Дунё мусулмонлари Рамазонни қандай нишонлашади: қизиқарли урф-одатлар
Рамазон ойи дунё бўйлаб турли халқлар томонидан ўзига хос урф-одатлар ва маросимлар билан нишонланади. Қуйида айрим мамлакатлардаги қизиқарли анъаналар билан танишасиз:
Индонезия: Падусан маросими
Индонезияда мусулмонлар Рамазондан олдин "Падусан" деб аталувчи маросимни ўтказадилар. Бу маросимда одамлар ўзларини маънавий ва жисмоний поклаш мақсадида дарёлар, кўллар ёки денгизларда чўмиладилар. "Падусан" сўзи яван тилида "чўмилиш" маъносини англатади ва бу анъана асрлар давомида амалга ошириб келинади.
Ливан: Тўп отиш анъанаси
Ливанда ифтор вақти кириб келганини билдириш учун тўп отиш анъанаси мавжуд. Бу урф-одат 200 йилдан ортиқ вақт давомида амалга ошириб келинади ва Рамазон ойининг ажралмас қисми ҳисобланади.
БАА: Ҳақ ал-Лайла
БААда Рамазондан олдинги ой бўлган Шаъбоннинг 15-куни "Ҳақ ал-Лайла" анъанаси нишонланади. Бу куни болалар рангли кийимларда маҳаллаларни айланиб, ширинликлар ва ёнғоқлар йиғадилар ҳамда анъанавий қўшиқлар куйлайдилар.
Покистон: Чанд Раат
Покистонда Рамазоннинг охирги куни янги ой кўриниши билан "Чанд Раат" байрами бошланади. Аёллар тўпланиб, рангли билагузуклар сотиб оладилар ва қўлларига ҳенна (қина) билан нақшлар чизадилар. Бу кечада бозорлар эрталабгача очиқ бўлиб, байрам шодиёналари бошланади.
Марокаш: Нафар
Марокашда "Нафар" деб аталувчи шахс Рамазон давомида кўчаларни айланиб, анъанавий либосларда махсус сурнай ёрдамида саҳар вақти яқинлашганини эълон қилади. У одатда маҳаллий аҳоли томонидан ҳалоллиги ва ҳамдардлиги учун танланади ҳамда одамларни саҳарликка уйғотиш вазифасини бажаради.
Жанубий Африка: Маан Кикер
Жанубий Африкада Рамазоннинг охири янги ойнинг биринчи ҳилолини кўриш билан белгиланади. Кейптаунда мусулмонлар янги ойни кузатиш учун йиғиладилар. Фақат Жанубий Африка Исломий Суд Кенгаши томонидан тайинланган "Маан Кикер"лар расмий баёнот бериш ҳуқуқига эга бўлиб, улар Рамазон Ҳайитининг келганини жамоатга маълум қиладилар.
Афғонистон: Рамазоннинг биринчи куни
Афғонистонда Рамазоннинг биринчи куни расмий байрам сифатида эълон қилинади. Масжидларда ибодат ва ваъзлар ўтказилади, Қуръон тиловатларига алоҳида эътибор берилади. Камбағалларга озиқ-овқат тарқатиш ва ёрдам бериш одат тусига кирган бўлиб, кўплаб масжидларда ифторликлар ташкил этилади.
Туркия: Рамазан пидеси, Гуллеч ва ноғорачилар
Туркияда Рамазон ойида "Рамазан пидеси" деб аталувчи нон ва "Гуллеч" номли ширинлик кенг истеъмол қилинади. Пиде ўзбекларнинг шапати нонига ўхшаб кетади, Гуллеч эса сут ва шакардан тайёрланиб, писта ва мевалар билан безатилади. Шунингдек, Туркияда саҳар пайтида ноғорачилар маҳаллаларни айланиб, ноғора чалиб одамларни саҳарликка уйғотади. Бу анъана асрлар давомида сақланиб келмоқда ва кўп жойларда ҳали ҳам давом этмоқда.
Бу урф-одатлар Рамазон ойининг турли мамлакатларда қандай нишонланишини кўрсатади ва ислом дунёсининг маданий бойлигини намоён этади.