25.10.2024 14:33

Ўзбекистон компанияси Афғонистонда газ қидириш ва қазиб олиш билан шуғулланади

Ўзбекистоннинг Eriell компанияси Афғонистонда газ қазиб олиш бўйича шартнома имзолади. Бу ҳақда 25 октябрь куни «Халқаро ҳамкорлик ташаббуслари ҳафталиги» доирасида Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев маълум қилди, деб хабар берди Gazeta.uz.

10 октябрь куни Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида Афғонистон шимолидаги Жаузжон ва Фарёб вилоятларидаги Тути-Майдон участкасида табиий газни қидириш ва қазиб олиш бўйича шартнома имзолаган эди.

10 йиллик шартнома тахминан 1 миллиард долларлик сармояни ўз ичига олади: биринчи йилда 100 миллион доллар ва кейинги тўққиз йилда 900 миллион доллар.

Ҳужжат Афғонистон бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Абдул Ғани Бародар Охунд ва Ўзбекистон президентининг махсус вакили Исматулла Иргашев иштирокида имзоланди.

Кон ва нефть вазири вазифасини бажарувчи Ҳидоятуллоҳ Бадри ишлаб чиқарилган газ дастлабки икки йилда 100 МВт электр энергияси ишлаб чиқариш учун ишлатилишини қайд этди.

Исматулла Иргашевнинг айтишича, Тути-Майдан конининг газ захиралари 3 триллион куб метрга баҳоланган, у 7 минг квадрат километрдан ортиқ майдонни эгаллайди.

«Муҳандис ва мутахассислар 8 та эски қудуқни қайта тиклаш ишларини ўрганмоқда. Газни ўзлаштириш бошланганидан сўнг дастлабки икки йилда бир неча миллиард куб метр газ қазиб олиш режалаштирилган. Шартларга кўра, Ўзбекистон 25 йил давомида бу соҳага ҳар йили 100 миллион доллар сармоя киритади ва 10 йилдан сўнг конни ривожлантиришга йўналтирилган сармояни 1 миллиард долларгача оширади», — деди у.

Махсус вакилнинг қўшимча қилишича, Афғонистонда ишлаб чиқарилган газ газ қувурлари орқали Ўзбекистонга етказилади, қайта ишланади ва Афғонистон бозорига қайта берилади.

Иргашевга кўра, Ўзбекистон президентининг мақсади нафақат ўз мамлакатининг, балки Марказий Осиё давлатларининг ҳам иқтисодий ривожланиши, тинчлигини таъминлаш ва шу нуқтаи назардан Афғонситонга алоҳида аҳамият қаратиб, афғон муаммосини иложи борича тезроқ ҳал қилиш ҳамда Афғонистонни бутун дунё ҳамжамиятга муносиб бўлган халқаро бир ҳамкорга айлантиришдан иборат.

Eriell — 2004 йилда ташкил этилган нефть конлари хизматлари компаниялар гуруҳи. Нефть ва газ компаниялари учун қудуқларни қуриш ва қайта ишлаш хизматларини кўрсатади. «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти буюртмасига кўра, «Алан», «Ўртабулоқ», «Жанубий Тандирча», «Қуйи Сурғил», «Шимолий Бердақ» ва «Мустақилликка 25 йил» (М-25) конларида бурғулаш ишлари олиб борилмоқда, (бу ерда буюртмачи Surhan Gas Chemical Operating Company ҳисобланади). 2023 йил июль ойида компания Россиядаги шўба корхоналарини сотди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.