07.12.2024 12:58

Жапаров Европа давлатлари ва АҚШни Афғонистоннинг амалдаги ҳукуматини тан олишга чақирди

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Европа давлатлари ва Қўшма Штатларни Афғонистоннинг "Толибон" вакили бўлган амалдаги ҳукуматини тан олишга ва “музлатилган” активларни қайтаришга чақирди. 

Бу ҳақда Қирғизистон раҳбари Туркиянинг ТРТ телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

 “Ўзингизга маълумки, 2021 йилда Афғонистонда “Толибон” ҳаракати етакчилари ҳокимият тепасига келди. Улар бугунги кунгача мамлакатни бошқаришда давом этмоқдалар. Биз истаймизми ёки йўқми, факт ўзгаришсиз қолмоқда – мамлакатни "Толибон" бошқаради. Буни инкор этиб бўлмайди. Бир қатор давлатлар, жумладан биз ҳам "Толибон"ни тақиқланган ташкилотлар рўйхатидан чиқариб ташлади”, — деди Жапаров.

Шунингдек, у афғон халқи узоқ йиллардан буён уруш ва унинг оқибатларидан азоб чекиб, қийинчиликларни бошидан кечираётганини таъкидлади.  

“Афғонистон билан тўғридан-тўғри чегарамиз бўлмаса-да, бу қўшни давлатимизга тегади. Шунинг учун у ердаги вазиятнинг ёмонлашуви бизни маълум даражада хавотирга солмоқда”, — деди президент.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.