14.01.2025 14:50
Ўзбекистон ва Эрон туризм соҳасида қўшма қўмита тузиши мумкин
Ўзбекистон ва Эрон туризм соҳасида қўшма қўмита тузишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Мазкур ташаббус Ўзбекистоннинг Эрондаги элчиси Фариддин Насриев ва Эроннинг маданий мерос, туризм ва ҳунармандчилик вазири Сейид Ризо Солиҳи Амирий ўртасидаги учрашувда муҳокама қилинди. Томонлар ЮНЕСКО доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига ҳам тўхталди.
Эрон Ўзбекистон билан ўзаро сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги технологиялари соҳасида ҳам ҳамкорлик қилиш ниятида. Шунингдек, ўзбек делегацияси 11-14 февраль кунлари Теҳронда бўлиб ўтадиган 18-Халқаро туризм кўргазмасига таклиф этилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда Эрон юк машиналари учун йиғимлар бекор қилиниб, ставка «0» доллар этиб белгилангани ҳақида хабар берилганди.