06.03.2025 13:05

Уйғур геноциди: XXI асрдаги инсоният фожиаси

Шарқий Туркистондаги уйғур мусулмонлари бир неча ўн йилликлардан бери Хитой ҳукумати томонидан босим ва тазйиққа учраб келмоқда. Халқаро ташкилотлар бу ҳолатни "маданий геноцид", ҳатто "инсониятга қарши жиноят" деб баҳоламоқда.

Шунингдек, 2021 йил 19 январь куни АҚШ давлат котиби Майк Помпео Хитойнинг уйғурларга нисбатан сиёсатини "геноцид" деб атаганди. Бу баёнотга Хитой ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Хуа Чунин жавоб қайтариб, уни "аср ёлғони" деб атаган.

Бугунги кунда 1 миллиондан ортиқ уйғур ва бошқа мусулмон озчиликлар "қайта тарбиялаш" лагерларига қамалгани ҳақида маълумотлар бор. Шундай бўлса-да, дунёнинг кўплаб давлатлари бу можарога жиддий эътибор қаратмаяпти.

Нега уйғурлар таъқиб қилинмоқда?

Уйғурлар Шарқий Туркистон ҳудудида асрлар давомида яшаб келган туркий-мусулмон халқ ҳисобланади. Аммо ХХ асрда Хитой коммунистик ҳукумати ушбу ҳудудни тўлиқ назоратига олди. Айниқса, сўнгги ўн йилликларда Хитой уйғурларнинг миллий ва диний эркинликларини чеклашни кучайтирди:
масжидлар, исломий мадрасалар ва маданий марказлар ёпилди;
уйғур тилида таълим олиш тақиқланди;
намоз ўқиш, рўза тутиш, ҳижоб кийиш ва ҳалол озиқ-овқат истеъмол қилиш чекланди;
диний ва миллий шахсини намоён этган шахслар "радикал" сифатида қамоққа олинди.

Хитой ҳукумати бу сиёсатни "исломий экстремизмга қарши кураш" деб баҳолайди. Бироқ халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бундай ҳаракатларни оммавий тазйиқ ва ассимиляция сиёсати деб баҳоламоқда.

Қайта тарбиялаш лагерлари ва замонавий назорат тизими

Сўнгги йилларда Хитой кўплаб "қайта тарбиялаш лагерлари" номли муассасаларни очди. Расмий маълумотларга кўра, бу ерларда "касбий таълим" берилади. Лекин амалда ушбу лагерлар қамоқхоналардан фарқ қилмайди. Гувоҳликлар ва сунъий йўлдош суратларига кўра, миллиондан ортиқ киши бу лагерларда мажбуран сақланмоқда.

Шунингдек, бу муассалаларда уйғурлар ўз анъанавий урф-одатларидан воз кечишга мажбурланади. Қийноқ, зўравонлик ва мажбурий меҳнат одатий ҳолга айланган.

Бундан ташқари, Хитой замонавий назорат тизимларидан фойдаланиб, уйғурларнинг ҳаётини тўлиқ кузатмоқда. Юзни таниш технологиялари, мобил телефон орқали кузатув ва ДНК маълумотларини йиғиш каби чоралар бунинг ёрқин мисолидир.

Халқаро муносабат: Нега дунё сукут сақламоқда?

Бу ҳолат халқаро миқёсда қаттиқ танқид қилинган бўлса-да, жиддий чоралар кўрилмаган. Сабаблар:
1. Иқтисодий манфаатлар – Хитой жаҳоннинг энг йирик иқтисодий давлатларидан бири бўлиб, кўп давлатлар Пекин билан муносабатларни бузишни истамайди.
2. Сиёсий босим – Хитой БМТдаги таъсири орқали расмий геноцид айбловларининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда.
3. Ахборот назорати – Хитой ташқи ОАВларнинг уйғур ҳудудларига киришига чеклов қўйиб, ички воқеалар ҳақидаги ҳақиқатни яшириб келмоқда.

Қатор Ғарб давлатлари, хусусан, АҚШ, Канада ва Буюк Британия Хитойнинг ҳаракатларини геноцид деб баҳолаган. Бироқ санкциялар ва дипломатик босимлар етарли даражада таъсир кўрсата олмаяпти.

Лагерлардан қочиб чиқишга муваффақ бўлган уйғурлар ҳақида кўплаб далиллар бор. Масалан, 2021 йилда Қозоғистонга қочган Гүлбаҳар Ҳаитвайжи шундай дейди:

"Лагерда 14 ой сақландим. Ҳар куни Хитой компартиясини мақташга мажбурлашарди. Исломий тарбия олганим учун душман деб ҳисоблашди. Айримлар қаттиқ қийноқларга учради, баъзилари эса ҳомиладор ҳолда стерилизация қилинди".

Шунингдек, Хитойдаги уйғурларнинг оила аъзолари чет элдаги қариндошлари билан боғланиш имкониятидан маҳрум қилинган.

Хитой кўплаб мусулмон давлатлар, айниқса, Марказий Осиё, Яқин Шарқ ва Африкадаги мамлакатлар учун асосий савдо ҳамкори ҳисобланади. "Бир камар, бир йўл" лойиҳаси доирасида Хитой кўплаб мусулмон мамлакатларига миллиардлаб долларлик инвестициялар киритган. Бу давлатлар Хитой билан иқтисодий муносабатларни йўқотишни истамайди.
Айрим мусулмон давлатлари ташқи сиёсатини ғарб ёки Хитой билан муносабатлар асосида белгилайди.

Мухлиса Маҳмуд

Мусулмон дунёсида айрим фуқаролар ва ташкилотлар бу масалада ҳаракат қилаётган бўлса-да, давлатлар даражасида Хитойга қарши очиқ норозилик билдириш деярли кузатилмаяпти. Бунга асосан иқтисодий қарамлик, дипломатик босим ва геосиёсий манфаатлар сабаб бўлмоқда.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.