Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари рекорд даражага етди
2025 йил март ойи якунига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 47,85 миллиард долларга етди. Бу — статистика юритила бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичдир, деб хабар берди Марказий банк.
Февраль ойига нисбатан захиралар 2,91 миллиард долларга (+6,5%) ўсди. Ўсиш асосан олтин нархининг жаҳон бозорида қимматлаши орқали таъминланди. Захиралардаги олтин миқдори 379 тоннадан 367 тоннага камайган бўлса-да, унинг қиймати 36,88 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, валюта захиралари ҳам 10,42 миллиард долларни ташкил этди.
Олтин нархи март ойида 9,2% га, йил бошидан бери эса 17,8% га ошди. Қимматбаҳо металл АҚШнинг савдо сиёсати ва глобал молиявий беқарорлик фонида энг даромадли активлардан бирига айланди.
Марказий банк таъкидлашича, олтин-валюта захиралари миллий иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш, ташқи қарз мажбуриятларини қоплаш ва валюта хавфларидан ҳимоя мақсадида фойдаланилади.