04.12.2024 16:37

Ўзбекистон ва МАГАТЭ ўртасида тинч атом соҳасини ривожлантириш бўйича келишувга эришилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 4 декабрь куни Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) бош директори Рафаэль Гроссини қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, унда икки томонлама ҳамкорликни тубдан кенгайтириш ва амалий шерикликнинг янги йўналишларини илгари суриш истиқболлари атрофлича кўриб чиқилди.

Ўзбекистон 1994 йилдан буён МАГАТЭ аъзоси ҳисобланади. «Бу давр мобайнида ушбу нуфузли ташкилотнинг техник кўмагини жалб этган ҳолда 40 дан ортиқ қўшма лойиҳа амалга оширилди. Ҳозирда миллий тузилмаларнинг ҳуқуқий базаси ва салоҳиятини такомиллаштириш, ядро фани, тиббиётини ривожлантириш бўйича ва бошқа йўналишларда 5 та лойиҳа амалга оширилмоқда», — дейилади матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбари МАГАТЭ делегацияси бугун Ўзбекистон вазирликлари, идоралари ва илмий муассасаларида ўтказган учрашув ва тадбирларнинг натижаларини юқори баҳолади. 5 декабрь куни Самарқанд шаҳрида соҳадаги етакчи хорижий экспертлар иштирокида бўлиб ўтадиган Атом энергиясидан фойдаланиш масалалари бўйича халқаро конференция биргаликда ташкил этилгани мамнуният билан қайд этилди.

Миллий агентликларнинг компетенциялари ва салоҳиятини ошириш, МАГАТЭ дастурлари доирасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш, ядро энергетикаси, қишлоқ хўжалиги, сувдан фойдаланиш, соғлиқни сақлаш, экология соҳаларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Учрашув якунида тинч атом соҳасини ривожлантириш бўйича кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан қўшма «йўл харитаси»ни қабул қилиш юзасидан келишувга эришилди.

Мавзуга алоқадор

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.