21.06.2025 14:32
242

Тавбанинг аҳамияти: инсондан мутлақ бегуноҳ бўлиш талаб этилмайди

Инсоннинг хатокор махлуқот эканлиги нафс тарбиясининг ҳақиқатларидан бири саналади. Адашиш унинг табиатида бор ва бу хислат унинг томирларида қони билан бирга айланиб юради. Аллоҳ таоло ҳеч кимдан мутлақ бегуноҳ бўлишни талаб қилмаган. Аксинча, Аллоҳ инсондан, агар хато қиладиган бўлса, тўғрилик томон қайтишини, тавба қилишини истайди.

Яъни, инсон кутилмаганда бир хатога йўл қўйса, шу зайлда давом этмаслиги керак. Агар оёғи қоқилиб йиқилса, яна ўрнидан туриши ва устига қўнган ғуборни кетказиши лозим. Шу тариқа эришиш истагида бўлган ғоясига элтувчи йўлини яна қайта бино қилиши керак.

Инсоннинг нафси ҳам унинг жисмига ўхшаб кетади. Иккаласи ҳам доимий покланишга муҳтож. Ер юзидаги муҳит инсоннинг жисмини чанг-ғубор билан кирлатгани ва инсон ўз баданининг соғлиғи учун бу нарсаларни ўзидан аритиб боргани каби нафс ҳам ўзига зарар берадиган, ёмон ишларга, фитналарга яқин туришни истайди ва бу нарса уни такрор-батакрор тавба қилишга, гуноҳнинг изини даф қилишга муҳтож ҳолга келтиради.

Қуръони карим ҳам шу нарсага ишора қилиб шундай дейди: “албатта, Аллоҳ кўп тавба қилувчиларни ва покланувчиларни севади”, (Бақара сураси, 222 оят).

Жумладан пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ҳар лаҳза тавбаларини янгилар ва шундай дер эдилар: “Аллоҳга тавба қилинглар. Мен ҳам кунда юз марта Унга тавба қиламан”.

Аллоҳ таоло Қуръонда Сулаймон алайҳиссалом ҳақларида ҳам шундай дейди: У қандай ҳам яхши банда! Албатта, у сертавбадир”, (Сод сураси, 30 оят).

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, агар зарарли, ёмон ҳислар қалбни чулғаб олса ва кетма-кет келаётган фитналардан холи бўлолмаса ва бу ҳолат шу зайлда давом этадиган бўлса, у зулмат қоронғулигига тутилиб қолади. Бундан кейин тавбанинг нури ҳам бу қоронғуликни тешиб ўтолмаслиги мумкин. Бундай қалбдан иймон аста-секин узоқлаша бошлайди. Ахийри қалб иймон ҳаловатини ҳис қилмай қўяди ва ўзини жоҳилият ҳаётига маҳкум қилади.

Аллоҳ таоло бу тўғрида Қуръонда шундай дейди: “Йўқ! Ким ёмонлик касб қилса ва уни хатолари қуршаб олган бўлса, ана ўшалар олов соҳибларидир. Улар унда мангу қолувчидирлар”, (Бақара сураси, 81 оят).

"Мусулмоннинг ақидаси" китобидан

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.