04.09.2024 17:54

Истибронинг тиббий фойдалари

Ислом дини истибро қилишни буюради. Истибро - пешоб чиқаргандан сўнг қолиб кетган сийдик томчиларидан тўлиқ халос бўлиш деганидир. Нима учун буюрилишини биламиз. Пок бўлиш учун. Тиббий жиҳатдан бунинг фойдалари ҳам кейинчалик очилди.

Пешобдан кейинги қолдиқ сийдик йўллари инфекциясига олиб келиши кўплаб тадқиқотларда исботланди. Жумладан, 2015 йилда Diagnostic Microbiology and Infectious Disease журналида эълон қилинган тадқиқотда бу ҳолат илмий исботини топади. Пешобдан кейинги қолдиқ қанчалик кўп бўлса, унинг асорати - бактериал инфекцияси ўта мураккаб бўлади. Бунда бактерияларнинг ривожланиши юқори бўлади.

Америка урологлари ассоциацияси илмий журнали The Journal of Urology'даги тадқиқотга кўра, пешобдан тўлиқ қутулмайдиганларда сийдик йўллари инфекцияси кучлироқ бўлиши кузатилган. Шунга ўхшаш тадқиқотлар бошқа журналларда ҳам эълон қилинган.

Сийдик йўллари инфекциясини Escherichia coli (E. coli), Staphylococcus saprophyticus, Proteus mirabilis, Enterococcus faecalis, Pseudomonas aeruginosa бактерия турлари чақиради. Шунингдек, Enterobacter ва Klebsiella авлодига мансуб бактерия турлари ҳам аниқланган. Халқ тилида бу бактерия турлари ва айрим вируслар умумий ном билан ўлат ҳам дейилади.

Сийдик йўллари инфекциясининг 70-90% улуши E. coli бактериясига тўғри келади. Ушбу бактерия 1895 йилда кашф этилган, 1919 йилда тўлиқроқ тавсифланган. E. coli бактерияси ҳозиргача микробиологияда асосий модел тур сифатида қўлланилади. Мен ҳам бу бактерия штаммлари билан ишлаганман ва тадқиқотларимни эълон қилганман.

Хулоса ўрнида...

Демак, эътиборли бўлишимиз керак экан. Зоҳирдаги ўлатни даволаш мумкиндир, ботиндагиси қийин масала. Аксар ҳолларда, одамнинг ичидаги ўлат одам билан бирга қабрга киради.

Бахтиёр Абдуғафур, биолог олим, ёзувчи

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.