20.11.2024 16:14
Ўзбекистонликлар учун Қозоғистон ва Тожикистонга ID карта орқали ўтиш имкони яратилмоқда
Ўзбекистон фуқароларининг Қозоғистон ва Тожикистон чегараларини фақатгина ID карта орқали кесиб ўтиши тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилди.
«Марказий Осиё давлатлари ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташқи сиёсатда устувор йўналиш бўлиб қолади. Келгуси йили юртимизда бўлиб ўтадиган „Марказий Осиё бешлиги“ учрашуви шу йўлдаги яна бир улкан амалий қадам бўлади», — дея қайд этди президент.
Марказий Осиё мамлакатлари ҳамда бошқа етакчи ҳамкор давлатлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар, молия институтлари билан самарали ва тизимли алоқаларни янада ривожлантириш доимо эътибор марказида бўлиши таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантириш учун самарали ташқи сиёсат олиб бориш, дўст ва ҳамкорлар доирасини кенгайтириш, яқин қўшнилар билан минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштириш ўта муҳим вазифа эканини қайд этди. Шу мақсадда президент Ташқи сиёсат концепциясини янги таҳрирда қабул қилиш зарурлигини таъкидлади.
Бундай тартиб 2023 йил 1 сентябрдан Қирғизистон билан биргаликда жорий этилганди.