30.12.2024 09:04
614

Ўзбекистон Чеченистон раҳбаридан кечирим сўрашни талаб қилмоқда

Қонунчилик палатаси депутати Одилжон Тожиев Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг Комил Алламжонов ва Дмитрий Лигага таҳдидларини кескин қоралади, деб ёзди Kun.uz.

У бу хатти-ҳаракатларни Ўзбекистоннинг ички ишларига аралашиш деб баҳолаб, икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатларга зарар етказиши мумкинлигини таъкидлади.

Депутат Россия Федерацияси Бош прокуратурасини мазкур ҳолатга ҳуқуқий баҳо беришга чақирар экан, Қодировни ўз баёноти учун Ўзбекистон халқидан очиқдан-очиқ узр сўрашга чақирди. Шунингдек, Чеченистон раҳбарига Бош прокуратура томонидан қидирилаётган шахсларни топиб, Ўзбекистонга топширишда ёрдам бериш таклифини ҳам билдирди.

Шунингдек, у Чеченистон Республикаси раҳбаридан ўз баёнотлари учун Ўзбекистон халқидан очиқчасига узр сўрашини талаб қилди.

Аввалроқ, собиқ депутат Расул Кушербаев Грознийга авиақатновларни тўхтатиш ва ҳар бир чеченистонликнинг Ўзбекистонга киришини қатъий текшириш вақти келганини айтганди.

Маълумот учун, 2024 йил 30 сентябргача Президент администрацияси Ахборот сиёсати департаментини бошқарган Комил Алламжонов 26 октябр куни Қибрай туманида уйи яқинида ҳужумга учради. 

Ўзбекистон Бош прокуратураси 25 ноябр куни мазкур жиноят бўйича олиб борилган тергов ишлари ҳақида баёнот берди. Унга кўра, жиноятга алоқадорликда гумонланган 7 киши қўлга олинган.

Уларнинг орасидан фақат Жавлон Юнусовнинг шахси ошкор қилинган, у Жанубий Кореядан экстрадиция қилинган. Яна бир гумонланувчи Қозоғистонда қўлга олингани маълум қилинди.

Ноябрь ойида мазкур ҳодиса билан боғлиқ равишда Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги тизимида бир қатор юқори лавозимли амалдорлар ишдан олингани қайд этилди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.