18.01.2025 13:39

Туркияда қўлбола алкоголдан заҳарланиб, ўлган ўзбекистонликлар 17 нафарга етди

2025 йил 17 январь куни Туркия ҳудудида қалбаки спиртли ичимлик истеъмол қилиш оқибатида яна 3 нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этди. Истанбулдаги Ўзбекистон Бош консулхонасининг маълум қилишича, уларнинг жасадларини Ўзбекистонга юбориш учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Истанбулдаги шифохоналарнинг жонлантириш бўлимида яна 5 нафар ўзбекистонлик қалбаки спиртли ичимликдан заҳарланишдан даволанмоқда.

Эътиборлиси, баъзи ватандошларимиз заҳарланган бўлса-да, уй шароитида даволанишга ҳаракат қилиб, шифохонага бормаган.

“Уларга мурожаат қилинганда, шифохонага бориш моддий жиҳатдан қимматга тушиши мумкинлигини айтишди. Бироқ кейинчалик бундай қарорлар буйрак фаолиятининг ишдан чиқиши, кўриш қобилиятининг ёмонлашиши ва нафас олишда муаммолар юзага келишига олиб келмоқда,” дейилади хабарда.

Консулликка кўра, заҳарланиш аломатлари сезилганда 112 қисқа рақами орқали тез ёрдам чақиртирилиши ҳамда шифохонанинг “қизил ҳудуди” (“kırmızı alan”) орқали қабул қилиниши лозим. Туркияда бу хизмат бепул кўрсатилади.

© 2024 Azon Global. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.