13.01.2025 12:14
626

Ўзбекистон делегацияси Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра вазири билан учрашди

Жидда шаҳрида Ўзбекистон делегацияси ҳамда Саудия Арабистони Ҳаж ва умра вазирлиги раҳбарияти ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Мулоқотда Ҳаж ва умра вазири доктор Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ва “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний иштирок этди. Учрашувда “Ҳаж – 2025” мавсумини юқори даражада ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот аввалида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Саудия Арабистони подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд ўртасидаги дўстона муносабатлар қайд этилди. Зиёратчилар учун қулайликлар ва хизмат кўрсатиш даражасининг юқори экани таъкидланди. Хусусан, ҳаж квотасининг икки карра оширилгани ва кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд ўзбекистонлик ҳаж амалларини бажаргани айтиб ўтилди.

Сўнгги йилларда ҳаж ва умра сафарлари бўйича олиб борилган ислоҳотлар, ташкилотчилик ишлари, ҳуқуқий асослар ва рақамлаштириш жараёнлари Саудия томонидан юқори баҳоланди. Шунингдек, зиёратчиларнинг интизоми ва ҳаж сафарига тайёргарлиги намунали деб топилди.

Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа ўз сўзларида Янги Ўзбекистондаги ислоҳотларни эътироф этиб, Ибн Сино, ал-Хоразмий каби буюк алломалар юртидаги ислоҳотлар келажакда янги мутафаккирлар чиқиши учун замин бўлишини таъкидлади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.