Ўзбекистон Россиядаги муҳожирлар ҳуқуқлари бузилаётганидан ҳавотирда
Куни кеча Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усмонов Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов билан учрашувда Россияда ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларига нисбатан қўпол муомала ва ҳуқуқлар бузилиши ҳолатлари кўпайгани юзасидан ўз хавотирини билдирди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.
Учрашувда Ўзбекистон томони мазкур ҳолатлар Россия ҳудудида фаолият юритаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларига тажовуз сифатида баҳоланиши, бу ҳуқуқлар эса мезбон давлат қонунчилиги асосида кафолатланиши кераклигини таъкидлади.
Шунингдек, вазир ўринбосари ушбу масала Россиянинг тегишли идоралари томонидан синчковлик билан ўрганилиши зарурлигини айтиб ўтди.
Музокаралар давомида, томонлар икки давлат фуқароларининг ҳуқуқ ва эркинликларини ўзаро ҳурмат қилиш ва ҳимоялашда ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди, дейилади хабар матнида.
Эслатиб ўтамиз, 30 апрель куни Москвада ўтган музокараларда Ўзбекистон ва Россия Бош прокуратуралари меҳнат миграцияси жараёнида фуқароларнинг ҳуқуқларини таъминлаш бўйича назоратни кучайтиришга келишган эди.