Хитой компанияси Ўзбекистонда кичик АЭСлар қуриши мумкин
4 ноябрь куни Атом энергияси агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев Шанхайдаги ЭКСПО кўргазмаси доирасида China National Nuclear Corporation Overseas (CNOS, China National Nuclear Coorporation — CNNC’нинг шуъба корхонаси) бош директори Веи Фуки билан учрашди, дея хабар берди Gazeta.uz.
Ташриф
якунлари бўйича CNNC компанияси билан атом энергиясидан тинч мақсадларда
фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик қилиш, ХХРнинг АЭС қуриш тажрибасини ўзлаштириш
имкониятларини батафсил кўриб чиқиш, Ўзбекистонда Хитойнинг кичик модулли
реакторларини (КМР) қўллашни ўрганиш ва кейинги потенциал лойиҳаларни амалга
ошириш бўйича келишувга эришилди.
Томонлар,
шунингдек, уран рудасини қазиб олиш, қайта ишлаш, шунингдек, ишлаб чиқаришни
кенгайтириш соҳасидаги ҳамкорлик ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотларни
экспорт қилиш ва кейинчалик АЭСларда ёқилғидан фойдаланиш масаларини муҳокама
қилди.
Хитой
томони ядро технологияларининг барча йўналишларида икки томонлама
муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканини тасдиқлади, дейилади хабарда.
Октябрь
ойи ўрталарида Атом энергияси агентлиги раҳбари Азим Ахмедхаджаев кўплаб глобал
компаниялар ўзларининг кичик модулли реактор технологияларини фаол равишда
ривожлантираётганини айтганди. Мисол тариқасида у 100 МВт қувватга эга кичик
модулли реактор қурилишини якунлаётган Хитойнинг CNNC компаниясини кўрсатган.
«Улар фақат келгуси йилда ишга туширилади. Шундан сўнг биз
ушбу кичик модулли реакторларнинг ривожланишини кузатишимиз мумкин. Худди
шундай саъй-ҳаракатлар ҳозир Кореяда ҳам, Японияда ҳам, АҚШда ҳам амалга
оширилмоқда. Аммо улар ўз технологияларини фақат 2030 йилдан кейин таклиф
қилишлари мумкин», — деганди у.
«Ўзатом» агентлиги қошидаги АЭС қурилиши дирекцияси
директори Отабек Аманов Ўзбекистонда кичик АЭС қурилишида иштирок этиш учун
хорижий компанияларни жалб этиш режалаштирилаётганини маълум қилганди.
«Атом станцияси иккита йирик компонентдан иборат — бу ядро
ороли ва ёрдамчи объект. Ядровий оролни, табиийки, бош пудратчимиз
„Атомстройэкспорт“ („Росатом“) билан реализация қиламиз. Ёрдамчи объект халқаро
компаниялар иштироки билан халқаро лойиҳа бўлиши учун қандайдир тарзда
бирлаштирмоқчимиз. Ҳозир вариантлар устида ишламоқдамиз», — деганди Отабек
Аманов.
Август ойида «Ўзатом» делегацияси Хитойга ташриф буюрган ва
у ерда лойиҳада иштирок этиш истагини билдирган, яъни турбина ускуналари,
генераторлар ва қуруқ градирнялар (АЭС ускуналарини буғлантирмасдан совитиш қурилмаси) етказиб беришни
режалаштирган Хитой компаниялари билан учрашувлар ўтказган.