Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу, қадрли юртдошлар, Azon Global илмий маърифий онлайн телеканалининг азиз мухлислари. Бугун милодий сана бўйича 2024 йил 6 февраль оқшоми, ҳижрий-қамарий тақвим бўйича эса 1445 йил Ражаб ойининг 26-дан 27-га ўтар кечаси сизлар билан дийдорлашиб турибмиз. Бу кеча ислом мамлакатларида, ислом тарихида, мусулмон диёрларида алоҳида бир аҳамиятга эга кечадир. Бу кеча, ҳаммангизга маълум, исро ва меърож кечасидир, гарчи ўзбек тилида меърож кечаси деб юритилса ҳам. Бу кечада иккита алоҳида-алоҳида ҳодиса рўй берган ва кетма-кет рўй берган, уларни тартиб билан кўриб чиқамиз, Демак, биринчиси исро кечаси. Исро араб тилида “тунги сайр” деган маънони билдиради. Истилоҳда эса пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломни Маккадаги масжидул ҳаромдан Қуддусдаги Масжидул Ақсога олиб борилишлари исро дейилади. Бу ҳақида Қуръони Каримнинг Исро сураси биринчи оятида бундай марҳамат қилинади:

سُبۡحَٰنَ ٱلَّذِيٓ أَسۡرَىٰ بِعَبۡدِهِۦ لَيۡلٗا مِّنَ ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡحَرَامِ إِلَى ٱلۡمَسۡجِدِ ٱلۡأَقۡصَا ٱلَّذِي بَٰرَكۡنَا حَوۡلَهُۥ لِنُرِيَهُۥ مِنۡ ءَايَٰتِنَآۚ إِنَّهُۥ هُوَ ٱلسَّمِيعُ ٱلۡبَصِيرُ

Яъни, “(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжидул-Ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжидул-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир. Дарҳақиқат, У эшитгувчи, кўргувчи Зотдир”.

Демак, мана шу оятда таъкидлаб ўтилгани учун, исро воқеаси Қуръонда мана шу оят билан собит бўлган, бунинг инкори куфр ҳисобланади, барча ўзини мусулмон санайдиган одам исро воқеасига иймон келтириши вожибдир.

Иккинчи ҳодиса эса Қуддусдаги Масжидул Ақсодан бошланган меърож ҳодисасидир. Меърож араб тилида уруж, яъни “кўтарилиш” деган сўздан олинган бўлиб, зина, баландга чиқадиган нарвон деган маънони билдиради. Истилоҳда эса пайғамбаримиз алайҳиссалоту вассаломнинг Масжидул Ақсодан осмонга кўтарилишларига айтилади. Барчангизга маълум, ушбу кечада Пайғамбар алайҳиссалоту вассаломга ҳеч кимга берилмаган улуғ неъмат насиб қилган. У киши бутун осмонларда жуда кўп пайғамбарлар билан кўришганлар ва охирида якка ёлғиз ҳолларида Сидратул Мунтаҳога етганлар, Аллоҳ билан кайфияти номаълум ҳолда сўзлашганлар, мулоқот қилганлар. Бу кечанинг бизга алоҳида аҳамияти шуки, унда бизга беш вақт намоз фарз бўлган.

