08.05.2025 14:01
33

Жанубий Фарғона канали қирғоғи ўпирилди: 100 га яқин хонадонни сув босди

8 май куни Андижон вилоятида Жанубий Фарғона канали қирғоғи ўпирилиши сабаб юзага келган сув тошқини оқибатида 100 га яқин хонадонга сув кирган, дея хабар қилди Ўзгидромет.

Ҳозирги вақтда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш  ва бошқа ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ҳодиса жойига вилоят ҳокими ҳам етиб борган.

Техноген ҳодисага каналда қўшимча ГЭС қуриш мақсадида ортиқча сув ташлангани сабаб бўлгани билдирилди.

ФВВнинг аниқлик киритишича, 30 хонадоннинг ичига, 70 та хонадоннинг эса томорқасига сув кирган.

Сув хўжалиги вазирлиги фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун Андижон сув омборидан сув чиқиши тўхтатилганини маълум қилди.

«Каналдаги ўтган сув Қуйи Жанубий Фарғона каналига йўналтирилмоқда. Ҳозирда аҳоли хонадонларига сув оқишини камайтириш чоралари кўрилмоқда», — дейилади хабарда.

Каналнинг дамбасини тиклаш бўйича штаб ташкил этилиб, раҳбар ходимлардан иборат доимий навбатчилик йўлга қўйилди. Фавқулодда вазиятни бартараф этиш учун 10 та самосвал, 4 та кара, 2 та бульдозер, 8 та экскаватор ва 50 дан ортиқ ишчи-ходимлар жалб қилинган

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.