Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Ўзбекистон мустақиллигининг 33 йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонни имзолади.

Тақдирланганлар орасида Ўзбекистон тарихида биринчи марта диний соҳа ходимлари ҳам бор. Фармонга кўра, уч нафар имом “юртимиз тараққиётини таъминлаш, жамиятда тинчлик ва тотувлик, ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаш, ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида соғлом ва баркамол этиб тарбиялашга қўшган катта ҳиссаси, шунингдек, жамоат ишларидаги фаоллиги учун” “Имом Бухорий” ордени билан тақдирланди.

Мукофотланган имом хатиблар

•  Наимов Алишер Абдурашидович – Фарғона вилояти бош имом-хатибининг ўринбосари, Қувасой шаҳар бош имом-хатиби

•  Усманов Рахматилло Ахматович – Қашқадарё вилояти бош имом-хатиби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қашқадарё вилояти вакили

•  Элов Жобир Рустамович – Бухоро вилояти бош имом-хатиби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакили.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президентининг 2023 йил 27 июндаги фармони билан марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотланган эди. 2022 йилнинг августида эса Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Саудни, ноябрда Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонни «Олий даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлаган эди.

Azon Global жамоаси мукофот олган имом-хатибларимизни қутлайди. Улуғ бобокалонимиз номидаги мукофот муборак бўлсин! Аллоҳ таоло халқимизнинг диний саводхонлигини ошириш йўлидаги хизматларини даргоҳида қабул қилсин. Ўзининг ҳузурида юксак ажрлар ато этсин. 

Мавзуга алоқадор