Исро ва меърож воқеаси қачон содир бўлган? Бу борада ҳам тарихчилар ва умуман ислом уламолари турли фикрларни айтганлар, турли хил ихтилофлар мавжуд, буларнинг орасида биз бугун сизлар билан нишонлаётганимиз, ражаб ойининг 26 дан 27 ўтар кечаси деган қавл ҳам бор, мана шу қавл ислом оламида машҳур бўлиб кетгани учун айнан шу кечада биз бу воқеани нишонлаб ўтирибмиз. Лекин машҳур ва мақбул, энг саҳиҳ қавлга кўра, исро ва меърож воқеаси ҳижратдан бир йил олдин, нубувватнинг 13 йили, пайғамбар алайҳиссалоту вассалом 52 ёшга тўлганларида, рабиул аввал ойида, душанба куни содир бўлган. Мана шу кўпчилик уламолар томонидан қабул қилинган қавлдир. Бу йил бизга яна омил ҳузун сифатида ҳам машҳур. Сабаби мана шу йилда исломнинг икки энг асосий ҳомийси, пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг яқинлари, амакилари Абу Толиб ва аёллари Ҳазрати Хадича онамиз вафот топган эдилар. Шунинг учун пайғамбаримиз бу икки айрлиқдан, бу икки жудолиқдан жуда ҳам қаттиқ изтироб чекдилар, тушкунликка тушиб қолдилар. Аллоҳ таоло кишига тасаллий бериш учун ва рисолат ишларида у кишига рағбат бериш учун мана шу исро ва меърож воқеасини насиб қилди. Исро ва меърож воқеалари ҳақида сизларда жуда ҳам кўп маълумотлар бор, бу ҳақида манбалар етарли, шундан келиб чиқиб биз бунга тўхталиб ўтирмаймизда, исро ва меърож, айниқса, меърож воқеаси содир бўлган Масжидул Ақсо ва унинг фазилати, аҳамияти ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Демак, Масжидул Ақсо, узоқдаги масжид деган маънони билдиради, чунки Маккаи Мукаррамадан узоқда жойлашгани учун шундай ном олган. У тарихдаги энг қадимий ибодатгоҳлардан бири бўлиб, ёши тахминан Масжидул Ҳаром билан тенгдир, яъни 5000 йилга тенг дейишади тарихчиларимиз. Бундан ташқари, Масжидул Ақсо биз мусулмонлар учун биринчи қибла ҳисобланади. Рисолат келгандан бошлаб, пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг Мадинага ҳижратларидан 13 ой ўтгунигача мусулмонлар Масжидул Ақсога қараб ибодат қилишган. Бундан ташқари, Масжидул Ақсо бизга пайғамбар алайҳиссалоту вассаломнинг меърожга чиқиш вақтларида мана шу жойда, ривоятларга кўра, кўра бутун пайғамбарлар жам бўлишган. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом уларга имом бўлиб намоз ўқиб берганлар, бошқача ифода билан айтганда, пайғамбарлик рутбаси, рисолат вазифаси, бундан кейин дунёга бошчилик қилиш, пешволик қилиш навбати пайғамбар алайҳиссалоту вассалом тимсолларида мусулмонларга ўтди дегани, шунинг учун ҳам Масжидул Ақсо биз учун қадрли ҳисобланади. Масжидул Ақсонинг фазилати ҳақида ҳам ҳадиси шарифлар бор. Бу ҳадиси шарифларда Масжидул Ақсо зиёрат қилиш учун сафарга чиқиладиган учта масжид қаторида зикр қилинган ва Масжидул Ақсода ўқилган намоз бошқа ерларда ўқилган намоздан 500 марта фазилатли экани баён қилинган.

Энди биз мана шундай муборак кечани нишонлари эканмиз, бу кечада биз нима қилишимиз керак? Гарчи исро ва меърож кечаси учун хосланган бирор ибодат тури мавжуд бўлмасада, ушбу кечада биз яқинларимиз билан Аллоҳни зикрини қилиб ўтиришимиз ва нафл ибодатлар билан машғул бўлишимиз марғуб ҳисобланади. Аммо зиммасида қазо намозлари бўлган биродарларимиз эса аввало қазо намозларини ўташлари керак, зеро бир кимсадан қарзи бор одам эҳсон қилишдан олдин қарзини ўташи керак бўлади. Худди шунингдек, қазо намозлари ҳам заммамиздаги қарздир, қачон уни ўқисакгина биздан соқит бўлади. Шундай экан, мана шу кечалардан фойдаланиб биз ана шу қазоларни зиммамиздан кўпроқ соқит қилиб олишга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Бундан ташқари, бу кечада биз яна мана шу исро ва меърож ҳодисаси ҳақида мушоҳада қилиш билан бирга, бу воқеа содир бўлган ҳудуд, Масжидул Ақсонинг бугунги ҳолати ҳақида ҳам фикр юритишимиз керак, ўзимиз ўқишимиз ўрганишимиздан ташқари фарзандларимизга ҳам мана шу шуурни сингдиришимиз керак. Чунки афсус, бугунги кунда ана шу муқаддас тупроқларда, Ғазода мусулмонларнинг қони сел бўлиб оқяпти, мусулмонлар қатлиом қилиняпти, дунё жамоатчилиги эса қоралашдан нарига ўт олмаяпти. Афсуски, бугун биз мусулмонларни ҳолимиз мана шундай забун бўлиб қолди, бугун биз мусулмонлар мана шундай хорликка маҳкуммиз, бугун биз мусулмонлар фан, техника, тараққиётдан орқадаги, учинчи синф бир миллат бўлиб қолдик. Мусулмон миллати, мусулмон уммати сифатида мана шундай хорликка тушиб қолганимизнинг сабабларини идрок қилишимиз, қидириб топшимиз, бундан чиқиш йўлларини кашф этишимиз, мана шу ҳақида ўйлашимиз учун бу кеча айни фурсатдир азизлар! Шунинг учун ҳам бу кечани ана шундай эҳё қилишимиз керак, яъни мана шу кечада фурсатдан фойдаланиб, кўпчилик йиғилган эканмиз, бир-биримиздан, аввало ўзимиздан сўрайлик: нимага биз бугун бу аҳволга тушиб қолдик? Нимага бутун мусулмонлар жасад каби бир бутун экан, пайғамбар алайҳиссало вассаломни таъбирлари бўйича, бадани қайси бир аъзоси оғирса, бошқа аъзолар унга истима билан бирга бўлар экан, нима учун бугун биз мусулмонлар ғазодаги қатлаомни ёки дунёнинг барча ерларда мусулмонларга бўлаётган ноҳақликлар, зулмлар қаршисида бундай бўлиб қолдик? Нима учун энг арзон қон мусулмон қони бўлиб қолди? Бу ҳолатдан чиқишимизга бизга нима ёрдам беради? Шулар ҳақида ўйлашимизнинг айни фурсати азизлар. Болаларимизни шу шуур билан катта қилиш, исломни бундай дин эмаслиги, мусулмонлик дегани хорлик эмаслигини уларга англатишимиз керак. Аслида мусулмон бўлиш, азиз бўлиш экани, Аллоҳ таоло бу дунё ва ундаги барча неъматларни аввало мусулмон учун яратгани, бу неъматларга эришиш, дунёда яна аввалги шон-шавкатимизни тиклаш, яна пешқадам умматга айланиш учун нималар қилишимиз кераклиги, бунинг йўли албатта илмдан кечиши англаб етишимиз, шу жиҳатларга диққат қилишимиз керак ва фарзандларимизни шунда мослаб йўналтиришимиз, тарбиялашимиз керак бўлади.

