24.01.2025 17:31
423

Ўзбекистонда электрон сигаретларни тақиқловчи қонун қабул қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси никотинни истеъмол қилиш мосламалари, жумладан, электрон сигареталар ва улар учун суюқликларнинг муомаласини тақиқловчи қонунни қабул қилди.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида электрон сигареталар ва никотин мосламаларини ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш, олиб кириш ёки олиб чиқиш қатъиян тақиқланади. Шунингдек, мазкур маҳсулотларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланди.

Қонун лойиҳаси тайёргарлик жараёнида депутатлар томонидан кўриб чиқилиб, уларнинг таклифлари асосида такомиллаштирилди.

Қонуннинг қабул қилиниши аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, миллат генофондини сақлаш ҳамда атроф-муҳитни тамаки ва никотин маҳсулотларининг янги турларидан ҳимоя қилишга хизмат қилиши таъкидланди.

Бу қарор Ўзбекистоннинг жамоат соғлиғини муҳофаза қилиш ва зарарли маҳсулотлар тарқалишини чеклаш борасидаги саъй-ҳаракатларининг яна бир муҳим қадами сифатида баҳоланмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.