Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 5 ноябрда имзоланган қонун билан айрим қонун ҳужжатларига маърифий фаолиятни амалга ошириш тартибини белгилашга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, “кейинги йилларда айниқса ёшлар ўртасида носоғлом маърифий ишларни амалга ошириш ҳоллари кўпайиб, бундай тадбирлар доирасида аҳолининг ва ёшларнинг онгига, маданиятига ва ҳис-туйғуларига бегона бўлган турли ёт қарашлар ва ғоялар сингдирилмоқда”.

Ҳозирги вақтда мазкур соҳага аҳолининг қизиқиши кучайиб бораётганлиги ҳамда у бу борада фаолият юритувчи шахсларнинг асосий даромад манбаига айланиб бораётганлиги соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш заруриятини юзага келтирмоқда.

Маърифий фаолият – шахснинг шахсий, интеллектуал ва маънавий жиҳатдан камол топиши, ижтимоий ва иқтисодий фаоллигини ошириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини намоён этиш, индивидуал салоҳиятини, имкониятларини, мулоқот қилиш қобилиятларини яхшилаш учун зарур кўникмалар ва малакаларни шакллантиришга қаратилган, давлат таълим стандартлари билан қамраб олинмайдиган фаолият тури ҳисобланади.

Қонун билан қуйидаги шахсларнинг маърифий фаолият билан шуғулланиши тақиқланди:

жиноят иши бўйича айбланувчи тариқасида жалб қилинган шахслар (суд ҳукми қонуний кучга киргунига ёки реабилитация қилувчи асослар бўйича жиноий жавобгарликдан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар);

қуйидаги жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати олиб ташланмаган ёки тугалланмаган шахслар;

жинсий эркинлик, оила, ёшлар ва ахлоққа қарши, тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши, Ўзбекистон Республикасига қарши;

бошқарув тартибига қарши;

гиёҳванд воситалар, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи билан боғлиқ;

суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;

руҳий ёки наркологик муассасаларда ҳисобда турган шахслар.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда маърифатчиликни кўрсатиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Хусусан, бундай фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан маърифий фаолиятни амалга ошириш ёхуд жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда маърифий фаолиятни амалга оширишга доир қонун ҳужжатларида белгиланган чекловларга риоя этмаслик фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида худди шундай ҳуқуқбузарлик содир этилса, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3,4 миллион сўмдан 5,1 миллион сўмгача), мансабдор шахслар эса БҲМнинг 15 бараваридан 20 бараваргача (5,1 млн сўмдан 6,8 млн сўмгача) жаримага тортилади.

Ҳужжат 2025 йил 6 февралдан кучга киради.

Мазкур қонун лойиҳаси “Миллий тикланиш” партияси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, маъруза ўқиб, осон пул топиш йўлларини ўргатишга ваъда берган шахсларга қарши курашишга қаратилган.

ЎзЛиДеП депутати Шаҳноза Холмаҳаматова эса сўнгги вақтларда кўпхотинлилик, жинсий камситиш, феминизм, ахлоқий бузуқлик, ҳуқуқбузарликлар тарғиб қилиниб, тингловчилар онгини манипуляция қилиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини келтирган.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ўзбекистонда мазкур қонуннинг қабул қилинишига аслида ҳеч қандай зарурат йўқ. Чунки мавжуд нормалар қонунга зид маърифий фаолиятни олиб боришни чеклайди ва тегишли жазо чораларини кўзда тутади. Қабул қилинган қонун эса биринчи навбатда ижтимоий тармоқларда маърифий фаолиятини олиб бораётган шахслар эркинлигини чеклашга ва “исталмаган” фаолларни тақиб қилишга қаратилган.

Мавзуга алоқадор