11.03.2025 10:30

Хитойликлар Ўзбекистонда таълим ва касбга тайёрлаш ўқув марказини очади

Хитойнинг JC Finance Interconnect Holdings компанияси Ўзбекистонда таълим ва касбга тайёрлаш ўқув марказини очишни режалаштирмоқда. Бу бўйича Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Миграция агентлиги ҳамда компания раиси У Тинйи ўртасида онлайн учрашувда келишувга эришилди, деб хабар қилмоқда «Дунё» АА.

Музокаралар давомида Ўзбекистонда «яшил» энергетика, қишлоқ хўжалиги, АКТ, туризм каби соҳа мутахассислари учун илғор халқаро стандартлар асосида қайта тайёрлаш ва малакани ошириш дастурларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинган.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон талабалари учун Хитойнинг етакчи олий ўқув юртларида грантлар ажратиш ва номзодларни танлаш хусусида фикр алмашди.

Учрашув якунида JC Finance Interconnect Holdings компанияси вакилларининг Ўзбекистонга сафарини ташкил этишга келишиб олинди. Сафар давомида Ўзбекистон фуқароларини таълим ва касбий фаолиятга тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатиш марказини очиш юзасидан тегишли вазирлик ва идораларда учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, сўнгги вақтларда хитойликларнинг Ўзбекистонга ташрифлари ортгани ватандошлар орасида турли хавотир ва ваҳималарни уйғотмоқда. Ижтимоий тармоқларда хитойликлар Ўзбекистонда катта мол-мулк ва ерларни сотиб олиб, доимий қолиб кетиш учун ўзбекистонликлар билан турмуш қурмоқда, деган гап-сўзлар тарқалмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.