24.02.2025 08:41
600

Туркиянинг туркий давлатларга экспорти икки бараварга ўсди

Туркиянинг туркий давлатлар, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркманистон ва Қирғизистонга экспорти сўнгги тўрт йилда сезиларли ўсишни кўрсатди, деб хабар бермоқда "Казинформ" агентлиги мухбири.

Туркия Статистика Институти (ТÜİК) маълумотларига кўра, Туркия билан Туркий Давлатлар Ташкилотига (ТДТ) аъзо ушбу давлатлар ўртасидаги савдо ҳажми 2024 йилда 2 баробарга ошиб, рекорд даражадаги 11,1 миллиард доллардан зиёдроқни ташкил этди.

2020 йилда Туркиянинг ушбу мамлакатларга экспорти 5,4 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 7,2 миллиард долларга, 2022 йилда 8 миллиард долларга, 2023 йилда эса 9,9 миллиард долларга етди.

2024 йилда Туркия экспортининг энг катта ҳажми Қозоғистонга тўғри келди – 3,3 миллиард доллар. Кейинги ўринларни Озарбайжон (3,1 миллиард доллар) ва Ўзбекистон (2,2 миллиард доллар) эгаллади. 1,4 ва 1,1 миллиард долларлик ҳажмга эга Қирғизистон ва Туркманистон ҳам турк маҳсулотларини харид қилишни фаол равишда оширмоқда.

Туркия Туркий республикаларга экспорт қилган асосий маҳсулотлар қозонлар, машиналар, механик қурилмалар ва ядро реакторлари бўлиб, умумий экспорт ҳажмининг 2,6 миллиард долларини ташкил этди. Иккинчи ўринни етказиб бериш ҳажми 1,1 миллиард доллар бўлган электр техника ва жиҳозлар эгаллади.

Бундан ташқари, Туркиядан 530,1 миллион долларлик қимматбаҳо металлар ва заргарлик буюмлари, шунингдек, 529,8 миллион долларлик автомобиль ва бутловчи буюмлар экспорт қилинган.

Қайд этилишича, бундай ўсиш туркий давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради, бу эса ўзаро савдони кенгайтириш ва ТДТ доирасида минтақавий иқтисодий интеграцияни мустаҳкамлайди.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.