Таассуфки, биз мусулмонлар бугун илк қибламизни бой берган вазиятдамиз, азизлар. У ерни исроил босқинчилари босиб олган, у ерда эмин эркин ибодат қилишга қўймаяпти, ўша жума намозларини ҳам кўпчилик бўлиб адо этишга рухсат бермаяпти. Мана шундай ҳолатдамиз. Улар қаршисида биз нималар қила оламиз деб ўйлашимиз керак. Биринчи навбатда, албатта дуо, бу кеча муборак кеча экани ҳисобга олиб, дуолар кўпроқ қабул бўлишдан умид қилинади, хатм қуръонлар қилинса, нафл намозлар ўқилса ва бошқа ибодатлар ибодатлар қилинса, бундан ҳосил бўлган савобларни ўртага қўйиб, Аллоҳ таолодан мана шу хори забун ҳолатдан мусулмонларни чиқиб кетишини сўраш дуо қилиш керак бўлади. Таҳажжудларда дуо қилиш керак. Ўша ердаги мазлум биродарларимизга ва дунёнинг бошқа ерларидаги, Шарқий Туркистондаги, Африка давлатларидаги, Мьяммадаги мағдур ва мазлум мусулмонларга ёрдам беришнинг асосий йўли дуо, ундан бошқа яна бир йўлимиз бор. Бу – бойкот! Бойкотга эътиборни яна кучайтиришимиз керак, сусайтирмаслигимиз керак. Бойкотнинг аҳамияти ҳақида болаларимизга билдиришимиз керак. Бойкот Исроилга тўғридан-тўғри ёки билвосита алоқаси бўлган, унга қандайдир моддий манфаати етиб борадиган маҳсулотга қилинади. Уларнинг рўйхатлари ҳозир ижтимоий тармоқларда, интернет саҳифаларида шакллантирилган, ўша манбалардан фойдаланайлик. Бошқача айтганда, дўконда нимадир сотиб олинадиган бўлса, буни бойкот рўйхатида борми- йўқми, бир қатор текшириб олайлик, болаларимизга ҳам шуни ўргатайлик. Чунки биз ҳар бир сотиб олаётган Исроил моли ёки унга қарашли бўлган молда бизнинг ўша ердаги мўмин-мусулмон биродарларимизга бўладиган азият учун моддий имконият бор. Шунинг олдини олишга ҳаракат қилайлик. Чунки қўлимиздан ҳозирча шу келади, демак биз мана шундан сўраламиз қиёматда. Қўлимиздан нима келса ўшини қилганлик ёки қилмаганларимиз ҳақида сўраламиз, шундай экан, бунга диққат-эътиборли бўлишимиз керак. Демак, мухтасар қиладиган бўлсак, бугунги кунда қиладиган ишимиз биринчиси дуо, иккинчиси, нафл ибодатлар, қазо намозлар, агар зиммамизда бўлса ва бу кечанинг аҳамияти ҳақида суҳбатлашиш, билмаганларга билдириш, яқинларимизга, фарзандларимизга, оиламиздагиларга маълумот улашиш, ундан ташқари, бойкот ишларида бардавом бўлишдир.

Аллоҳ таоло бу кечаларимизни барчамизга хайрли қилсин, бу кечада қилаётган ибодатларимизни, тоату дуоларимизни Ўзи қабул қилсин! Мусулмон умматини яна азиз, яна пешқадам уммат бўлишини Аллоҳ таоло насиб қилсин! Барчаларингизга ушбу кеча муборак бўлсин азизлар, вассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу.

Azon Global таҳририяти

Мавзуга алоқадор