08.05.2025 11:15
26
Жиззахда кичик АЭСни жойлаштириш схемаси тасдиқланди
6 май куни энергетика хавфсизлиги масалалари бўйича Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси Алишер Султонов раислигида кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини амалга оширишга бағишланган оператив штаб ва илмий-техник кенгашнинг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Ўзатом» хабар қилди.
«Иштирокчилар шартнома мажбуриятларининг аниқ белгиланган муддатда бажарилаётганини таъкидлаб, регламентга қатъий риоя қилиш зарурлигига тўхталдилар шунингдек, қурилиш-монтаж базасини ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди, жумладан, жорий тайёргарлик босқичлари ва келгуси ишлар режалари муҳокама қилинди. Шунингдек, ер бўлимларини ажратиш ва ташқи инфратузилмани таъминлаш масалалари кўриб чиқилди, бу эса маҳаллий ҳокимият органлари ва пудрат ташкилотлари билан фаол ҳамкорликни талаб қилади», — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, илмий-техник кенгаш танланган майдонда ўтказилган муҳандислик тадқиқотлари натижаларини кўриб чиққан.
Йиғилиш давомида Жиззах вилояти Фориш туманида кичик қувватли атом станциясини жойлаштириш схемаси тасдиқланди, бу лойиҳани минтақавий эҳтиёжларга мослаштириш ва электр энергияси ишлаб чиқаришни оптималлаштириш имконини бериши қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг табиий уран ресурсларидан ядро ёнилғиси ишлаб чиқаришда фойдаланиш имконияти муҳокама қилинди.
Йиғилиш барча иштирокчиларнинг кичик қувватли атом электр станцияси қурилиши лойиҳасини муваффақиятли амалга оширишга тайёрлигини тасдиқлади.
АЭС қурилиши бўйича шартнома 2024 йил 27 май куни Россия президенти Владимир Путиннинг Тошкентга ташрифи доирасида АЭС қурилиши дирекцияси ва «Атомстройэкспорт» («Росатом» муҳандислик бўлими) ўртасида тузилганди. «Росатом» станция қурилишининг бош пудратчиси бўлади, қурилишга Ўзбекистон компаниялари ҳам жалб этилади.
«Росатом» раҳбари Алексей Лихачёвнинг айтишича, станцияни 2029 йилдан 2033 йилгача «босқичма-босқич» ишга тушириш режалаштирилган.
Эътиборлиси, кичик АЭСда атом музёрар кемаларида ишлатилган РИТМ-200Н сув-сувли ядро реакторлари ўрнатилади. Аммо бу реакторлар билан шу вақтгача қуруқликда АЭС қурилмаган.