёзади BBC.
Табиат инсон эшитиш қобилиятидан ташқаридаги ноёб “сигналлар” билан тўлиб-тошган. Яқинда Тель-Авив университети олимлари ўтказган илмий тадқиқот натижасида ўсимликлар стресс ҳолатида ўзидан овоз чиқариши ва бу овозлар ҳайвонларга таъсир кўрсатиши аниқланди.
Илмий изланиш пайтида ўсимликлар томонидан чиқарилган овозларга ҳайвонлар томонидан жавоб қайтарилгани тасдиқланган. Жумладан, урғочи тут парвонаси помидор ўсимлиги стрессда эканлигини кўрсатувчи овозларни эшитиб, унга тухум қўймасликни маъқул кўрган. Гап инсон эшита олмайдиган овозлар – бодроқ портлашига ўхшаш товушлар ҳақида кетмоқда.
Маълум бўлишича, парвоналар сувсизланиш сабаб “нола қилаётган” помидор ўсимлигидан қочади. Бу сигналлар ҳашаротларга соғлом ўсимликларни авлодлари учун танлашга ёрдам беради.
Кўриниб турибдики, табиатда инсон эшита олмайдиган товушлар орқали амалга ошадиган яширин “экоалоқалар” мавжуд.