Усмонли тарихида қандай зилзилалар бўлган?
Яқиндагина Истанбулда содир бўлган 6.2 балли зилзила туркларда кучли ваҳима уйғотди. Бу ҳодисадан кейин турк халқи масжид ва боғларда чодирлар ичида жон сақлади.
Хўш, қадимги Усмонли тарихида ҳам бундай зилзилалар содир бўлганми? Келинг, бугун шу ҳақда гаплашамиз.
1509 йилда, Султон Баязид II даврида Усмонлилар йирик зилзила фалокатини бошдан кечиришган. Зилзила шу даражада вайронкор бўлганки, халқ орасида унга “кичик қиёмат” маъносини англатадиган “Қиёмат-и суғро” деб ном берилган. Жамиятда қиёмат келди деган фикр пайдо бўлган.
Шундан кейин, маълум вақт оралиқларда, XVI ва XVII асрларда жами 9 та зилзила рўй берди. 1719 йилда Истанбул икки маротаба кучли зилзилага дуч келди. Кўплаб бинолар вайрон бўлиб, зарар кўрди. Манбаларда қайд этилишича, зилзила оқибатида 40 та масжид ва 27 та минора харобага айланган. Шаҳар деворлари ҳам зарар кўрган.
1766 йилда Мармара соҳили бўйлаб яна икки маротаба зилзила содир бўлди. Боғазичидан Муданя кўрфазигача бўлган ҳудудда цунами юзага келди. Зилзила Қурбон ҳайити куни, бомдод намозидан сўнг содир бўлди. Агар бироз олдин, масжидлар тўла бўлган пайтда юз берганида, қурбонлар сони анча кўп бўлиши мумкин эди.
1894 йилда эса тахминан 7.3 балл кучга эга бўлган зилзила содир бўлди. 10 минг атрофида бино жиддий зарар кўрди.
Кўриниб турганидек, Усмонли Истанбулида ҳам қисқа оралиқларда катта зилзилалар рўй берган. Бунинг яна Усмонлилардан аввалги тарихи ҳам бор. Зилзила борасидаги фикрларингизни изоҳларда ёзиб қолдиринг
Манбалар асосида Муҳаммадали Ҳикматуллоҳ тайёлади