23.08.2024 17:13
1100

Волгоградда ИШИД тарафдорлари бўлган маҳбуслар қамоқхонада ғалаён кўтарди

Россиянинг Волгоград вилояти Суровикино шаҳридаги 19-сонли ахлоқ тузатиш колониясида маҳбуслар бир неча ходимни асирга олдилар, қурбонлар бор. «ТАСС»нинг ёзишича, камида учта босқинчи бор, гаровга олинганлардан бири ҳалок бўлган.

Минтақавий Федерал жазони ижро этиш хизмати матбуот хизматининг хабар қилишича, ғалаён иштирокчилари ўзларини “Исломий давлат” тарафдорлари деб аташган.

Бошқарма маълумотларига кўра, тартибсизлик интизом комиссияси йиғилишида содир бўлган ва ахлоқ тузатиш муассасаси ходимлари гаровга олинган.

“База” Телеграм каналида уч нафар босқинчи ҳақида хабар берилган: асли ўзбекистонлик Темур Хусинов - қасддан баданга оғир шикаст етказгани учун 6 йилга; асли ўзбекистонлик Рамзидин Тошев - гиёҳванд моддалар савдоси моддаси билан 8 йилга; асли тожикистонлик Рустамчон Наврўзий - гиёҳванд моддалар савдоси моддаси билан 7 йилга қамалган.

Сўнгги маълумотларга кўра, маҳаллий вақт билан 16:00 да колонияга штурм уюштирилган ва ярим соат давом этган операциядан сўнг барча асирлар озод қилинган. Бир исёнчи ўлдирилган, икки нафари ярадор қилинган.

 

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.