06.12.2023 01:22
БАНДАЛИК ОДОБИ
Пайғамбар (алайҳиссалом) марҳамат қиладилар: “Мен гўзал ахлоқни такомиллаштириш учун юборилдим” (Имом Молик ривояти); “Қиёмат куни мўминнинг тарозисида гўзал ахлоқдан ҳам оғир нарса бўлмайди. Аллоҳ таоло ёмон ҳаракатлар қиладиган, хунук сўзлар айтадиган одамдан нафратланади” (Имом Термизий ривояти).
Демак, дин ва ибодатнинг, яъни, Аллоҳга бандаликнинг асоси гўзал ахлоқ ва одобдир. Шайтон илми ёки амалидаги қусури сабабли эмас, одобсизлиги сабаб лаънатга учради. Ҳазрат Одам (алайҳиссалом) одоби билан нажотга эришди. Мавлоно Румий айтади: «Иблис Аллоҳнинг амрига бўйсунмади, ҳазрат Одамга сажда қилмади. “Менинг аслим олов, уники тупроқ. Ўзимдан паст бўлганга сажда қилмайман!” Шу тарзда Аллоҳга нисбатан одобсизлик қилиб, даргоҳи илоҳийдан қувилди. Бу ҳам етмагандек, ўзини яратган Зот билан баҳс бойлашди. Кишининг бошига нимаики келса, одобсизлигидан келади. Одоб сабабли кўклар нурга ғарқ бўлди. Малаклар ҳам одоби туфайли соф ва маъсумдир».
Абу Али Даққоқ бундай дейди: “Ким султон олдида ахлоқсизлик қилса пойгакка, пойгакда одобсизлик қилса охурга юборилади”.
Одоб ризоликдир
Аллоҳ таолонинг тақдирига розилик чин одобдир. Чунки Ҳақ таоло бандаларининг хоҳишларини бажаришга мажбур эмас. Аксинча, бандалар У Зотнинг буйруқларини адо этишга масъул.
Аллоҳ таоло улуғ лутф эгаси. Бизларга ризқ бериши, саломатлик, хотиржамлик ато этиши, паноҳида сақлаши У Зотнинг фазлу карамидан. Бу ҳақиқатни Мавлоно Румий бундай изоҳлайди: «Ҳазрат Али баланд томда турганди. Бир жоҳил келиб: “Аллоҳ сени муҳофаза қиладими?” деб сўради. Ҳазрат Али: “Албатта”, деди. “Ундай бўлса, – деди ҳалиги киши, – Аллоҳ мени сақлайди деб, ўзингни томдан ташла. Ишончинг мустаҳкам эканига ишонай”. Ҳазрат Али айтди: “Густоҳлигинг сабабли бошингга бир бало келмасидан жим бўл. Ўзини ҳалокатга ташлаш билан адабсизларча Аллоҳни синашга уриниш бандага ярашадими? Бундай синов Аллоҳ таолога хос, У Зот ҳар он бандаларини имтиҳон қилади. Сен ўзингни имтиҳон эт, шунда бошқаларни синашдан воз кечасан».
Одоб ҳаддини билмоқдир
Исо (алайҳиссалом)га бир киши ҳамроҳ бўлди. Кетаётиб, йўл четидаги суякларга кўзи тушган одам ёлворди:
– Эй Исо, менга ҳам “Исми Аъзам”ни ўргатинг, суякларга жон бахш этай!
– “Исми Аъзам”ни ўқиб, ўликни тирилтириш учун одам пок қалб ва тил эгаси бўлиши зарур, – жавоб бердилар Исо (алайҳиссалом). – Чунки пок одамнинг дуоси қабул бўлади. Фараз қилайлик, қўлингда менинг асойим бор. Лекин мендаги қувват бўлмагач, асони қандай қилиб аждарҳога айлантирасан ва бошқара оласан?
Жоҳил киши шунча гапдан кейин ҳам қайсарлик қилди:
– Менда бундай иқтидор бўлмаса, унда ўзингиз суякларга дуо ўқинг!
Бундай аҳмоқликка жавобан ҳазрат Исо (алайҳиссалом) икки оғиз гап айтди: “Бир жоҳил ўзининг қалби ўлик бўлатуриб, бошқасининг жасадини тирилтириш пайида. Бу қандай ғафлат?!”
Ривоятдан тушунамизки, банданинг вазифаси, энг олдин, Раббига қуллик қилиш. Бундан ғофил ҳолда бошқа ишлар билан машғуллик ҳаддан ошиш ва одобсизликдир.
Қуйидаги қиссадан ҳам Аллоҳ ва банда орасидаги муносабат қандай бўлиши кераклигини билиб оламиз: «Бир киши солиҳ қул сотиб олди. Уйга келгач ораларида бундай суҳбат бўлди:
– Қандай таомлар ейишни хоҳлайсан?
– Нима берсангиз, ўшани ейман.
– Қандай либослар кийишни истайсан?
– Нимаберсангиз, ўшани кияман.
– Уйимдаги қайси ишларни қилишни хоҳлайсан?
– Нима буюрсангиз, ўшани бажараман.
– Қайси хонада ётишни истайсан?
– Қаерни лозим кўрсангиз, ўша жойда ётаман.
Бу жавобларни эшитган одам бир муддат ўйланиб қолди. Кейин кўзларида ёш билан айтди:
– Мен ҳам Раббимга шундай таслим бўлсайдим, дунёдаги энг саодатманд одам бўлардим!
Сўнгра деди: “Аллоҳ учун сени озод қилдим. Аммо, ўзимга қолса, кетмаслигингни хоҳлардим. Токи жоним ва молим билан хизматингда бўлай...”
Демак, тақдирга рози бўлиш, озор ва машаққатларга сабр қилиш чин бандалик одобидандир. Озор эса, баъзан ўзинг қатори бандалардан етади. Бундай ҳолатда ҳам мўмин Ислом ахлоқини намоён этади. Яъни Қуръони каримда Раҳмоннинг суюкли бандалари васфида келганидек, ерда камтарона юради, жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қилади (Фурқон, 63).
Мавлоно Румий айтади: «Эй мусулмон, “Одоб нима?” десанг, билки, одоб одобсизларнинг қўполлиги, ёқимсиз сўз ва ҳаракатларига сабр этмоқдир».
Бу – одобнинг ботини. Унга риоя қилиш жуда муҳим. Зеро, валийларнинг бундай сўзлари бор: “Зоҳирий ва ботиний одобни маҳкам тут. Чунки одам зоҳирий одобга риоя қилмаса, зоҳиран жазо кўради, ботиний одобда қусурга йўл қўйса, ботинан жазоланади. Ким одобни зое қилса, ўзини Аллоҳга яқин билса ҳам, узоқдир. Ўзини мақбул билгани ҳолда мардуддир, рад этилгандир” (“Руҳул баён”).
Зумрад ФОЗИЛЖОН қизи
тайёрлади.