13.05.2025 15:16
49

Ўзбекистонга депортация қилинган фуқароларга вақтинча хорижга чиқиш паспорти берилмайди

2025 йил 13 май куни Вазирлар Маҳкамасининг 313-сонли қарори билан "Меҳнат миграцияси жараёнларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги ҳужжат қабул қилинди. Бу ҳақда Миграция агентлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қарорга мувофиқ, 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларга мувофиқ реадмиссия қилинган фуқароларига икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди.

Реадмиссия — бу халқаро келишувлар асосида чет давлатлардан Ўзбекистонга мажбурий қайтарилган фуқароларни қабул қилиш жараёнидир. Бу ҳолат, одатда, визаси тугаган, қонунни бузган ёки ноқонуний яшаган фуқароларга нисбатан қўлланилади.

Янги қарорга мувофиқ, қуйидаги маълумотлар Миграция жараёнларига оид маълумотларнинг ягона электрон базаси орқали юритилади:

Ташқи ишлар вазирлиги орқали хориждаги дипломатик ваколатхоналардан келиб тушган маълумотлар;

Ички ишлар вазирлиги томонидан реадмиссия қилинган шахслар ҳақидаги маълумотлар;

Миграция агентлиги ва унинг хориждаги вакиллари томонидан тақдим этилган маълумотлар.

Шунингдек, реадмиссия қилинган фуқароларга хорижга чиқиш паспортини беришда истисно ҳолатлар Ички ишлар вазирлиги томонидан белгиланиши кўзда тутилган.

Бу чеклов Ўзбекистон президентининг ПҚ-4079-сонли қарори билан тасдиқланган “Фуқароларнинг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом”га асосан амалга оширилади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.