28.10.2024 14:09
1012
Ўзбекистонда депутатлик сайлови: натижалар, рақамлар, ўзгаришлар
27 октябрь кунги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари кенгашлари депутатлари сайловида рўйхатга олинган 19 миллион 944 мингдан ортиқ сайловчидан 15 миллион 27 минг 529 нафари (74,72 фоизи) овоз берди. Бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низомхўжаев маълум қилди.
Қонунчилик палатаси учун Ягона сайлов округи бўйича Ўзбекистон либерал-демократик партияси 34,75 фоиз овоз тўплаб (26 та мандат) биринчи, "Миллий тикланиш" партияси 18,82 фоиз билан иккинчи (14 мандат) бўлди.
Кейинги ўринлар Халқ демократик партияси (17,11 фоиз, 13 та ўрин), "Адолат" партияси (16,20 фоиз, 12 та) ва Экология партияси (13,12 фоиз, 10 та ўрин) ўртасида тақсимланган.
Бир мандатли сайлов округи бўйича эса ЎзЛиДеП 38 та, "Миллий тикланиш" 15 та, "Адолат" 9 та, ХДП 7 та, Экопартия эса 6 та ўринга эга бўлган.
Қонунчилик палатасидаги 150 та ўрин партиялар орасида қуйидагича тақсимланди:
ЎзЛиДеП – 64 та;
"Миллий тикланиш" – 29 та;
"Адолат" – 21 та;
ХДП – 20;
Экопартия – 16 та.
Маълумот учун, Ўзбекистонда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари сайловида овоз бериш жараёни 27 октябрь куни 11 минг 28 та сайлов участкаларида соат 08:00 да бошланиб, соат 20:00 гача давом этди.
40 та хорижий давлатдаги Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналарида 57 та сайлов участкалари ташкил этилган. Хориждаги сайлов жараёнларининг дастлабкиси Япония ва Корея Республикасидаги дипломатик ваколатхоналарида Тошкент вақти билан соат 04:00 да бошланди. Овоз бериш жараёнларининг сўнгиси АҚШдаги ваколатхоналарда Тошкент вақти билан 28 октябрь соат 05:00 да якунланди.
27 октябрь соат 13:00 ҳолатига кўра, 19 944 859 нафар сайловчидан 9 948 589 нафари ёки 47,62 фоизи овоз беришда иштирок этди ва депутатлик сайлови ўтган деб ҳисобланди.
Бу йилги сайловлар янгиланган Конституция ва миллий сайлов қонунчилигига биноан, аралаш сайлов (мажоритар-пропорсионал) тизими асосида ўтказилди. Бу тизим Қонунчилик палатаси депутатларининг 75 тасини бир мандатли сайлов округларидан мажоритар сайлов тизими бўйича, қолган 75 тасини эса партия рўйхати бўйича пропорсионал сайлов тизими орқали сайлаш имконини беради.