12.12.2024 09:15
431

Ўзбекистоннинг можароли ҳудудлардан қайтганларни мослаштириш тажрибасини бошқа минтақаларда ҳам жорий этиш таклиф қилинди

БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси Ўзбекистоннинг қуролли можароли ҳудудлардан қайтган фуқароларни реинтеграция қилиш (қайта мослаштириш) тажрибасини халқаро даражада илғор намуна сифатида баҳолади ва уни бошқа минтақаларда ҳам жорий этишни таклиф қилди. Бу ҳақда Газета.уз хабар берди. 

2024 йилда Ўзбекистон президенти ташаббуси билан қуролли можароли ҳудудлардан қайтган шахсларни реинтеграция қилиш бўйича минтақавий экспертлар кенгаши тузилди. Ушбу кенгаш БМТнинг Терроризмга қарши кураш бошқармаси шафелигида фаолият юритади ва минтақадаги давлатлар билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Кенгашнинг асосий мақсади қуролли тўқнашувлар зонасидан қайтарилган шахсларни жамиятга қайта интеграция қилиш.

Репатриациянинг аҳамияти
2019 йилдан бери Ўзбекистон 530 дан ортиқ ўз фуқаросини (асосан, аёллар ва болалар) қуролли можароли ҳудудлардан қайтариб, уларнинг тиббий, ижтимоий ва руҳий ёрдам олишига имкон яратди. Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш, ишга жойлаштириш каби дастурлар жорий этилди.

БМТ Терроризмга қарши кураш бошқармаси раҳбари Владимир Воронков Ўзбекистон тажрибасини халқаро даражада илғор намуна сифатида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларига асосланган ёндашуви ва реинтеграция жараёни жаҳоннинг бошқа қисмлари учун ҳам қўлланилиши мумкин.

ЮНИСЕФ қуролли можаролар қурбони бўлган болаларнинг ижтимоий-психологик реабилитациясида Ўзбекистонга кўмак беришни давом эттирмоқда. Ташкилот болаларни ҳимоя қилиш ва уларнинг таълимига алоҳида эътибор қаратмоқда.

АҚШнинг қўллаб-қувватлаши
АҚШнинг БМТдаги вакили Ўзбекистоннинг репатриация ва реинтеграция жараёнларини юқори баҳолаб, бу фаолиятни қўллаб-қувватлашини билдирди.

Минтақавий экспертлар кенгаши Марказий Осиёдаги тажрибани дунёга тарқатишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади. БМТнинг Марказий Осиё учун Превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Каҳа Имнадзе бу ташаббусни ноёб ечим сифатида қайд этиб, уни бошқа давлатларда ҳам жорий этиш мумкинлигини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг қуролли можароли ҳудудлардан қайтарилган шахсларни реабилитация қилиш бўйича ташаббуси нафақат минтақавий, балки халқаро миқёсда ҳам аҳамиятлидир. Инсон ҳуқуқларига асосланган ушбу ёндашув мамлакатнинг глобал нуфузини оширишга ҳисса қўшмоқда. Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик ва тажриба алмашуви, шунингдек, халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлаши ушбу соҳадаги саъй-ҳаракатларни янада муваффақиятли қилади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.